Линклар

logo-print

Назарбоев Гуланга алоқадор исталган шахсни Туркияга топширишга ваъда берди


Ражаб Тоййиб Эрдўғон (ч) ва Нурсултон Назарбоев (ў) Анқарадаги президент саройи олдида, 2016 йил 5 августи.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон (ч) ва Нурсултон Назарбоев (ў) Анқарадаги президент саройи олдида, 2016 йил 5 августи.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қозоқ-турк лицейларида ишлаган ҳар қандай шахсни, агар унинг Фатҳуллоҳ Гулан билан “террорчилик алоқалари” борлиги аниқланса, Туркияга қайтаришга ваъда берди.

Бу баёнотни Назарбоев ўтган ҳафта охирида Туркияга қилган сафари чоғида берди.

1999 йилдан буён АҚШда яшайдиган теолог Фатҳуллоҳ Гуланни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 15 июль куни амалга ошмай қолган давлат тўнтариши ташкилотчиси, деб ҳисоблайди.

Туркиядаги ҳарбий тўнтариш уринишидан кўп ўтмай Анқара айрим мамлакатлар ҳукуматларидан Фатҳуллоҳ Гулан билан боғлиқ ўқув юртларини ёпишни талаб қила бошлаган.

Бу талабга турли мамлакатлар турлича жавоб қайтардилар. Дейлик, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркия бошқа, мустақил давлатдаги таълим масалаларига аралашолмаслигини билдирди.

Қозоғистон расмийлари аввалроқ мамлакатда бундай ўқув юртлари мавжуд эмаслиги, қозоқ-турк лицейларининг эса қувғиндаги Гуланга алоқаси йўқлиги ва Остона тасарруфида эканини билдирганлар.

Туркия президенти Остонани Фатҳуллоҳ Гулан билан алоқадор кўрилган 33 лицейнинг ҳаммасини текширишга чақирган. Эрдўғон Туркия ва Қозоғистон раҳбарлари бу ўқув юртларини биргаликда тафтиш қилишга келишиб олганларини айтган.

Президент Нурсултон Назарбоев Остонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қозоғистон бу лицейларнинг ҳаммасини текширувдан ўтказиши ва “террорчиликка алоқадорлиги” ошкор бўлган ҳар қандай шахсни Туркияга топширишини билдирди.

- Булар давлат назорати остида бўлган мактаблардир. Биз Туркияга таҳдид соладиган ҳеч кимни қўлламаймиз. Бу бизнинг манфаатимизга тўғри келмайди. Биз бу мактабларнинг ҳаммасини текширишга келишиб олдик. Агар уларнинг [Гуланга] алоқадорлиги исботланса, ўқитувчиларни алмаштирамиз. Бу мактаблар фаолияти ҳақидаги келишувни биз марҳум президент [Турғут] Ўзал даврида имзолаганмиз. Бу мактабларда ўқиш пулли ва таълим даражаси жуда юқори. У ерларда 9 минг чоғли одам ўқийди. Аммо, агар улар орасида террорчиликка алоқадор бирор кимса бўлса, биз Туркия талабига тўла жавоб берамиз, - дея иқтибос келтиради Назарбоев сўзларидан Tengrinews.kz агентлиги.

Фатҳуллоҳ Гулан Туркияда обрў-эътибори баланд шахслардан бири бўлиб ҳисобланади. Гулан Эрдўғон ҳокимият тепасига келган дастлабки йилларда у билан бир сафда бўлган, кейинчалик уларнинг йўли айрилган.

Ўтган ҳафта Анқара Фатҳуллоҳ Гуланни қамоққа олиш учун ордер берди, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса Гуланга алоқадор бутун бизнесни “таг-томири билан қуритиш”ни ваъда қилди.

Анқара Вашингтондан Гуланни Туркияга топширишни талаб қилиб келаяпти. Бироқ Вашингтон Гуланнинг айбдорлиги тўғрисида аниқ далиллар тақдим қилингандагина уни Анқарага топшириши мумкинлигини маълум қилган.

Айни пайтда АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилувчи Фатҳуллоҳ Гулан Туркиядаги давлат тўнтариши уринишига алоқаси борлигини мутлақо рад этиб келмоқда. У ўз ҳаракати тинчлик, таълим, мўътадил ислом, демократия ғояларини олға суриши ва давлат тўнтаришлари билан шуғулланмаслигини иддао қилади.

15 июль оқшомида Туркияда ҳарбий тўнтариш уриниши чоғида 270 дан зиёд одам нобуд бўлган. Муваффақиятсиз бу ҳаракатдан кейин ўтган бир неча кун ичида 18 минг чоғли одам қўлга олинган, ўн минглаб давлат хизматчиси ишдан бўшатилган. Туркия қуролли кучларида ҳам ҳарбий қисмларни гуланчилардан тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG