Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:48

Ленинград вилоятида муҳожирни калтаклаган полициячилар жиноий жавобгарликка тортилди


Россиянинг Ленинград вилоятида рейд пайтида полиция ходимлари қаттиқ калтаклаган меҳнат муҳожири оғир аҳволда касалхонага ётқизилди. Россия Тергов қўмитаси Ленинград вилояти бошқармаси баëнотига кўра¸ полиция ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Россия Тергов қўмитаси Ленинград вилояти бошқармаси тарқатган хабарида¸ “7 декабрь куни Ленинград вилоятининг Бугри қишлоғи касалхонасига бош ва танасига кўпдан-кўп жароҳат етказилган эркак киши келтирилди. Ушбу шахсга етказилган тан жароҳатларининг полиция ходимлари томонидан амалга оширилгани аниқланди”, дейилади.

Ушбу ҳодисага алоқадор полиция ходимларига Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 286-моддаси 3-қисми (зўравонлик ишлатган ҳолда мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Терговчилар калтакланган шахснинг исми шарифи, қайси мамлакат ватандоши эканлиги очиқламаётир.

Россия Тергов қўмитаси Ленинград вилояти бўйича расмийсининг Регнум агентлигига билдиришича¸ Россия Ички ишлар вазирлиги иммиграция назоратининг 4 нафар ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Аниқланишича, полициячилар рейд пайтида тутилган меҳнат муҳожирини қурилиш объектида қаттиқ қалтаклаган. Оғир тан жароҳати билан шифохонага олиб келинган меҳнат муҳожири ҳозирда полиция қўриқчилари назорати остига олингани айтилади.

Кузатувчилар Россияда полиция ходимлари томонидан меҳнат муҳожирларини калтаклаш, уларга оғир тан жароҳати етказиш ҳоллари кам эмаслигини айтиб келишади.

Москвадаги муҳожирлар ҳаққини ҳимоя қилувчи нодавлат “Тонг Жаҳони” ташкилоти раҳбари Валентина Чупик фикрича, Россияда полиция ходимларининг муҳожирларга нисбатан қонунбузарликлари ҳар қадамда учраса-да, бироқ улар камдан-кам жавобгарликка тортилади:

- Биз қонунни бузган полиция ходимларига нисбатан жазо қўллаш ҳоллари кўпайгандагина полиция бедодлигига бўлган муносабат ўзгараяпти, деб айтишимиз мумкин. Ҳозирги пайтда Россияда қонунни бузган полиция ходимларини жавобгарликка тортиш ҳоллари жуда кам учрайди. Россияда полиция ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатиш қийин иш. Бошқа тарафдан, кўп ҳолларда полиция зўравонлигига йўлиққан муҳожир депортация қилинишидан қўрқиб, шикоят қилишдан ўзини тияди, деди Валентина Чупик.

Озодлик суҳбатлашган сурхондарёлик Сафар, Ленинград вилоятида қурувчи жиянини полиция ходимлари рейди пайтида ушлаб, қаттиқ дўппослагани ва кейин полиция бўлимида яна бир кун ушлаб турганини айтиб берди:

- Полиция ходимлари маст ҳолатда бўлган. Жияним Абдуллони иш жойидан далага олиб бориб қаттиқ уришади, қўрқитишади. Унинг ҳамма ҳужжатлари жойида, қонуний ишлаб юрган эди. Текширув пайтида жиянимнинг банк картасини кўриб қолишади, телефон ва банк картасини тортиб олишади. Мен жияним уйга келмагандан кейин, эртасига уни полиция бўлимидан уйга келтирдим. Жиянимни олиб, дарҳол судэкспертиза марказига олиб бориб, баданидаги калтакдан қорайган жароҳат изларини олдим. Экспертиза ҳужжатларини олганимдан кейин, судга мурожаат қилмоқчи эдим. Бироқ полиция бўлими раҳбари мени олдига чақириб олди, жияним банк картаси ва телефонини қайтариб берди. Шикоят қилмаслигимни сўради. Акс ҳолда жияним ҳам, ўзим ҳам барибир депорт бўлишим мумкинлигини очиқ айтди. Мен бола-чақамни ўйлаб, полиция ходимларини судга бериш қароридан қайтдим, дейди Сафар.

Сурхондарёлик Сафар билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:18 0:00
Бевосита линк

Сурхондарёлик муҳожирнинг айтишича полиция ходимлари зўравонлигига йўлиқаётганлар орасида аёл муҳожирлар ҳам бор:

- Бундан икки ой олдин Ленинград вилоятининг Кудрово қишлоғида ўзбекистонлик икки аёлни полиция ходимлари ушлаб, полиция бўлимига келтиришган. Аёлларни калтаклашган, ҳатто зўрлаймиз деб қўрқитишган. Аёллар қурққанларидан пулларини бериб қутилишган.Ўзбекистонлик аёлларнинг ҳужжатлари жойида бўлган, фақат улар ўзлари қайддан ўтган жойда эмас, бошқа ҳудудда ишлашган. Улар менга бўлган воқеани айтиб беришди, қўллари кўкарган жойларини кўриш мумкин. Улар ҳам депортдан қўрқиб шикоят қилишмади, дейди Сафар.

Ўз навбатда, Озодликнинг Сафар тилга олган ҳодисалар бўйича Ленинград вилояти полиция бўлимидан муносабат олиш уриниши натижасиз якунланди.

Полиция ходими жабр кўрган муҳожирларнинг ўзлари расмий ариза билан мурожаат қилишларини маслаҳат берди.

XS
SM
MD
LG