Линклар

Москвадаги Мосфильм кўчасидан таниқли актёр Евгений Леонов бронза ҳайкалини ўғирлаб кетган ўзбек муҳожирлари устидан ҳукм ўқилди. Никулинск туман маҳкамаси еттовлонни ўғирликда айбдор деб топди ва уларни қамоққа жўнатди.

Ўтган йил октябрида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Мосфильм киностудияси ёнидаги “Юлдузлар аллеясидан” “Омад жентльменлари” фильми қахрамони "Доцент" ҳайкалини Газель автомашинаси ёрдамида ағдариб олиб кетган эди.

Е.Леонов ҳайкали ўғирланишидан олдин

Е.Леонов ҳайкали ўғирланишидан олдин

Омадсиз “жентльменлар” 300 килолик бронза ҳайкални кесиб, металлолом қабул қилиш шоҳобчасига 39 минг рублга сотган. Бу вандализм Россия жамоатчилиги орасида катта тортишувларга сабаб бўлди: кимдир бу ёдгорлик йўқотилганидан қувонганини билдирса, бошқалар ўғриларни қаттиқ жазолашни талаб қилди.

Москва шаҳар Никулинск туман суди Абдуҳалим Рафиев, Беҳзод Тўраев, Фазлиддин Шерматов, Усмонжон Умаров, Сардор Рафиқалиев, Асқарбек Абдухалилов ва Бекзод Тўйчибоевни ўғирликдан бир кун ўтиб ҳибсга олди.

Суд залида ўғирликни ташкиллаштирганликда айбланаëтган Рустам Истаматовгина йўқ эди – халқаро қидирувга берилган бу йигитнинг жиноят ортидан дарҳол Ўзбекистонга чиқиб кетишга улгургани айтилмоқда. Дастлабки тергов чоғида беш Ўзбекистон фуқароси Евгений Леонов шарафига ўрнатилган ҳайкалнинг меъморий қийматини билмаганликларини айтган.

Тергов давомида судланганлар яқинларининг "Доцент" ҳайкалини тиклашга 500 минг рубль йиғиб бергани маълум бўлди.

"Доцент" ёдгорлиги ҳозиргача ўрнига қайтарилгани йўқ. Айни пайтда, Евгений Леонов образини қайта тиклаш бўйича ишлар давом этмоқда.

Бронза монументи Жуковский шаҳарчасида қайта қуйилади ва ëдгорлик муаллифи Елена Чернишова яқин орада "Доцент"ни деярли ўзгаришсиз яна ўз жойига қайтаришга ваъда берди.

Россия театри ва киносининг таниқли намояндаси Евгений Леонов ҳайкали 2001 йилда Москвадаги "Юлдузлар хиёбони"га ўрнатилган эди.

"Омадли жентльменлар" совет даврида суратга олинган энг оммабоб комедия фильмлари сирасига киради.

Ўзбек муҳожирлари қўл урган вандализм бу фильм шуҳратини яна қайта тиклади - 1971 йилда суратга олинган ушбу фильмни ўғирликдан кейинги бир йил ичида 65 миллиондан кўпроқ одам томоша қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG