Линклар

logo-print

Жорий йил 3 июнь куни Сирдарё вилояти Гулистон туман прокуратураси томонидан вилоятнинг Боёвут туман ички ишлар бўлими вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича нозири, катта лейтенант Л. С. ҳамда участка нозири ва милиция сафдори бўлган уларнинг жиноий шеригига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодекснинг 118-моддаси 3-қисми “в” банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан номусга тегиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши материалларига кўра, милиция ходимлари 2016 йилнинг 13 май куни Сирдарё вилояти Гулистон тумани “Юлдуз” қўрғонида жойлашган Касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси, вояга етмаган Д. А.нинг номусига тегиб, жиноят мажмуасининг ўта оғир жиноятларидан бирини содир этишган. Жинсий тажовузда айбланган милиция ходимлари эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Озодликнинг Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармасидаги манбаларидан бирига кўра, вояга етмаган шахс номусига теккан милиция ходимларининг икки нафари милиция зобитлари бўлиб, уларнинг учинчиси оддий сафдордир.

Прокуратура идораси томонидан жиноий ишга оид тергов ҳаракатлари бошлангач, зўравон милиция ходимлари Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармаси маъмурияти томонидан “Ички ишлар идораларида хизматни ўташга оид Муваққат Низом”нинг 69-моддаси билан ишдан четлатилган.

- Одатда, ўзбекчиликда номуси топталган қиз ёки жувон зўравон шахс билан кейинчалик турмуш ришталарини боғлайди, бу кўп марта кузатилган. Афсуски, бу ерда вазият ўзгача, яъни вояга етмаган шахсни гуруҳ бўлиб зўрлаш ҳолати кузатилган. Шу боисдан милиция ходимларини жавобгарликка тортишдан бошқа чора йўқ. Тегишли экспертизалар жиноят содир этилганини тўлиқ исботлаган. Гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам етарли. Бу жиноят учун албатта Боёвут милицияси, ҳатто Сирдарё вилоят милицияси раҳбарлари ҳам интизомий жавобгарликка тортилади, - дейди Озодлик манбаси.

Сирдарё вилояти Боёвут туман ички ишлар бўлимининг уч нафар ходимига нисбатан қўзғатилган жиноят иши ўз исботини топса, мамлакат жиноий қонунчилигига мувофиқ, улар етти йилдан ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистонда милиция ходимлари томонидан хотин-қизларни зўрлаш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган йил августида Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида истиқомат қилган милиция ходими томонидан зўрланган қиз ўз жонига қасд қилганди. Сирка ичган қизнинг ҳаёти касалхонада сақлаб қолинган.

Аёллар колониясида икки йилдан кўпроқ ўтирган қўқонлик Муҳайё Одилова 2011 йили Озодликка тергов чоғида ўзини зўрлаганларнинг жазоланиши учун курашаётганини айтганди.

2009 йили Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлими тергов ҳибсхонасида сурхондарёлик Райҳон Соатова милиционерлар томонидан зўрлангани ҳақида Озодликка унинг синглиси Хосият ҳикоя қилиб берганди.

XS
SM
MD
LG