Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:08

МТС қачон очилади?


OzodJavob рукнига келаётган кўп сонли мурожаатлар ортидан МТС-Ўзбекистон ширкатининг тақдирига оид маълумотларни мунтазам равишда ёритиб туришга қарор қилдик.


Муштарийлар номидан ҳар куни бўладиган телефон қўнғироқлари, Skype орқали бўлаётган мурожаатлар, email орқали келаётган хатларнинг аксарида "МТС қачон очилади?" деган савол қўйилади.

Жумладан, самарқандлик Нодир исмли йигит Skype орқали мурожаат қилиб, "МТС қачон қайта ишга тушади?" деган саволни берди.

"МТС ёпилганидан буён алоқа сифати жуда ёмон. МТС ишлаган пайтларни жуда соғиндик. Илтимос билиб беринглар. Қачон ўзи МТС ишга тушади? Очиладими ўзи ёки бутунлай ёпиб ташлашдими?", деган саволларни йўллади Нодир.

Рашид Қосимов исмли муштарий эса email орқали мактуб йўллаб, “Иккита компания (Beeline ва Ucell) ҳам нархларни оширди. Алоқа сифати умуман йўқ. Интернет жуда паст ишлаяпти. Қачон МТС ишлаши ҳақида маълумот берсаларинг”, деб ёзди.

Бу саволларга жавоб топиш мақсадида МТС-Ўзбекистон тақдири билан боғлиқ янгиликларни шу ерда ёритиб боришга қарор қилдик:

23 январ. Тошкент. Ўзбекистон.

Банкротлик тўғрисида судга ариза берган "Ўздунробита" (МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси) ишини Тошкент хўжалик суди 23 январ куни расман қабул қилди. Бу ҳақдаги маълумотни ширкат матбуот хизмати Озодликка тасдиқлади.

16 январ. Тошкент-Москва.

Россиядаги МТС мобил алоқа ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси Тошкент шаҳар Хўжалик судига банкротлик тўғрисида ариза топширганини ширкат матбуот хизмати Озодликка тасдиқлади.

14 январ. Тошкент-Москва.

МТС-Ўзбекистоннинг 400га яқин ходими ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабар пайдо бўлди. МТС ширкатининг Москвадаги қароргоҳи матбуот хизмати Ўзбекистондаги ходимлари ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарларни инкор қилмади. Фақат ҳозирча вазият бўйича матбуотга ҳеч қандай изоҳ берилмаслигини таъкидлашди.

4 январ. 2013 йил. Россия. Москва.

МТС ширкатининг Москвадаги қароргоҳи матбуот котиби Валерия Кузменкога мурожаат қилиб, МТС-Ўзбекистон бўйича қандай янгиликлар борлигини сўрадик.

- Ҳозирча ҳеч қандай янгилик йўқ. Кутаяпмиз. Узр бошқа ҳеч қандай изоҳ бера олмайман,- дея гапини қисқа қилди Валерия Кузменко.

24 декабр. 2012 йил. Россия. ИТАР-ТАСС.

"Система" корпорацияси раҳбари Владимир Евтушенковдан олинган маълумотга таяниб, ИТАР-ТАСС агентлигининг хабар қилишича, Россиянинг МТС мобил алоқа компанияси ўзининг Ўзбекистондаги фаолиятини қайта тиклаш юзасидан Ўзбекистон билан “интенсив” сўзлашувлар олиб бормоқда.

13 декабр. 2012 йил. Шаҳрисабз, Гулистон.

Озодлик мухбири 13 декабр куни "Ўздунробита" ширкатининг Тошкент ва Ўзбекистоннинг турли вилоятлардаги бўлимларига боғлангач, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ва Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги ширкат бўлинмалари очилганига амин бўлди.

Бир неча ҳафта муқаддам идорага қайтганини айтган ширкат ходимлари ҳали иш бошламаганликлари, аммо январ ойидан иш бошлашга ҳозирлик бораётганини айтди.

- Бизга мол-мулкмизни суд қайтиб берганидан кейин офисни очганмиз. Ҳозир фақат бухгалтерия очиқ. Лекин январдан иш бошлаймиз, деган гап бор. Январдан ишга тушамиз, бу аниқ, деди "Ўздунробита" ширкатининг исмини ошкор қилмаган ҳисобчиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

13 декабр. 2012 йил. Тошкент.

Тошкентда ўтган Ўзбекистон-Россия ҳукуматларо комиссиялари учрашувини кузатган журналистлар ёпиқ эшиклар ортидаги муҳокамаларда МТС ишини қайта тиклаш ҳақида қарор қабул қилинганини айтмоқда.

Россия Федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари Дмитрий Козак етакчилигида 13 декабр куни Тошкентга сафар қилган делегация куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашди.

Тошкентлик мустақил журналист ва Uzmetronom интернет газетаси муҳаррири Сергей Ежковнинг айтишича, Ўзбекистон-Россия ҳукуматларо комиссиялари ўртасида бўлаётган музокаралардаги муҳим масалалардан бири МТСнинг Ўзбекистондаги филиали "Ўздунробита" ширкати фаолиятини қайта тиклаш бўлган.

20 ноябр 2012 йил. Тошкент.

Ўзбекистон Олий Хўжалик суди “Ўздунробита”нинг лицензиясини қайта тиклаш мақсадида Тошкент шаҳар Хўжалик суди ҳукми устидан киритилган даъво аризасини кўриш жараёнини номаълум муддатга тўхтатди.

19 ноябр 2012 йил. Тошкент-Москва.

МТС-"Ўздунробита" фаолиятини қайта тиклаш учун унинг ускуналари синовдан ўтказилгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди.

Бироқ МТС ширкатининг Москвадаги қароргоҳи матбуот хизмати МТС ўзининг Ўзбекистондаги ускуналарини синовдан ўтказгани тўғрисидаги хабарларни инкор этиб, буни миш-мишлар даражасидаги гапдир, деб баёнот берди.

8 ноябр 2012 йил. Тошкент.

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича суди апелляция ҳайъати МТС нинг Ўзбекистондаги барча активларини давлат тасарруфига ўтказиш тўғрисида қуйи инстанция чиқарган қарорни бекор қилди.

17 сентябр 2012 йил. Тошкент.

Тошкент шаҳар суди “Ўздунробита” компаниясининг тўрт нафар ходимини уч йилдан шартли равишда озодликдан маҳрум қилди ҳамда ширкатга тегишли мулкни давлат фойдасига мусодара қилди.

27 август 2012 йил Тошкент.

"Ўздунробита" мулозимларига қарши текширувлар асосида тўпланган фактлар маҳкамага оширилди.

31 июл 2012 йил. Тошкент.

Тошкент шаҳар хўжалик ишлари бўйича суди “МТС-Ўзбекистон” бренди остида ишлаган “Ўздунробита”ни лицензияларидан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Июл-август 2012 йил.

Мобил алоқасиз қолган миллионлаб МТС мижози Ucell ва Beeline компаниясига ўтиб кетди. Бироқ айни компаниялар бу каби фавқулодда оқимга ҳозир бўлмагани боис¸ Ўзбекистонда алоқа сифати кескин ëмонлашиб кетди. Сифат ҳозирга қадар яхшиланганича йўқ.

17 июл 2012 йил. Тошкент.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги “Ўздунробита” мобил оператори фаолиятини вақтинча тўхтатди.

МТС-Ўзбекистон алоқаси мамлакатнинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олиб, 9 миллиондан зиёд мижозга хизмат кўрсатар эди. Бу Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизидан ортиғидир.
XS
SM
MD
LG