Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:21

"Рамазон ҳадяси": Наманган шаҳрида свет кунига икки мартадан ўчирилмоқда


Озодликка мурожаат қилган наманганликларнинг айтишича, сўнгги кунларда шаҳарда сурункали электр танқислиги кузатилмоқда.

Уларга кўра, ҳаволар исиши билан шаҳарни электр билан таъминлашда узилишлар кунига икки мартадан юз бермоқда.

"Рамазон ҳадяси"

Озодликка Telegram орқали боғланган Раъно, у яшаган "Ибрат" маҳалласида аҳоли чироқ йўқлигидан азият чекаётганини айтди.

"Биз жуда қийналаяпмиз - свет йўқ. Бугунам свет эрталаб уч соат ўчди. Рўзаи рамазон кунларида ҳаво иссиқ, нафас олиб бўлмайди. Свет бўлмаса, умуман вентилятор, кондиционер ишламайди," деди Намангандан Раъно.

У шаҳардаги қария ва ёш болалар аҳволидан хавотирда эканини яширмади.

"Ҳайрон қоламан, шундай иссиқ кунларда ҳам, свет етказиб бера олмаса. Қишда "қишда, ўчди," дейилади. Ҳа энди шундоқ иссиқ кунларда, ёздаям светларни ўчираверишса қийнаб. Биз-ку, ўрта яшар, чидармиз. Қариялар бор, ёш болалар бор. Улар қандай чидаяпти, ҳайронман," деди Telegram орқали Озодликка боғланган Раъно.

Наманганлик нафақахўр Олимжон Йўлдошев ​эса электр таъминотидаги узилишлар ҳукумат томонидан халққа қилинган "рамазон ҳадяси," дейди.

"Рамазон ҳадясида бу. Свет гоҳ-гоҳида ёниб, гоҳ-гоҳида ўчиб турипти. Ёз пайти, мана Худога шукр, энди светлар бўлса керак, десак, энди ёздаям светлар бўлиб - бўлмай қолаяпти. Светам муаммо бўлиб қолди. Суриштирадиган одамнинг ўзи йўқ," дейди Олимжон Йўлдошев.

"Истеъмол кучайса, ўчиришлар кўпаяди"

Наманган шаҳрини электр билан таъминлашга масъул электр тармоқлар акционерлик жамиятининг ходими шаҳарда сўнгги кунларда электр тармоғидаги сурункали узилишларни аҳолининг вентилятор ва кондиционерлардан "ҳаддан кўп" фойдаланаётгани билан изоҳлади.

Корхона мутассадисининг Озодликка айтишича, ҳаволар исиши билан аҳолининг электрдан фойдаланиши ортган.

"Ҳозир кунига олти соат бериб, кейин уч соатдан ўчираяпмиз. Шаҳардаги маҳаллаларда свет навбат билан ўчирилади. Истеъмол кучайса, ўчиришлар ҳам кўпаяди," деди Наманган шаҳар электр тармоқлари мутасаддиси.

Унинг билдиришича, иссиқ ҳаво одамларни кондиционерлардан кўпроқ фойдаланишга мажбурлайди, бу ҳолат, ўз навбатида, электр тармоғидаги кучланишни келтириб чиқаради ва генераторлар фаолиятига зарар етказади.

Буни олдини олиш мақсадида электр энергияни таъминлаш марказидан маълум вақтларда узиб қўйишга тўғри келаяпти, деди Наманган шаҳар электр тармоқлар акционерлик жамияти мулозими.

У электрни тежаш қарори шошилинч тарзда қабул қилингани боис, шаҳар аҳолисини огоҳлантириш имкони бўлмаганини билдирди.

Наманган шаҳри электр энергетикасини назорат этувчи масъуллардан бири эса электрни тежаш ҳукумат буйруғига мувофиқ олиб борилаётганини маълум қилди.

Май ойи охирида Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлиги мамлакатда 2016 йилда 500 миллион киловат соат электр энергияси иқтисод қилиб қолиш режалаштирилаётганини эълон қилганди.

Вазирликка кўра, энергиядан фойдаланиш ҳажмини озайтиришга қаратилган уч йиллик дастур сўнгида Ўзбекистон 540 миллион киловат соат электр энергиясини тежаб қолиш имкониятига эга бўлади.

Қимматга тушган сиёсий қарор

Ўзбекистон 6 йил муқаддам Марказий Осиё энергетика тизимидан чиқиши ортидан сурункали электр тақчиллигига дуч кела бошлади.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё Ягона энергетика тизимидан чиқишини қўшни давлатлар эътироз билан қарши олди.

Расмий Тошкент ўз қарорини ички истеъмолчиларни ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлади.

Аммо, ўшандан буён Ўзбекистонда куз ва қиш мавсумларида газ ва электр тақчиллиги кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG