Линклар

28 июль куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида нефть саноатининг юзлаб ишчиси маошлари озайтирилишига қарши норозилик намойишига чиқди.

Хабарларга кўра, тўрт соат давом этган намойишда “Бургилау” ширкатининг 700 га яқин ходими иштирок этган.

Намойиш уюштирувчиларининг таъкидлашича, ширкат иш вақтини қисқартиришни режалаштирмоқда. Бу эса ишчилар маошининг кескин озайишига олиб келади. “Бургилау” етакчилари бу қарорга нефть нархининг тушиб кетгани сабаб бўлганини айтишган.

Намойишда қатнашган ишчилардан бири Ақилбек Нурлибаев “Иш вақтимиз озайтириляпти. Бундан ташқари, йилнинг биринчи ярмида 66 одамни ишдан бўшатишди”, деди.

Намойиш жойига иштирокчилар билан музокара олиб бориш учун ширкат директори Асхат Сариев, шаҳарнинг юқори лавозимли расмийлари ҳамда касаба уюшмалари вакиллари келган.

Сариев намойишни уюштирган фаоллар ишдан ҳайдалиши ҳақидаги миш-мишлар асоссиз эканлигини айтган.

Ҳозирча ширкат иш соатини озайтириш режасидан воз кечдими, йўқми номаълум бўлиб қолмоқда.

Расмийлар намойишчиларни ўз талабларини муҳокама қилиш учун кейинроқ учрашишга чорлаган.

Жанаўзен шаҳри Қозоғистоннинг нефтга бой бўлган Манғистау вилоятида жойлашган. Шаҳарда 2011 йил нефть саноати ишчилари ҳукумат кучлари билан тўқнашган, натижада ўнлаб одам ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG