Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:11

“Тоза ҳаво” тадбиридан киракашлар зарар кўрмоқда


Ўзбек милицияси автомобилни текширмоқда,
Ўзбек милицияси автомобилни текширмоқда,

Хусусий киракашлар ва маршрутли такси ҳайдовчилари Ўзбекистонда 10 августдан бери давом этаëтган “Тоза ҳаво” рейди боис ишлари фалаж бўлганидан нолишмоқда. Тошкент ва Самарқанддаги ҳайдовчиларнинг Озодликка айтишича¸ милиционерлар "ҳавони ифлос қилдинг" деган баҳона билан пул ундиришмоқда.

Самарқандлик 38 яшар такси ҳайдовчиси иддаосига кўра, милиция ходимлари ундан пора талаб қилишган лекин айни пайтда маълум миқдордаги пул эвазига бузуқ глушители бўлган машиналарга тегишмаяпти:

"Машинам янги бўлгани учун мен милиция ходимлари билан тортишдим. Улар очиқчасига икки вариант таклиф қилишди. Ҳавони бузганинг учун жарима тўлайсан ëки шу жаримани ярмини бизга берсанг тўрт томонинг қибла дейишмоқда. Ҳатто глушителдан чиққан газни текшириб кўришмади ҳам. Мақсад ҳайдовчини шилиш. Исмини айтмайману, аммо эски машина билан киракашлик қиладиган ҳамкасбларим милиция билан келишиб эски глушитель билан бемалол юришибди"¸ дея иддао қилди суҳбатдош.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасидаги Озодлик манбасига кўра¸ бу текширувлар автотранспорт воситаларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган “Тоза ҳаво” тадбири доирасида қонуний тарзда ўтказилмоқда:

"Текширувлар қонуний. Кимдир агар таъмагирлик қилган бўлса у билан ички хавфсизлик ходимлари шуғулланади. Умуман бу тадбир режа асосида бўлади. Тадбирнинг биринчи босқичи 10 апрелдан 10 майгача бўлган эди. 10 августдан эса иккинчи босқич бошланди. Лекин бу дегани автоинспекторлар бугундан бошлаб машиналарни ëппасига текширади дегани эмас. Мана қўлимда режа турибди. Шу режа асосида Тошкент шаҳридаги автомобиллар 10 сентябрдан 10 октябргача бўлган муддатдагина текширувдан ўтказилиши мумкин. Агар қайсидир ходимимиз бундан олдин текширишни бошлаган бўлса, ҳайдовчилар ишонч телефони орқали бизга шикоят қилиши мумкин"¸ дейди манба.

Манбанинг яна айтишича, “Тоза ҳаво” тадбири Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси¸ Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази билан ҳамкорликда бошланган.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Самарқанд вилояти бошқармасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ вилоятдаги ўнлаб маршрутли таксилар ва такси ширкатларига оид машиналар текширилганда улардан чиқадиган газнинг заҳарлилик нормаси юксак экани аниқланган:

"Самарқанд Ўзбекистондаги энг мусаффо ҳаволи шаҳарлардан бири. Биз ўтказган текширув асносида ўнта автомобилдан 9 тасининг глушителидан чиқарган газида заҳар миқдори нормадан икки баробар кўп экан. Бундай машиналарнинг шаҳарда юришига изн беришга ҳаққимиз йўқ. Биз бу борада вилоятдаги автотранспорт корхоналарига предписание ëзиб бердик. Марҳамат камчиликни тугатиб ишга чиқишлари мумкин"¸ дейди манба.

Манбанинг айтишича, текширув автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва ва техник хизмат кўрсатиш станцияларида ҳам олиб борилмоқда.

Самарқандлик яна бир такси ҳайдовчи Озодлик билан суҳбатда "текширувчиларнинг приборлари ишончсиз" деган иддаони илгари сурди:

"Нуқул кўп қилиб кўрсатаяпти. Машинам соляк (янги демоқчи). Мен текширув жараëнини видеога олмоқчи бўлсам, телефонингизни бардачокка солиб қўйинг, деб буюришди. Агар улар адолатли текширмоқчи бўлса нега қўрқишади. Яна бир савол, агар янги машинанинг глушители заҳарни тутиб қола олмайдиган бўлса бу заводнигш айби эмасми. Бунақада кўчада битта ҳам такси қолмайдику"¸ дейди ҳайдовчи.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Самарқанд вилояти бошқармасидаги Озодлик манбаси бу иддаони ункор қилиб, таҳлил қилиш ускуналари давлат стандартларига мос келишини таъкидлади:

"Автотранспорт чиқарадиган газларнинг заҳарлилик даражаси ва тутун ҳолати газни таҳлил қилиш ускуналари ёрдамида текширилади. Приборимиз давлат стандартизация идораси тарафидан текширилиб қайддан ўтган. Ҳисоблаш натижалари баённомага киритилади, кўрсаткичлар белгиланган талаблардан ошиб кетган бўлса, автотранспорт воситаси эгасига нисбатан маъмурий чоралар кўрилади. Видеога олмаслик ҳақида эса ички кўрсатма мавжуд. Яъни ҳайдовчи текширув жараëнини телефонига ëзиб олиши ëки видеорегистраторни ишлатиши мумкин эмас. Норози бўлса, ëзма шикоят қилсин"¸ дейди манба.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасидаги Озодлик манбасига кўра¸ жорий йилнинг май ойида ўтказилган “Тоза ҳаво” рейдининг биринчи босқичи давомида 120 мингга яқин машина эгаси жаримага тортилган.

XS
SM
MD
LG