Линклар

Шанба куни эрта тонгда ўғлим ёнимга келиб, дада Муҳаммад Али вафот этибди, деди.

Этим жимирлаб кетди: болалигим қаҳрамони вафот этганди.

Болалигимда бир муддат Муҳаммад Али сингари машҳур боксчи бўлишни орзу қилгандим.

Хонамдаги деворга Қуръони Каримни ўпиб турган оқ-қора суратини ёпиштириб қўйгандим.

Дарров компютеримни очдим, интернетга кирдим.

Қайси веб саҳифага қарамай, Муҳаммад Алининг ўлими бош хабарга айланганди.

Бир неча соат Ютубда унинг ринг ичидаги муштлашувлари ва ринг ташқарисидаги оташин нуқтларини томоша қилдим.

Бир неча йил муқаддам ўзбекчага ўгирганим Муҳаммад Алининг “Капалак руҳи” китобига яна бир бор кўз югуртирдим.

Сўнгида беихтиёр қилган хулосам шу бўлди: Муҳаммад Али 20 асрнинг энг буюк одами эди.

Муҳаммад Алининг "Капалак руҳи" китобидан

Одамлар мендан доимо боксдан кетгач нима иш билан шуғулланишим ҳақида сўрашарди. Мен доимо бир хил жавоб қайтарардим: "Ҳақиқий Муҳаммад Алини ҳали кўрганингиз йўк".

Ҳақиқий ҳаёт йўлим боксдан кетганимдан кейин бошланди. Муштлашиб юрган пайтларимда мушакларимни келиштирган бўлсам, спортдан кетгач маънавий юксалишга эътибор қаратдим.

Дунёга назар ташлар эканман, мен кўплаб инсонларнинг гўзал ва ҳашаматли уйлар барпо этишгани, аммо вайроналар ичида яшашларини кўраман. Биз аксар вақтимизни яшашга эмас, балки яхши яшашни ўрганишга сарфлаймиз. Мен сиз билан улашишга умид қилганим - ҳаётим давомида шаклланган эътиқодимдир. Менга маънавий озуқа берган ва руҳлантирган фалсафалар, ўгитлар ва идеалларнинг кўпини Исломни ўрганиш жараёнида олдим. Орттирган билимимни ҳозирга қадар оилам ва дўстларим билан баҳам кўрган булсам, энди уларни дунёга тақдим этмоқчиман.

Йиллар давомида менинг диним ўзгарди, эътиқодим шаклланди. Дин ва эътиқод бир-биридан жуда фарқ қилади, аммо одамлар кўп ҳолларда уларни қориштириб юборишади. Баъзи нарсаларни ўргатиш мумкин эмас, улар қалбда уйгонади. Эътиқод – қалбдаги илоҳий нурни эътироф этишдир. У алоҳида бир динга эмас, барчага таалуқли.

Одамлар мендан ҳалиям эътиқодинг устида ишлаяпсанми, деб сўрашади. Ҳақиқат шуки, мен ўз эътиқодим борасида эрталабдан кечгача гапиришим мумкин, чунки Аллоҳга бўлган эътиқодим ҳаётимдаги барча нарсадан устунроқдир.

Агар дунёда мавжуд уқёнуслар сиёҳ ва барча дарахтлар қалам бўлсайди, шунда ҳам, улар Аллоҳнинг илмини ёзиб битказа олишмасди. Аллоҳнинг шундайин қудрат эгаси экани мени забун ушлаб туради. Аллоҳни таниганим ва Исломни ўрганганим сайин, ўзимнинг қанчалар кам нарсани билишимни ҳис қиламан. Мен ҳалиям билим олаяпман ва ҳалиям ўрганаяпман, зеро ҳаётда Аллоҳ учун ишлашдан улуғроқ ҳеч нарса йўқдир.

Буюк одамлар ўзлари учун буюк бўлишни ҳеч қачон исташмаган. Улар бошқаларга яхшилик қилиш ва Аллоҳга яқин бўлишни орзу қилганлар. Мен нуқсонсиз эмасман, ҳалиям ўзимда ўзгартиришим керак бўлган жиҳатларнинг борлигини яхши биламан. Баъзан ўз амалларимдан, айниқса бировнинг кўнглини оғритган бўлсам, қаттик уяламан. Аллоҳдан мени кечиришни сўрайман.

Қаерга бормай мени ҳамма танийди ва исмимни билади. Одамлар мени яхши кўришади ва менга ҳайрат билан қарашади. Бу - бир банда учун бериладиган улкан обрў ва эътибор. Демак, менинг зиммамга оз обрўйимдан тўғри фойдаланиш масъулияти юкланган. Шунинг учун, ирқи, дини ва мақомидан қатъиназар, ҳар бир одамга яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан. Ҳарчанд баъзи инсонлар бошқалардан ўзларини устунроқ ва муҳимрок санасалар-да, Аллоҳнинг наздида барча баробар. Ул Зот учун муҳими қалбимиздан нималар кечаётгани ва амалларимиздир.

Одамлар мен боксчи эканман жуда кўп пулни қўлдан чиқариб юборганимни айтишади. Улар қандай қилиб баъзи одамларнинг мендан фойдаланиб қолишгани, мендан ўғирлашгани, мен эса бунга қўл силтаб қўяверганим ҳақида ёзишади. Инсонлар мени алдашаётганини билсам ҳам, мен учун муҳими ўзимни қандай тутишимдир. Чунки, Аллоҳ олдида жавоб беришим бор. Мен ўзгалар амали учун масъул бўлолмайман: Аллоҳга уларнинг ўзлари жавоб беришади.

Ҳаётим давомида мен ҳеч қачон менга озор берганлардан қасд олишга уринмадим, чунки мен кечирувчанликка ишонаман. Мен кечиришни тажриба қилдим, зеро кечирилишни истайман. Инсоннинг қалбида нима борлигини ва унинг асл ниятини билиш фақат Аллоҳга хос. У барча нарсани эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир.

Ҳаётимда атрофимдаги кўплаб одамлар мендан ёрдам сўрашган ва мен уларга қўлимдан келганича кўмак беришга ҳаракат қилганман. Бунинг ёмон жойи йўқ, деб ўйлайман. Мен муҳтожларга ёрдам қиламан. Чунки, Аллоҳ менга етарли бойлик берган. Ҳозир, ўтмишимга ўгирилиб қарасам, назаримда Аллоҳ учун қанча ёрдам берган бўлсам, Аллоҳ менга икки ҳисса қилиб қайтаргандек. Мен ёрдам берганим хайрия вақфлари ва одамлар ҳақида гапирмасликка ҳаракат қиламан, чунки ёрдам эвазига ҳеч нарсани кутмасак, ана ўшанда сахий инсон бўлишимиз мумкин, деб уйлайман.

Ҳар кеча ётишдан олдин мен ўзимдан "агар эртага уйғонмасам, бугунги ҳаётимдан фахрланган бўлармидим?" - деб сўрайман. Айнан мана шу саволни ёдда тутган ҳолда, кўлимдан келганича, кўпрок яхши амалларни бажаришга ҳаракат қиламан, хоҳ улар динимни ҳимоя қилиш бўлсин, хоҳ имзо қўйиш. Мен одамларга яхшилик қилиш ва жаннатга киришга ҳаракат қилаяпман, холос.

Менинг дин ҳақидаги тушунчам йиллар давомида кенгайди. Онам Баптист, отам эса Методист эди. Иккаласи ҳам Исо алайҳиссаломни "Худонинг ўғли" деб билишарди. Аммо мен бундай эътиқодда эмасман. Мен Мусо ва Иброҳим сингари Исо ҳам муҳим пайғамбарлардан бири бўлганига ишонаман.

Ҳаммамизнинг Парвардигоримиз битта, фақат биз унга турлича хизмат қиламиз. Жилғалар, кўллар, дарёлар, денгизлар ва уқёнуслар турлича номланади, бироқ уларнинг барида сув бор. Динлар ҳам турлича номланади, бироқ уларнинг барчасида ҳар-хил йўллар, шакллар ва вақтларда изҳор этилган ҳақиқат мавжуд. Сенинг мусулмон, насроний ёда яҳудий бўлишинг муҳим эмас. Агар сен Худога иймон келтирган бўлсанг, барча инсонларнинг бир оила аъзолари эканига ишонишинг керак. Яратганни севган одам яратилганларнинг баъзиларигина севиш билан чекланмаслиги зарур.

Бу китоб - ҳаётим инъикоси. Унда хотирамда муҳрланиб қолган лаҳзалар ифодаланади ва менинг қандай қилиб бугунги мақомга етишганим ҳақида ҳикоя қилинади. Мен боксни бошлаганимдан буён узоқ йўлни босиб ўтдим. Дунёни айланиб чиқдим ва турли тоифадаги инсонлар билан учрашдим. Менинг ишонишимча, Аллоҳ инсонларни турли хил яратиб, сайёрамизга зеб берган. Дунё халқлари ўзаро тушуниш, орадаги фарқларни ҳурмат қилиш ва ўхшашликларни қутлаш йўлида ишлашни мақсад қилмоқлари лозим. Биз турфахилликдаги гўзалликни қадрлашимиз зарур. Барча гуллар бир тус, бир ранг ва бир андозада бўлганида эди дунёнинг қизиғи қолмасди.

Эътиқодимдаги энг муҳим жиҳатлардан бири - ринг ичкариси ва ташқарисида Аллоҳнинг доимо менга ёрдам бериб турганини босқичма-босқич тушуниб етганим бўлди. Болалигимдан ўқиш ва ёзишга қийналардим. Ўрта мактабни зўрға тугатдим. Тиббиёт тилида буни "дислексия" дейишади. Аммо, талабалик йилларимда ўқитувчилар дарсларни ўзлаштиришга қийналган болаларни "аҳмоқ" деб ҳисоблашарди. Мактабда илм олиш мен учун синов эди, аммо ундан ўтиш йўлини топгандим. Мен деворга дуч келганимда таслим бўлмадим, аксинча, уни четидан ёда устидан ўтишни ўргандим. Аллоҳнинг менга берганидан фойдаланишни ўргандим. Ўзим учун қийматли бўлган бирор нарсани ўқисам ёки эшитсам, мен учун тушунарли бўлган жиҳатни ҳис этаман ва эътиборимни айнан ўша жиҳатга қаратаман. Уни ёдлаб оламан. Назаримда бирор нарса ҳақиқат бўлиб кўринса, уни ёдлаб оламан. У менинг бир қисмимга айланади.

Мен Аллоҳнинг мададини доимо ҳис қилиб яшайман. У қалбимни заковат ва ишонч нурлари билан тўлдирди. Ҳаётни ва инсонларни ўргандим. Ўқиш ва ёзишга нўноқ бўлишим мумкин, аммо муҳаббат, меҳрибонлик ва қалбдаги бошқа ҳиссиётларга бойман. Йиллар давомида қадимги бир мақолни такрорлаб юраман: "Инсон бойлиги қаерда? Ундаги билимда. Агарда инсон ўз бойлигини банкда сақласа, унга эгалик қила олмайди".

Менда бор бойлик – ўзимни таниганим, ичимдаги муҳаббат ва эътиқодим. Мен билимимни ўз халқимнинг яхши намояндаси бўлиш учун ишлатишга ҳаракат қилдим. Мен сўқир эмасман, чунки кўр кўрга йулбошчилик қилса, улар чоҳга қулашади.

Эътиқодим йиллар давомида ўсди ва баъзи қарашларим ўзгарди. Токи тирик эканман кўпрок нарсани дарк этишга ҳаракат қиламан, зеро қалб чанқоғи ҳеч қачон қонмайди.

Бутун умрим давомида синовларга тутилдим. Иродам, жасоратим ва қувватим синалди. Ҳозир эса сабрим ва бардошим синалмоқда. Йўлнинг ҳар қадамида Аллоҳнинг мен билан бирга эканига ишонаман. Унинг ҳозир мен билан эканини ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ биламан. Қандай яшашни умрим бўйи қадам ба қадам, лаҳза ба лаҳза ўргандим. Ҳаёт йўли мен учун узун бўлди. Мен - ишқ, тушуниш ва ҳақикат излаб чиққан сайёҳман. Ҳамон ўрганаяпман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG