Линклар

Наманганда милиция ва хавфсизлик хизмати бир куннинг ўзида иккита ҳужрани босди


Намангандаги ҳужраларда "диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш" гумони ортидан рей ўтказилган.

Намангандаги ҳужраларда "диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш" гумони ортидан рей ўтказилган.

Наманган шаҳрида милиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари бир куннинг ўзида болаларга Қуръондан дарс берган иккита ҳужрани босди. Наманган ҳуқуқ тартибот ва диний идораларидаги манбаларнинг Озодликка маълум қилишларича, милиция ва хавфсизлик ходимлари 17 июль куни соат 17 ва 22 да ўтказган қўшма тадбир чоғида ўз уйларида ўнлаб болаларга ноқонуний сабоқ берган икки мударрис қўлга олинган.

Улардан бир нафари жаримага тортилган бўлса, иккинчисига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Қўшма тадбир

17 июль куни соат 17ларда милиция ва хавфсизлик ходимлари дастлаб Наманган шаҳар Амир кўчасида жойлашган Акмал Аҳмаджонов ҳовлисини босганлар.

Маҳаллий ҳуқуқ тизимларидаги Озодлик манбасининг билдиришича, қўшма тадбир пайтида 23 яшар Акмал Аҳмаджонов ва ундан Қуръондан сабоқ олаётган уч йигит қўлга олинган.

Қўшма тадбир пайтида¸ шунингдек¸ Акмал Аҳмаджоновдан диний сабоқ олган яна 20 шахс рўйхати чиққан.

Наманган диний доирасидагиларга кўра, Акмал Аҳмаджонов шаҳарда "Эшон дада" номи билан танилган 87 яшар Муксин Ҳасановнинг шогирдларидан биридир.

Муксин Ҳасанов уйи

Муксин Ҳасанов уйи

Ички ишлар идорасидаги манбанинг маълум қилишича, Аҳмаджонов уйида ўтказилган рейддан беш соат ўтиб, тунги соат 22да милиция ва хавфсизлик ходимлари Наманган шаҳар "Янгиобод" маҳалласида жойлашган "Эшон дада"нинг уйини босганлар.

Қўшма тадбир чоғида 30дан зиёд илм толиби қўлга олинган, уларнинг энг кичиги 6 яшар бўлган.

"Домла кечки соат 22да қўлга олинган, лекин ёши катталиги учун унинг ўрнига невараси қамоққа олинган ва штраф билан эртаси куни озод қилинган. Қори домлани ушлашганида 30тадан кўпроқ ўқувчи бўлган, лекин рўйхатда 24таси қолган. Баъзи ўқувчилар катталарнинг болалари бўлгани учун рўйхатга киритилмаган," дейди Наманган шаҳар ҳуқуқ тизимларидаги Озодлик манбаси.

Ушбу манбага кўра, 21 июль куни суд бўлиб, ўқувчилар энг кам иш ҳақининг 4-5 бараварида жарима билан қўйиб юборилган.

"Ҳозир домла озодликда. Бир миллион 800 минг сўм штраф билан чиқди. Домланинг ўрнига 23 яшар невараси қамоққа олиниб, эртаси куни эрталаб соат 10ларда қўйиб юборилган," деди Муксин Ҳасановни яқиндан таниган наманганлик диндорлардан бири исми сир қолиш шарти билан.

Ҳозирда Акмал Аҳмаджонов ва унинг шогирдлари Наманган шаҳар милиция идорасида тергов қилинмоқда, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Шунингдек, Муксин Ҳасанов шогирдларидан баъзилари чақирилиб, тергов қилинмоқда.

Ўзбекистонда диний таълимотдан сабоқ бериш учун махсус рухсатнома талаб қилинади. Бундай рухсатномасиз "махсус диний маълумоти бўлмай туриб¸ диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш¸ шунингдек хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш"¸ Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 229-моддасига мувофиқ жазоланади.

Жиноят Кодексига мувофиқ бундай ҳаракат "маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса¸ энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача жарима ëки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари¸ ëхуд олти ойгача қамоқ ëки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ëки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG