Линклар

logo-print

Наманганлик ота Москвада 6 йил муқаддам йўқолган 5 фарзандини қидирмоқда


Абдували Мамадалиев Химки чиқинди полигонида.

Абдували Мамадалиев Химки чиқинди полигонида.

Наманганлик 59 ёшли Абдували Мамадалиев 6 йилдан буён Москва вилоятида бедарак йўқолган 5 фарзандини изламоқда. Россияга 2009 йилнинг декабрида ишга келган 18 дан 31 ёшгача бўлган опа-укалар, охирги марта Москва шимолидаги Химки чиқинди полигонида изсиз йўқолган.

Абдували Мамадалиевнинг беш фарзанди - тўнғич қизи ва 4 ўғли 2009 йилнинг декабрида автобусда Намангандан Москвага ишга келган.

Мамадалиевнинг фарзандлари билан автобусда танишган косонсойлик Аҳмад исмли йигит бешовлонни Москва шимолидаги Химки шаҳри чиқиндихонасига ишга олиб келган.

Химки полигонида ўзбекистонлик муҳожирлар металл, пластик каби чиқиндиларни навларига ажратиб, йиғиш билан шуғулланганлар.

​Абдували аканинг айтишича, унинг фарзандлари билан алоқаси улар Химки чиқиндихонасига ишга жойлашганидан икки ҳафта ўтиб йўқолган.

- Болаларим бошқа телефон алоқасига чиқмагандан сўнг, 2010 йил 27 апрелида Москва томон йўл олдим, уларни излашни бошладим. Барча идораларга - Москвадаги Ўзбекистон элчихонасидан тортиб, то Россия бош прокуратурасигача мурожаат қилдим. Химки чиқиндихонаси ичкарисига полиция ходимлари билан бир неча маротиба киришга муваффақ бўлдим. Болаларим топилмади, деди Абдували ака.

У 2012 йилнинг майида узунлиги бир неча юз метрга, баландлиги эса қарийб 60 метрга етган чиқиндихона тепасида ишлаб турган уч ўғлини ўз кўзи билан кўрганини айтади.

- Чиқиндихона баланд тоғ бўлиб кетган эди. Ичкари киришга рухсат беришмасди. Ойлаб шу чиқиндихонага қатнардим. Баъзида полигонга яқин ўрмонзорда ҳам, қабристонда ҳам тунашга тўғри келди. 2011 йилнинг май ойида болаларимнинг 3 нафарини чиқиндихона тепасида пластмасса бўлакларини тераётганини кўриб қолдим. Мен паста эдим. Уларни баланд овоз билан чақирдим, ёнида трактор ишлаб турган эди. Овозимни эшитишмади. Ўшанда олиб чиқолмадик. Бу ердан полициячилар етиб боргунга қадар, болаларимни олиб кетишган. Ўшандан бери болаларимдан бирор дарак топилмади,- деди Абдували ака.

Абдували аканинг сўзларига кўра, болалари бошқа муҳожирлар қатори чиқинди мафияси тузоғига илинган ва улар қулликда ушлаб турилган бўлиши мумкин.

- Уларни мафиячилар уришиб, мажбуран ишлатиб юрган бўлишлари мумкин. Ҳеч қаерга чиққани қўймайди, мен бунга ишонаман. Мўмин, яхши болалар эди. Меҳнатсевар, қўлидан иш келган яхши болалар эди. Икки ўғлим уйланган ва қизим турмушга чиққан эди, деди Абдували ака.

Россияда 3,5 йиллик изланишларидан сўнг, 2014 йили миграция ходимлари Абдували акани Ўзбекистонга депортация қилади.

Россияга қайтиб киришга тақиқ муҳлати тугагач, ота шу йилнинг сентябрида фарзандларини топиш умидида, яна Москвага келди.

У ўз изланишларини қайтадан бошлашга аҳд қилганини айтади.

- 2012- 2013 йилларда Россия прокуратураси идорасигача бордим. Москвадаги Ўзбекистон элчилигига ёрдам сўраб 2 йил югурдим. Менинг дардимга юзаки қарашди, ёрдам беришмади. Россияда турли одамларини учратдим, масхара қилганлар ҳам, муаммомни тушуниб ёрдам берганлар ҳам бўлди. Мен болаларимни тириклигига ишонаман,- деди Абдували Мамадалиев.

Озодлик бедарак йўқолган Мамадалиевлар борасида Химки ички ишлар бошқармасига мурожаат қилди.

Ички ишлар мулозими йўқолганларга оид маълумот фақат уларнинг яқин қариндошлари ёзма мурожаатига биноан берилишини билдирди.

Озодликнинг худди шу мавзу бўйича Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси билан боғланишга уриниши натижа бермади.

Москвадаги муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя этувчи “Тожикистон” жамғармаси раҳбари Гавҳар Жўраеванинг айтишича, Россияда марказий осиёлик муҳожирларнинг бедарак йўқолиш ҳоллари кенг тарқалган.

- Минг афсуски, одамларнинг бедарак йўқолиш ҳоллари Россияда одатий ҳолга айланган. Бизнинг ташкилотга бедарак йўқолганлар яқинлари кўп мурожаат қилишади. Муҳожирларни Россиянинг турли минтақалари, жумладан Шимолий Кавказга алдаб қулликка олиб кетиш ҳоллари ҳам учраб туради. Кавказда қулликка тушган инсонларни йиллар давомида ушлаб туриш ҳоллари ҳақида бизда маълумотлар мавжуд. Қандай бўлмасин, биз Абдували Мамадалиевга ёрдам беришга тайёрмиз, - дейди Гавҳар Жўраева.

2012 йил Москванинг Қозон вокзалидан Доғистонга чўпонликка олиб кетилган Самарқандлик йигит, икки йил қулликда сақланганидан сўнг, Махачқала касалхонасида жон бергани ҳақидаги хабар маҳаллий матбуотда шов-шувларга сабаб бўлганди.

Абдували Мамадалиев Озодликка ўз фарзандларининг фотосуратларини бериб, уларни учратган ёки улар ҳақида бирор маълумотга эга бўлганлар Озодлик Радиоси орқали хабар беришларини сўради.

Абдували Мамадалиевнинг фарзандлари рўйхати:

1. Мамадалиева Умида – 1980 йилда туғилган;

2. Мамадалиев Муҳаммад – 1981 йилда туғилган;

3. Мамадалиев Мақсудхон – 1985 йилда туғилган;

4. Мамадалиев Мусаллам – 1989 йилда туғилган;

5. Мамадалиев Муҳаммадали – 1993 йилда туғилган

Наманганлик опа-укалар “ахлат мафияси” қўлига тушган бўлиши мумкинлиги тўғрисида Озодлик бундан 5 йил муқаддам ёзган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG