Линклар

Муродбой сотган автомобилларни милиция аҳолидан тортиб олмоқда


"Ўзбекистон" телевидениеси қидирувга берилганини эълон қилган Муродбой - Мирзамурод Юнусалиев

"Ўзбекистон" телевидениеси қидирувга берилганини эълон қилган Муродбой - Мирзамурод Юнусалиев

Тошкент вилояти Янгийўл туманидан Озодлик билан боғланган тингловчилар тумандаги "Эркин авто дилер" дўконидан сотиб олинган автомобилларини ИИБга топшириш талаб қилинаётганидан арз қилди. Норасмий маълумотга кўра, бу автомобиль дўкони худди Аҳмадбойники каби бизнес юритган Муродбойга қарашлидир. Ўзбекистон телевидениеси асл исми Мирзамурод Юнусалиев бўлган бу шахс ҳам молиявий фирибгарликда айбланиб, қидирувга берилганини эълон қилган.

Янгийўл туманидан Озодлик билан боғланган бир оила "Эркин авто дилер" дўконидан шу йил март ойида сотиб олинган "Матиз" русумли автомобилини душанба куни кечга қадар туман ИИБга қайтариш талаб қилинганидан арз қилди:

- Автосалоннинг Эркин деган директоридан лично олганмиз. Лекин, савдо шунақа бўлганки, бошида 20 фоиз пулини тўлаганмиз, кейин ойига бўлиб-бўлиб бериб, бир йилда қутулишга келишганмиз. 36 миллион сўмлик машинага 9 миллион сўмини бериб бўлгандик. Мана энди машинани қайтариб берасизлар, деяпти ИИБ, - дейди шикоятчи.

Унинг айтишича, ушбу дўконнинг директори Муродбойнинг яқинидир ва директор ҳибсга олиниб, иши судга оширилгани боис автомобиллар қайтарилмоқда:

- Эркиннинг ўзи ҳибсга олинганмиш, ИИБдагилар шунақа дейишди. Шунинг учун унинг салонидан олинган автомобиллар судгача ИИБда турармиш. "Пулимизни қайтариб беринглар", дедик. "Суддан кейин оласизлар, агар беришса. Бўлмаса, пулингиз қайтмаслиги ҳам мумкин", дейишди. Бизга ўхшаб югуриб юрган жуда кўп, - дейди шикоятчи.

4 июль куни Озодлик билан гаплашган Янгийўл тумани ИИБга яқин манба "Эркин авто дилер" салонидан олинган автомобиллар қайтариб олинаётганини тасдиқлади. Ундан олинган маълумотга кўра, шу кунга қадар 50га яқин автомобиль қайтарилган:

"Биринчидан, ҳеч бирида олди-сотди шартнома қилинмаган. Уларга доверенность берилган: "Бу салоннинг машинаси, фалончи-фистончи 1 йил ичида миниб юриши мумкин", деган. Шунинг учун, машиналар қайтариб олинаяпти. Ким олди-сотди қилган бўлса, уларнинг машинасига тегилаётгани йўқ", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда манба.

Бунга қадар ҳам айни автомобиль дўконининг асли исми Мирзамурод Юнусалиев бўлган Муродбойга тегишли экани иддао қилинган.

Муродбойга 4 та автомобилини берганини даъво қилган янгийўллик арзчилардан бири 20 июнь куни Озодлик билан суҳбатда 20 минг долларлик автомобилини унга тегишли кўрилган "Эркин авто дилер" номли ширкатда қолдирганини даъво қилган. Ўшандаёқ автосалон директорининг ҳибсга олингани айтилган.

30 июнь куни Ўзбекистондаги бир неча телеканалларда намойиш қилинган "Аҳмад васвасаси" номли кўрсатувда Янгийўлда Муродбой, деб танилган Мирзамурод Юнусалиевнинг номи тилга олинди. Унга "Аҳмад Турсунбоевнинг ҳамтовоқларидан бири", деб баҳо берилган кўрсатувда иддао қилинишича, Юнусалиев ҳам худди Аҳмадбой каби молиявий фирибгарлик билан шуғулланган ва айни дамда қидирувга берилган.

Чиноз "Авто Ҳамкор" ширкати раҳбари 39 яшар Аҳмад Ҳамидович Турсунбоев устидан эса Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш) бўйича жиноий иш очилган.

Шунингдек Турсунбоев 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бўйича ҳам айбланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG