Линклар

logo-print

Наманган вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ҳибсга олинган. Наманган вилояти ҳуқуқ-тартибот идорасидаги Озодлик манбасига кўра, бошқарма бошлиғи пора олиш, хизмат мансабини суиистеъмол қилиш каби жиноятларда гумонланмоқда.

Наманган вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи (Озодлик радиосида унинг исм-фамилияси мавжуд¸ аммо айбсизлик презумпцияси боис ошкор қилинмайди - таҳр.)ноябрь ойининг бошида ҳибсга олинган.

Бу ҳақда хабар берган Озодликнинг вилоят ҳокимлигидаги манбасига кўра, собиқ бошлиқни миллий хавфсизлик хизмати ходимлари олиб кетган:

“Уни МХХчилар олиб кетишди. Ҳозир “ичкарида” экан. Айтишларича, унинг устидан роса кўп ариза тушган экан, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига ҳам порахўр деб ёзишган экан”, деди манба.

Наманган вилояти ички ишлар бошқармасида ишлайдиган Озодлик манбаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғининг коррупция ва молиявий жиноятларда гумонланаётганини айтди:

“Мени билишимча, унга нисбатан пора олиш, жумладан, қоидабузарлардан олинган жарима пулларини талон-тарож қилганлик, мансабини суиистеъмол қилиш каби жиноятлар бўйича жиноят иши очилган. Айни пайтда тергов давом этяпти. Унинг жиноий ишига боғлиқ бошқа ходимлар ҳам терговга чақиртирилиб, сўроқ беряпти”, деди ички ишлар бошқармаси мулозими.

Наманган шаҳрида истиқомат қиладиган пенсионер Олимжон Йўлдошевнинг айтишича, сўнгги пайтда йўл ҳаракатини назорат қилувчи милиция ходимлари устидан аҳолида норозилик кучайган эди:

“Наманган милициясида коррупция жуда кучайган. Инспекторларнинг дуч келган мошинани тўхтатиб, бир нарсани баҳона қилиб ҳайдовчилардан пул ундириши одатий ҳол бўлиб қолган эди. Ўша порага олган пулни ҳаммасини инспектор ўзларига олиб қолади, деб ўйлайсизми? Албатта йўқ. Улар командирига, командири эса тепага узатади. Мана бизнинг Оромгоҳ деган жойда мелисалар баланд-баланд қаср уйлар солиб ётишибди. Ахир ойликка яшаган одам бундай уйларни бир умрда ҳам қура олмайдику. Бунинг ҳаммасининг ортида коррупция ва порахўрлик турибди”, деди Олимжон Йўлдошев.

Жорий йилнинг 27 октябрь куни Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғини МХХ ҳибсга олган эди.

Озодликнинг Андижон ИИБ сидаги манбаларининг айтишича, “Андижон Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидаги уюшган жиноий гуруҳ чиройли номерларни 1000 долларгача нарҳда сотиш билан” шуғулланишган.

Бундан аввал Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг текширувчилари Андижон вилояти ЙҲХБдан аввал 9 кишини, кейин яна 13 нафар раҳбар ва инспекторларни ҳибсга олган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG