Линклар

Ўзбек фоҳишалари дастидан депортация лагерига тушган муҳожир Мирзиёевга мурожаат қилмоқчи


Оренбург вилоятининг Оқбайтал депортация марказида қолаётган ўзбекистонлик йигит марказга ўзбек фоҳишалари дастидан келтирилганини иддао қилди.

У Россиянинг 80 га яқин Хорижликларни сақлаш марказлари (СУВСИГ)да депортация қилинишини кутаётган минглаб ўзбекистонликдан биридир.

Бу мавзуни мунтазам ўрганиб келаётган Озодликка депортация марказига миграция қонунларини бузганлар қатори, ноҳақ тушганлар ҳам кам эмаслиги маълум.

Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик қурувчи Авазбек (исми ўзгартирилган) Оренбург депортация марказига фоҳишалик қилиб юрган ўзбек қизлари дастидан келтирилганини даъво қилди. Айтишича, унинг айби Оренбургда фоҳишалик билан шуғулланиб юрган ўзбекистонлик қизларни бу йўлдан қайтишга даъват қилганидир.

Ўзбек фоҳишалари тўғрисида тасодифан эшитиб қолганини писанда қиларкан, Авазбек бундай деди:

- Бир куни дўстим билан Оренбург марказига яқин бозорга сомса егани чиқдик. Даврамизда ҳар хил миллат вакиллари бор эди. Йигитлардан бири “сиз ўзбеклар нима қилиб юрибсизлар, Оренбург фоҳишахонасида ўзбек қизлари кўпайиб қолибди-ку", деб кула бошлади. Биз иккимиз бу гапни айтган йигит билан урушиб кетдик. У “ишонмасанглар бориб ўз кўзинглар билан кўринглар” деб, фоҳишахона адресини ҳам айтди. Мен гапнинг рост ё ёлғонлигини билиш учун атайин бордим ўша ерга. Борсам ҳақиқатан ҳам фоҳишахонадаги ҳамма қизлар ўзбек экан. Фоҳишахонани ташкил қилган аёл ҳам ўзбекистонлик, деди Авазбек.

Авазбекнинг айтишича, у яхши гап билан фоҳишалик гуноҳ иш эканлиги, мусулмончиликка бу иш тўғри келмаслиги ва Ўзбекистонда фоҳишалик учун жиноий жазога тортилишлари мумкинлигидан қизларни огоҳлантирган.

Орадан 2 кун ўтгач, полиция ходимлари Авазбекни уйидан олиб полиция бўлимига келтиришади. Ҳамма ҳужжатлари (регистрация қайди, ишлаш рухсатномаси (патент)) борлигига қарамасдан, Авазхон полиция бўлимда 1 ҳафта ушлаб турилади. Энг қизиғи, муҳожирнинг паспорти дохил барча ҳужжатлари полиция бўлимидан ғойиб бўлади.

- Фоҳишахонадаги қизлар менинг устимдан полицияга шикоят қилишган экан. Мен полициячиларга фоҳиша-қизлар менга туҳмат қилишганини, мен уларга қўл тегизмаганимни, уларни шунчаки тўғриликча чиқиб кетишларини сўраганимни айтдим. Ишонишмади. “Сиз нима фоҳишахонани ёпмайсизлар, фоҳишаларни ҳимоя қилаяпсизлар” деганимда, мени паспорт ва бошқа ҳужжатларимни йўқ қилишди, қайтариб беришмади. Судга олиб боришганда мен паспортимни полиция ходимлари олиб, қайтариб беришмаганини айтдим, бироқ ҳакамлар ҳам, гапимга аҳамият беришмади. Мана 5 ой бўлди, уйга ҳам юбормайди, Оренбургнинг Алабайтал депортация марказида ўтирибман, деди Авазбек.

Муҳожир йигитнинг айтишича депортация марказида фақат ўзбекистонликлар узоқ муҳлатга қолиб кетишади.

Авазбек Россия депортация марказларидаги барча ўзбекларни муваққат президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилишга чақирди.

- Мисол учун Тожикистон фуқароларидан тожик элчихонаси ва диаспора вакиллари келиб хабар олиб туришади. Тожикистон консуллиги Оренбургда йўқ, уларга Уфа шаҳридан келиб ҳужжатларини тўғрилаб тез-тез уйларига юбораяпти. Украина, ҳатто Африканнинг қайси бир чўлидан келган инсонлар ҳам ватанига қисқа муҳлатда кетаяпти. Депортация марказларида фақат ўзбеклар узоқ ўтиришади. Мен ўтирган марказда аксарияти ўзбеклар, улар 50 нафардан ортиқ. Илтимос Сизлардан - элчихонамиз вакилларини қимирлатайлик. Керак бўлса, шу ердаги барча ўзбекистонликлар муваққат президент Шавкат Мирзиёевга очиқ хат ёзамиз. Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси ва консуллиги фаолиятидан ўзбеклар бутунлай норози. Чунки элчихона ходимлари ўзбеклар муаммосига бефарқ эканлигини бутун Россияда юрган ўзбек мардикорлари тасдиқ этади деб ўйлайман,- деди Авазбек.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG