Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:52

Тошкентдан борган текширувчиларни асосан Туркиядагилар қизиқтирди


Озодликка маълум бўлишича¸ Тошкентдан 23 та автобусда Наманган вилоятининг Косонсой туманига борган Ўзбекистон ИИВ¸ МХХ ва прокуратуранинг юзлаб ходими уч кун давомида уйма-уй юриб текширув ўтказган¸ 9 ноябрь куни Тошкентга қайтган.

Наманган вилояти Косонсой туманидаги маҳаллаларда Тошкентдан келган махсус гуруҳлар оммавий текширув¸ айрим ҳолларда¸ тинтув ўтказгани ҳақидаги маълумот Озодликка маҳаллий манбалардан етиб келди.

Косонсой туман Ички ишлар бўлими ходими туманда ИИВ¸ МХХ ва прокуратура ходимларидан тузилган махсус гуруҳ “паспорт текшируви”ни амалга оширганини тасдиқлар экан¸ бу жараëн давомида тинтувлар бўлган-бўлмагани ва уларнинг қандай якун топганига оид маълумот беришни истамади.

Озодлик мухбири бу жараëнни ўрганиш мақсадида оддий косонсойликлар¸ қолаверса¸ унда бевосита иштирок этган маҳалла қўмиталари раҳбарлари билан гаплашди.

Исмини ошкор этилмаслигини сўраган косонсойлик ҳунарманд ўзи яшайдиган маҳаллада бўлиб ўтган текширувларни тасвирлаб берди:

- Мелисалар келишди¸ Бухоро¸ Самарқанд томонлардан келганлари ҳам бор экан орасида. Ўша Туркия¸ Сурия¸ Россияга борганларни текшириб¸ кеча кетишди. Улар маҳалла ҳокимияти билан биргаликда келиб кўришди. Бизда уйма-уй киргани йўқ. Фақат четга кетганларни рўйхат бўйича кўриб чиқишди¸ паспорт-пропискадан то газ-свет пули тўланганигача текширишди. Аммо қўполчилик бўлмади. Шу ким кетган¸ қайга кетган¸ ўғлингиз¸ дадангиз қаерда¸ нима қилади¸ пул юборадими¸ деб суриштиришди. Номоз ўқигани учун¸ уйидан Қуръон чиққани учун ҳеч кимни олиб кетгани йўқ бизда. Маҳалламиз масжиди ҳозир ҳам очиқ¸ одамлар эрталаб ҳам¸ пешин ва хуфтонда ҳам намозга чиқишаяпти¸ ҳеч ким бир нарса дегани йўқ¸ - дейди косонсойлик ҳунарманд.

Косонсой туманидаги хорижга меҳнат муҳожиратига кетганлар сони бўйича биринчилардан бўлган қишлоқ фуқаролар йиғини раҳбари ҳам¸ Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ўз назоратидаги маҳаллаларда “республикадан келган меҳмонлар” паспорт текширув ўтказганини айтди:

- Улар кеча кечқурун кетишди¸ Худога шукур. Ҳаммаси тинч ўтди. Бизни кўп ҳам аралаштиришмади¸ лекин Сурияга¸ Туркияга кетганлар чиқмади бизнинг маҳаллалардан. Республикадан келган комиссия актларини ўзи ëзди¸ лекин бизда ҳеч қандай салбий ҳолат бўлмади. Манда олтита маҳалла бор¸ 18 мингдан кўпроқ аҳоли бор. Шуларнинг ҳаммасини текширишди. 100 фоиз. Комиссия бизнинг идорада ўтириб¸ қоғозларини тўлдирди¸ билишимча¸ салбий ҳолат бўлмади. Бирор кишини олиб кетилгани ҳолати бўлгани йўқ. Тошкентдан келганлар бизда уч кун бўлишди. Тўртта маҳаллани биринчи куниëқ якунлашди. Чала қолганларни кейинги кун келиб¸ якунлашди. Кеча 23 та автобусда қайтиб кетишди. Қуръон чиқди уйидан¸ деб бировни олиб кетишганидан хабарим йўқ лекин¸ - деди шахси ва ҳудудини очиқлашни истамаган Косонсойдаги қишлоқ фуқаролар йиғини раҳбари.

Тумандаги яна бир фуқаролар йиғини раҳбари¸ ўзи хонадонларга кириб ўтказилган текширувларнинг ҳаммасида бевосита қатнашмагани¸ аммо текширувчиларга ташкилий ишларда кўмак берганини билдирди:

- Кеча кетишди. Мен ҳаммасида қатнашмадим. Келган меҳмонларга маҳалла ва мактаблардаги фаолларимизни бириктириб бердик. “Бизга кўчаларни биладиган вакил берсангизлар бўлди”¸ дейишди¸ бердик. Кўчама-кўча айланиб¸ ëзиб чиқиб¸ баъзи маҳаллаларни бир кунда¸ баъзиларини икки кунда тугатишди. Бир чеккадан ҳамманикига кириб¸ паспортларни кўришди. Кимникида қанақа текширишни¸ асосан¸ маҳалла раислари билан гаплашишди. Туркияга¸ Россияга кетганлар бор уйларни маҳалла раислари берган список бўйича¸ бўлиниб текширишди¸ - деди Косонсойдаги яна бир қишлоқ фуқаролар йиғини раиси.

Озодликка маълум бўлишича¸ президент Ислом Каримов вафотидан кўп ўтмай¸ Ички ишлар вазирлиги¸ Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимларидан тузилган махсус гуруҳлар бутун мамлакат бўйлаб паспорт текширувини олиб бормоқда.

Бу текширувлар давомида асосий эътиборнинг меҳнат муҳожиратига кетиб¸ йиллардан бери уйига қайтмаганларга оид ахборот йиғишга қаратилгани кузатилмоқда.

Озодликка бир-биридан мустақил манбалардан келган хабарларда¸ кучишлатар тизимлари ходимларидан тузилган махсус гуруҳларнинг диний-экстремистик гуруҳларга аъзоликда гумон қилинаётган, сиёсий мухолифат аъзоси бўлган ва хориждан узоқ вақт қайтмаганлар яқинларига уларни Ўзбекистонга қайтариш талаби қўйилгани айтилди.

XS
SM
MD
LG