Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2024, Тошкент вақти: 09:02

Яшил энергия ва "сариқ аждар". Мирзиёев Хитойга нима учун борди?


ХХР раиси Си Цзинпин ва Шавкат Мирзиёев. Пекин, 23 апрель, 2019.
ХХР раиси Си Цзинпин ва Шавкат Мирзиёев. Пекин, 23 апрель, 2019.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олий даражадаги давлат ташрифи билан Пекинга борди.

Сафар олдидан Хитой давлат оммавий ахборот воситаларида Мирзиёевнинг мақоласи нашр этилди.

Унда Ўзбекистон раҳбари Хитойнинг иқтисодий ривожланиш моделини юқори баҳолаган ва икки давлат ўртасидаги муносабатлар «янги тарихий даврга» кирганини, бу эса ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун жорий ташриф давомида «янги узоқ муддатга мўлжалланган кун тартибини ишлаб чиқиш»да замин яратишини қайд этган.

«Ҳар сафар Хитойга ташриф буюрганимда бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини, ўзининг кўп асрлик орзусини рўёбга чиқариш учун модернизация йўлидан дадил одимлаётган Хитой халқининг эришган ютуқлари, бунёдкорлик кучи, меҳнатсеварлиги ва истеъдоди мени чин дилдан ҳайратга солади», дейилади мақолада.

Хитой ва “камбағалликка қарши кураш“. “Катта оға” тажрибаси ва Ўзбекистон
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:58 0:00


Мазкур давлат ташрифи май ойида бўлиб ўтган «Хитой-Марказий Осиё» етакчиларининг биринчи юзма-юз саммитидан сўнг амалга оширилмоқда. Ўша саммитда Хитой минтақа билан иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш бўйича бир қанча шартномалар имзолаган. Мирзиёев жорий ташрифида ушбу битимлар ҳамда 2022 йилда имзоланган стратегик шериклик келишувига таянишга интилмоқда.

Ўзбекистон делегацияси Хитой билан яшил энергия лойиҳаларини ишлаб чиқишдан тортиб, илм-фан соҳасида ҳамкорлик ва мамлакатлар ўртасида туризмни ривожлантиришгача бўлган аввал имзоланган кўплаб келишувларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилади.

Атлантика Кенгашининг Глобал Хитой маркази ходими Нива Яу “Хитой инвестициялар ва лойиҳаларни амалга оширишни зиммасига олди ва ушбу олий даражадаги ташриф уларга қандай эришиш ва биргаликда ҳамкорлик қилиш учун янги йўналишларни излаш учун макон бўлади ", дея изоҳлади.

Ривожланаётган алоқалар

Ташриф Ўзбекистоннинг Хитой билан муносабатларида ички ва ташқи сиёсий муҳитни ўзгартирган бир қанча муҳим воқеалар фонида амалга оширилмоқда.

Россиянинг 2022 йилда Украинага бостириб кириши Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун ишончли сиёсий ва иқтисодий куч сифатидаги нуфузини оширди, чунки минтақанинг анъанавий доминант шериги бўлган Россия ўзи бошлаган урушнинг молиявий ва геосиёсий таъсирлари билан курашмоқда.

Пекин «Бир камар, бир йўл» ташаббусидан сўнг, янги секторларга сармоя киритиш ҳамда янада стратегик кредитор бўлишни хоҳлайди. Мамлакат иқтисодиёти ўсиши ҳозирда пасайишни бошдан кечирмоқда.

Хитой атроф-муҳит, илмий тадқиқотлар ва мониторингга катта миқдорда сармоя йўналтирар экан, Марказий Осиёга бир қанча муҳим соҳаларда инвестиция киритмоқда.

Хитой Фанлар академияси маълумотларига кўра, Хитой билан чегарадош Тожикистон 2021 йилда Сарез кўлида атроф-муҳитни ўрганиш ва «халқаро офатларни камайтириш ва олдини олиш» учун Хитой кузатув станциясини очган.

2023 йил июль ойида хитойлик тадқиқотчилар Ўзбекистон ва Афғонистон билан чегарадош нуқтаси яқинидаги Шаҳритусда иқлим ва атроф-муҳит мониторинги учун янги «супер» кузатув пунктини ташкил қилган.

Пекин ўтган йили Туркманистон билан космик соҳада ҳамкорлик келишувига эришиб, ўзининг космик дастури бўйича шерик давлатлар рўйхатини кенгайтирди.

Шанҳай саммити: Яккаланган Путин "якка қутбли" дунёга қарши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:05 0:00

Хитой молиялаштираётган Туркманистондан Хитойга газ қувури ва Хитойни Қирғизистон ва Ўзбекистон билан боғловчи темирйўл қурилиши ҳамон долзарб бўлса-да, бу лойиҳаларнинг келажаги ноаниқ.

Яунинг таъкидлашича, Пекин инвестиция ва саноатнинг янги соҳаларини Марказий Осиёга олиб киришга интилмоқда ва бу йўлда 36 миллиондан кўпроқ аҳолига эга Ўзбекистон жозибадор ҳамкор.

Қайта тикланувчи энергия ва Хитой электромобиллари учун янги бозорларни очиш яна бир манфаатли йўналиш.

Декабрь ойида Хитойнинг Хенан Суда компанияси Ўзбекистон Энергетика вазирлиги билан 2033 йилгача бутун мамлакат бўйлаб электромобиллар учун 50 мингга яқин қувватлантириш станцияларини қуриш бўйича шартнома имзолади.

Янги президент, янги давр

Украинадаги уруш ва бошқа воқеалар Пекин ва Москванинг Марказий Осиё билан барқарор ҳамкор сифатидаги ролига таъсир қилган бўлса-да, Мирзиёевнинг олий даражадаги ташрифи Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп йиллик илиқ муносабатлар маҳсулидир, дейди Карнеги маркази тадқиқотчиси Темур Умаров.

“Хитой билан яқин муносабат бошиданоқ Мирзиёевнинг устувор йўналиши бўлиб келган. Мирзиёев Хитойга жуда қизиқади ва ўз чиқишларида Дэн Сяопиндан иқтибос келтиради; уни иқтисодий реформатор ўлароқ намуна сифатида кўради.

“Хитой Мирзиёев учун маълум маънода тажриба манбаига айланди. Ўзбекистон шахсий режим эканлигини ҳисобга олсак, унинг Хитойни қандай кўриши муҳим", дейди Умаров.

Ўзбекистон Каримов даврида ташқи сиёсатда ўта эҳтиёткор, ихоталанган сиёсат юритди.

Хитой раҳбари Ху Цзинтао 2005 йилда Андижон шаҳрида намойишчилар ҳаракати куч билан бостирилганидан икки ҳафта ўтмай Каримовни Пекинга ташриф буюришга таклиф қилади. Каримовнинг қаттиққўл тузуми даврида Хитой капитали чекланган эди.

Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат иқтисодини дунёга очар экан, Хитой ҳам ишончли сармоя манбаи, ҳам қимматли иттифоқчи сифатида Мирзиёевга Ўзбекистон ва хорижда ўз легитимлигини мустаҳкамлашда ёрдам берди.


Хитойнинг қаттиқ сиёсий назоратни сақлаб қолган ҳолда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш модели Мирзиёевга тобора жозибали кўринмоқда.

«Мирзиёев Каримов мероси асосида ўз сиёсий режимини қуришга ҳаракат қилар экан, бу у учун жуда муҳим. У дунёга мослашиш ва бугунги мураккаб воқеликларни қандай бошқаришни ўхшаш режимлардан ўрганиши кераклигини билади», дея хулоса қилади таҳлилчи Темур Умаров.

Форум

XS
SM
MD
LG