Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:33

Россия суди рус аёлга уйланган ўзбек йигити никоҳини бекор қилди


Россия назорат органларига кўра, ўзбекистонлик йигит маҳаллий аёлга оила қуриш эмас, Россия паспортига эга бўлиш мақсадида уйланган - сохта никоҳга кирган.

Ўзбекистонлик 27 яшар йигит ва волгоградлик 39 яшар аёл 2015 йилнинг январида эр-хотин сифатида давлат қайдидан ўтган. Шаҳар прокуратураси расмийсининг Озодликка айтишича, муҳожир йигит ва рус аёли бирга яшамаган, уларда оила қуриш нияти бўлмаган. (Прокуратура экс эр-хотиннинг исмларини очиқламади)

Волгоград вилоят прокурорининг матбуот котиби Оксана Черединина Озодлик билан суҳбатда ўзбек йигити ва рус аёли орасидаги никоҳ пул эвазига тузилгани ва сохта эканлиги суд жараёнида тўла исботланганини билдирди. Чередининанинг айтишича, Волгоград прокуратураси никоҳни бекор этиш даъвоси билан Волгоград шаҳри, Трактор заводи туман судига мурожаат қилган.

- Волгоград шаҳар Трактор заводи туман судида Ўзбекистон ватандоши иштирок этмади. Волоградлик аёл судда иштирок этди. У ўз хизмати учун, яъни ЗАГС қайдидан ўтишга рози бўлгани эвазига 5 минг рубл олганини тан олди. Бундан ташқари Ўзбекистон ватандоши Вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП ёки Разрешение на временное проживание - таҳр.) олиш учун кўрсатган адресда, ҳеч қачон эр-хотин бирга яшамагани аниқланди, деди Оксана Черединина.

Вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) чет элликка Россияда ишлаш рухсатномасисиз ва ойлик патент тўловларисиз ишлаш ҳуқуқини беради. Россия ватандоши билан никоҳда бўлган хорижий шахс Вақтинчалик яшаш рухсатномасини олиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Сохта никоҳ учун пул олган шахс жиноий жавобгарликка тортилмайди. Лекин унинг Россияда Вақтинчалик яшаш рухсатномаси бекор этилади.

Волгоград прокуратураси расмийлари маҳаллий аҳоли ва чет элликлар орасида қалбаки никоҳларни аниқлаш амалиётлари Россия прокуратураси ва Федерал миграция бўлими ходимлари билан биргаликда мунтазам равишда олиб борилишини очиқлади.

Исми сир сақланиш шарти билан Озодликка гапирган марказий осиёлик ҳайдовчининг айтишича, Россия прокуратураси ходимлари амалиётлари муҳожирларнинг рус аёллари билан сохта никоҳ тузиш интилишини тўхтата олмайди.

- Россияда қолиб ишлаш мақсадида рус аёлларига уйланиш йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Мен билган бундай ўзбек ва тожиклар жуда кўп. Ҳозир инқироз бўлганига қарамасдан сохта никоҳ нархи 5 минг доллардан бошланади. Бу иш ЗАГС, паспорт столи, миграция бўлими ходимлари ёрдамида қилинади. Бу жуда катта бизнес, деди марказий осиёлик ҳайдовчи.

Петербургда қурувчилик билан шуғулланаётган Бекназарнинг айтишича, Россия ватандошлигини олиш мигрантлар ҳаётини яхши томонга кескин ўзгартирмайди.

- Чунки россияликларнинг ўзлари бекор юришибди. Яхши пул тўланиладиган иш жуда кам. Иш берувчи ширкатлар ҳозирда Россия ватандошидан кўра мигрантни ишга қабул қилишга ҳаракат қилади. Чунки аксар мигрантлар кам иш ҳақи ва оғир шароитга ишлашга рози бўлишади. Ҳозирда Россия паспортини олган кўпчилик хорижийлар иш қидириб юришганини биламан, деди Бекназар.

Россия миграция идораси маълумоти бўйича, Вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) олиш учун мурожаат қилган хорижийларнинг қарийб 80 фоизи россиялик билан никоҳга кирган.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, вақтинчалик яшаш рухсатномасини (РВП) олиш учун мурожаат қилганларнинг тақрибан 15 фоизи сохта никоҳга кирган бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG