Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:26

Ҳибсдаги актёр Матёқуб Матчонов ишига оид янги тафсилотлар маълум бўлди


Матёқуб Матчонов Ўзбекистонда энг таниқли актёрлардан бири ҳисобланади.
Матёқуб Матчонов Ўзбекистонда энг таниқли актёрлардан бири ҳисобланади.

Таниқли актёр Матёқуб Матчоновнинг тўсатдан ҳибсга олингани бир ойдан буён Ўзбекистондаги санъат ва бизнес аҳлининг тор доираларда пичирлаб тилга оладиган муҳокама мавзусига айланди.

Рамазон байрамидан бир кун олдин (4 июл, 2016 йил) хавфсизлик ходимлари томонидан олиб кетилган 60 ёшли актёр бугун халқ қўрқиб тилга оладиган МХХнинг Тошкентдаги “Гвардейский” тергов изоляторида қолаётир.

Аброр Ҳидоятов номидаги ўзбек давлат драма театри актёри Матёқуб Матчоновнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берган ягона ахборот воситаси Озодлик радиоси бўлиб қолаётир.

Мавзуга ойдинлик киритиш учун Озодлик ўз суриштируви доирасида Матчоновни шахсан таниган, унинг бизнес фаолиятини яқиндан билган ҳамда тергов жараёнидан воқиф бўлган турли, бир-биридан мустақил манбалар билан суҳбатлашиб, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан актёр ва тадбиркор устидан қўзғатилган жиноят ишининг баъзи янги қирраларини аниқлашга муваффақ бўлди.

Генераллар адовати

Бир-биридан мустақил икки манбанинг иддао қилишича, “Матёқуб Матчоновнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон хавфсизлик тизимларидаги юқори мартабали икки генерал ўртасидаги шахсий адоват билан боғлиқ”.

Озодлик ўз манбалари айтаётган икки генерал бу адоватнинг манбаи оилавий-маиший, шахсий характерга эгалиги туфайли унинг тафсилотларига тўхталишни номаъқул, деб топди.

Бироқ айни шу адоват “Матёқуб Матчонов ва яна бир қатор одамлар бошига етгани” айтилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Матёқуб Матчоновга нисбатан иқтисодий ва молиявий жиноятларни содир этиш айблови илгари сурилмоқда.

Озодликка “Матчонов иши”га алоқадорликда гумон қилиниб яна икки шахс ҳибсга олингани маълум бўлди.

Улардан бири - Матёқуб Матчонов билан бирга тижорий ширкат очган Ҳ. исмли (Озодликка исм маълум) шериги ва иккинчиси - Ҳ.нинг ўғлидир.

Манбалар иддаосича, Матчоновнинг муаммолари шериги Ҳ.нинг ўғли МХХ мулозимининг ғазабига учраганидан бошланган.

Матчоновни яхши таниган бир-биридан мустақил манбаларга кўра, у шериги билан ҳамкорликда очган ширкатга қарашли енгил автомобиль ичидан гўё 3 килограм миқдорида ўткир гиёҳванд модда – героин топилган ва автомобилни бошқарган Ҳ.нинг ўғли ва сўнгра Ҳ.нинг ўзи ҳибсга олинган.

Озодлик манбаси героин иши “МХХ томонидан уюштирилганлигини” иддао қилди.

Актёрни яқиндан таниган шахс Озодлик билан суҳбатда мазкур ҳодиса ортидан Матчонов ва унинг шериги Ҳ. асос солган тижорий ширкат устидан 2 ой давомида кенг кўламли текширувлар ўтказилгани ва алалоқибат Матчонов ҳам қамоққа олинганини айтди.

Тергов давомида, мазкур манба иддаосича, Матчоновга оғир “молиявий-иқтисодий қонунбузарликлар”ни содир этиш айблови қўйилган.

Айни манба, шунингдек, Матчоновнинг “ноқонуний даромадларни ўзлаштириш ва легаллаштиришда гумон қилинаётганини” билдирди.

Унинг ишонишича, Матчонов иши “сиёсий характерга эга эмас”.

МХХ истаса, бу айбловларни мамлакатда импорт-экспортга алоқадор йирик бизнес билан шуғулланувчи исталган тадбиркорга қўйиши мумкин,” деди манба.

Генераллар назорати

Унга кўра, тергов жараёнида яқин ва узоқ хориждан турли маҳсулотлар келтириб, улгуржи савдо билан шуғулланган мазкур ширкат билан ҳамкорлик қилган Ўзбекистоннинг турли минтақалардаги бошқа ширкатлар устидан ҳам тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Прокуратура тизимига яқин Озодлик манбаси мазкур манба иддаоларини тасдиқлади ва бу иш “МХХ генераллари назоратида бўлгани туфайли, актёрнинг нуфузли яқинлари ҳам таъсир кўрсата олмаётганини” айтди.

Озодлик илгари сурилган ушбу иддаолар юзасидан қўшимча маълумотларни излашда давом этаётир.

Матёқуб Матчоновни яқиндан таниган Озодлик манбасига кўра, актёрнинг адвокатларига айблов хулосаси берилган ва у маҳкама жараёнини кутмоқда.

Озодлик суҳбатлашган аксар манбалар яна бир нуқтада ҳамфикр: ўттиз йилдан кўпроқ ижодий фаолияти давомида қирққа яқин фильмларда турли ролларни ижро этган Матёқуб Матчонов ўзининг 61 ёшини собиқ “Гвардейский” кўчасидаги ертўлада кутиб оладиган кўринади.

XS
SM
MD
LG