Линклар

Тошкентдаги Низомий университети биноси бузилмоқда


ТДПУ биноси ҳукумат қарори билан вайрон қилинмоқда

ТДПУ биноси ҳукумат қарори билан вайрон қилинмоқда

Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети (ТДПУ) бош биносининг сирт қисми батамом бузиб ташланмоқда. Тошкентнинг Бобур майдонида жойлашган бинони бузиш ишлари июнь ойи охирида талабалар таътилга чиқиши биланоқ бошлатилган.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қарорига мувофиқ, ТДПУ маъмурияти ўтган ҳафта университет бюджети кескин қисқаришини маълум қилганди.

Қарор асосида университетда мавжуд тўққизта факультетдан саккизтаси Тошкентнинг Чилонзор туманига кўчирилмоқда.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ёки вилоятидан бўлмаган бир неча минг талабадан ўз вилоятига қайтиб ўқиш ҳақида "ихтиёрий-мажбурий" аризалар ёзиб олинмоқда.

Университетда мавжуд 750 нафар ўқитувчи ва мураббийлари, Озодлик манбаларига кўра, “деярли икки бараварга” қисқарган.

Улардан айримлари бошқа олийгоҳларга ўтказиб юборилгани, айримлари эса бошқа соҳага ўтаётгани ёда нафақага чиқаётгани айтилади.

"Даҳшатли манзара"

Бино олд деворидаги монументлар ер билан яксон бўлиб ётибди

Бино олд деворидаги монументлар ер билан яксон бўлиб ётибди

Гувоҳларга кўра, ҳозирга келиб тунука деворлар билан ўраб олингани ТДПУ бош биносининг фақат чордеворлари қолган.

Озодликка етиб келган суратларда тўрт қаватли муҳташам бино кираверишига ўрнатилган монументларнинг ер билан яксон бўлиб ётганини кўриш мумкин.

Шанба куни Бобур майдонида бўлган тошкентликлардан бири "даҳшатли манзара"га дуч келганини айтади:

- Ўтаётиб бинонинг олд томонидаги даҳшатли манзарага кўзим тушди. Ер билан яксон бўлиб ётибди. Бешёғочдаги бир бутун меъморлик мажмуасининг энг асосий биносини бузиб ташлашаяпти. Бу - жиноят-ку! Лекин ҳеч ким, миқ этмайди, - деди гувоҳлардан бири.

Вайрон этилаётган бино тасвирлари Facebook тармоғида тарқалиши юзлаб интернет фойдаланувчиларининг эҳтирос ва ғазабга тўла изоҳларни ёзишга ундади.

Баъзилар бинонинг вайрон этилишини "ваҳшийлик" деб атаган бўлса, баъзилар бу ҳолатни Суриянинг Палмира шаҳридаги қадимий обидаларнинг "Исломий давлат" жангарилари томонидан бузиб ташланишига ўхшатган.

Ўзбекистон олийгоҳлари ичида энг йирикларидан бўлган ушбу бинони бузиш ишлари устида, бинони бузаётган ишчилардан бирининг айтишича, Ўзбекистон олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг “шахсан ўзи турибиди”.

Аввал Фрунзе, кейин Низомий, энди Навоий

ТДПУ биносини бузиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда

ТДПУ биносини бузиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда

Ўтган ҳафта ТДПУ маъмурияти ходими ушбу олийгоҳдаги туб ўзгаришлар ҳақида Озодликка изоҳ бераркан, уларни Тошкентда Алишер Навоий номидаги Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилишига боғлаган эди.

Ўзбекистон президентининг 13 майда чиқарган фармонига мувофиқ, ТДПУ бош биноси янги олийгоҳ ихтиёрига топширилмоқда.

Фармонга асосан, Алишер Навоий номидаги университет таркибида учта факультет: ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари, шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.

Ҳозиргача ТДПУ таркибида бўлган Ўзбек тили ва адабиёти факультети ҳам янги университетга қўшиб юборилади.

Шунингдек, Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи Университет таркибига ўтказилиб, унинг негизида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил этилади.

Янги университетда ўқув жараёнини шу йил сентябридан бошлашга қарор қилинган.

ТДПУ Ўзбекистонда энг муҳташам бинолардан бирида жойлашганди

ТДПУ Ўзбекистонда энг муҳташам бинолардан бирида жойлашганди

Низомий номидаги педагогика университети бош биноси Сталин даврида шаклланган меъморчилик оқимларидан бири - алоҳида миллий унсурлар қоришмасидаги неоклассика услубида барпо этилганди.

Бино жойлашган Бобур майдони марказида 1958 йилда Қизил Армия қўмондони Михаил Фрунзенинг от устидаги ҳайкали ўрнатилган эди.

Кейинчалик бу ҳайкал олиб ташланди ва унинг ўрнига 2004 йилда озарий шоири Низомий Ганжавий бюсти ўрнатилди.

Янги режага мувофиқ Низомий Ганжавий бюсти ўрнига шоир Алишер Навоий ҳайкали қад кўтариши лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG