Линклар

Назарбоев террорчиларга "ўлим жазоси" беришга чақирди


Террорга қарши машғулотларда иштирок этган президент Нурсултан Назарбоев

Террорга қарши машғулотларда иштирок этган президент Нурсултан Назарбоев

Ақтўбедаги ҳужумларидан 3 кун ўтиб, халқига мурожаат қилган Қозоғистон президенти Назарбоев террорчиларга "ўлим жазоси" беришга чақирди. У Ақтўбедаги терактларга алоқадор шахсларни тутиш, қаршилик кўрсатса, "аёвсиз йўқ қилиш"га топшириқ берди. Президентга кўра, террор ҳужумлари "ташқаридан олинган кўрсатма" асосида амалга оширилган.

Нурсултон Назарбоев террорчиларга қарши "энг қатъий чоралар" билан курашишини таъкидлади.

Президентнинг халқига видео-мурожаати икки тилда эълон қилинди ва у қозоқ тилидаги мурожаатида "қўлига қурол олган ва одам ўлдирган шахс ўлим жазосига ҳукм қилиниши керак" деди.

Президент 5 июнь куни Ақтўбеда бўлган террор ҳужумларини "псевдо-диний радикал оқимларга эргашган шахслар" содир этгани ҳақида воқеа куни қозоқ ҳуқуқ-тартибот идоралари берган баёнотни такрорлади.

Қозоғистон президенти фикрича, бу шахслар террор ҳужумларини "ташқаридан олинган кўрсатма" асосида амалга оширган.

"Давлатимиз либерал сиёсати ва қонунларидан фойдаланган ҳолда кимдир давлат ҳукуматининг нақадар мустаҳкамлигини текшириб кўрмоқчи бўлди. Таъкидлайманки, биз экстремист ва террорчиларни бостириш учун доим энг қатъий чораларни қўллаймиз. Бунинг учун давлатимизда зарур имконият ва қудрат бор. Яхши биламизки, "рангли инқилоблар" турли услубларда амалга оширилади ва махсус уюштирилган намойишлар, қотилликлар, ҳокимиятни эгаллаш ҳаракатларидан бошланади. Бу аломатлар бизнинг мамлакатда кўринди", деди Назарбоев.

Эслатиш жоиз, Қозоғистонда 2003 йилда ўлим жазосига мораторий эълон қилинган.

Президент Назарбоев мамлакат халқи, сиёсий ва жамоат ташкилотларини террорга қарши курашда бирлашишга чақирди.

Айни кунларда Ақтўбе аҳолиси 5 июнь кунги отишмалар содир бўлган жойларга гуллар элтмоқда.

5 июнь куни 20 дан ортиқ одамдан иборат гуруҳ шаҳардаги иккита қурол дўкони ҳамда ҳарбий қисмга ҳужум қилди.

Расмий маълумотга кўра, бу гуруҳни қўлга олиш чоғидаги отишмаларда жами 17 одам ўлган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ўлганлардан 11 нафари қуролли гуруҳ аъзоси эканини маълум қилган.

Орадан бир кун ўтиб, бу ҳужум учун масъулиятни ўзини “Қозоғистонни озод қилиш армияси” деб атаган гуруҳ зиммасига олди. Гуруҳ ҳужумларни “Назарбоев диктатурасига қарши, Қозоғистоннинг демократик йўлдан ривожланиши тарафдорларининг илк жангидир”, дея баёнот берди.

Ақтўбеда бундан 5 йил муқаддам Қозоғистон тарихидаги илк теракт содир бўлган эди.

2011 йилнинг 17 майида 25 яшар Рахимжан Махатов вилоят МХХ биноси олдида ўзини портлатиб юборган. Ўшанда худкушнинг ўзи ўлган, 3 одам жароҳатланган.

Шундан сўнг Ақтўбе, Атирау, Астана, Олмаота, Тараз шаҳарларида ҳам "террор ҳужуми" сифатида баҳоланган актлар содир бўлди.

2012 йилда Қозоғистонда эҳтимолий террорчиларни қўлга олиш ва зарарсизлантиришга қаратилган қатор антитеррор амалиётлари ўтказилди. Бу амалиётларда террорчи сифатида гумон қилинган бир неча шахс ўлдирилди.

XS
SM
MD
LG