Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:02

Тожикистонда исёнчи генерал Назарзоданинг жияни қамалди


Собиқ мудофаа вазири Абдуҳалим Назарзода.
Собиқ мудофаа вазири Абдуҳалим Назарзода.

Душанбе шаҳар суди 4 апрель куни собиқ мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзоданинг жияни Алишер Назаровни 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. 2015 йил сентябридаги воқеадан кейиноқ Тожикистонни тарк этган Назаров тўрт муқаддам Россияда қўлга олиниб, Душанбега олиб келинганди.

Сентябрь исёнида асосий айбдор ўлароқ кўрилган генерал Абдуҳалим Назарзоданинг жияни – 28 ёшли Алишер Назаров 3,5 йилга қамалгани ҳақида Озодликнинг тожик хизматига Тожикистон куч ишлатар тузилмаларида ишлайдиган манба маълум қилган. У жиноят ҳақида тегишли идораларни хабардор қилмаганликда айбланган.

Алишернинг отаси Абдураҳим Назаров, расмий маълумотларга кўра, 2015 йил 15 сентябрида отишма чоғида ўлдирилган.

Маълумотларга кўра, Алишер Назаров сентябрь воқеаларигача Душанбе халқаро аэропортида ишлаган, аммо амакиси бошчилик қилгани айтилаётган исёндан кейиноқ Россияга чиқиб кетган.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йил 4 сентябрида Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларидаги икки ҳужум натижасида Тожикистон ички ишлар идораларининг 9 ходими ўлдирилганди. Тожик расмийлари бу ҳужумлар учун масъулиятни ўша пайтгача мудофаа вазири ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Абдуҳалим Назарзода зиммасига юклаган.

Ҳужумдан кейин ўтказилган аксилтеррор амалиёти чоғида куч ишлатар идораларнинг 17 нафар ходими ҳамда Назарзода гуруҳининг 25 нафар аъзоси ҳалок бўлган, генералнинг яна 200 нафар тарафдори қўлга олинган.

Ҳожи Ҳалим лақаби билан танилган генерал Назарзода ўтган йилнинг 16 сентябрь куни ўтказилган амалиётда ўлдирилган. Кейинроқ тожик расмийлари собиқ мудофаа вазири муовини мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида Тожикистон Ислом уйғониш партияси ва хорижий давлатлар кўмагида давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганини иддао қилиб чиқдилар.

Бу воқеалардан сўнг мазкур партияга аъзо бўлган ўнлаб мухолифатчи қўлга олинди, партия раҳбари Муҳиддин Кабирий эса ўтган йил мартида парламент сайлови натижалари эълон қилинганидан кейин Тожикистонни тарк этган ва ўшандан буён хорижда юрибди. Кабирий тожик расмийлари томонидан ўзига ва тарафдорларига қўйилаётган айбловларни рад этган.

Озодлик манбаси 4 апрель куни устидан суд ҳукми ўқилган Алишер Назаров амакиси билан ҳамкорлик қилганликда айбланганини айтади. Тўрт ой муқаддам Россияда қўлга олинган ва Душанбега олиб келинган Алишер Тожикистон Жиноят кодексининг 347-моддаси (Жиноят ҳақида хабар қилмаганлик ёки уни яширганлик) бўйича айбдор, деб топилган.

Алишер Назаров қамалганини тасдиқлаган яқинлари бу борада бирор изоҳ беришдан тийилдилар.

Душанба куни суд генерал Назарзодага тегишли қуролни яширганликда айбланган душанбелик ака-ука Муккомиловлар устидан ҳам ҳукм ўқиди. Садриддин, Нажмиддин ва Муборак Муккомиловлар ўзларига қўйилаётган айблов бўйича айбдор деб топилиб, 1,5 йилдан 6,5 йилгача озодликдан маҳрум қилинганлар.

Ака-укаларнинг яқинлари Озодликка суд ҳукмига нисбатан эътирозлари йўқлигини, чиқарилган ҳукм бўйича шикоят аризаси киритмасликларини билдирдилар.

Аввалроқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Муккомиловлар оиласидан 5 ака-ука қидирувда бўлгани, улардан 3 нафари қўлга олинганини маълум қилган.

2015 йил октябрь ойи бошида тожик милицияси икки тўппонча ва 20 та ўқ сақлаганликда айбланган 3 нафар душанбеликни ушлаганди. Қўлга олинганлар қуролни Муккомиловлардан сотиб олганларини эътироф этганлар.

Ўша пайтда тергов ишлари билан яқиндан таниш бўлган манба Озодликнинг тожик хизматига мусодара қилинган тўппончалар Абдуҳалим Назарзодага тегишли бўлгани, қуроллардан бири эса Мудофаа вазирлиги томонидан берилганини маълум қилганди.

XS
SM
MD
LG