Линклар

logo-print

Новосибирск полицияси маҳаллий бозорда оммавий муштлашув бўлганини инкор этди


Новосибирскнинг Хилокский бозорида меҳнат муҳожирлари жанжаллашди, жароҳат олганлар бор.

Новосибирскнинг Хилокский бозорида меҳнат муҳожирлари жанжаллашди, жароҳат олганлар бор.

Новосибирск шаҳрининг Хилокский бозоридаги оммавий муштлашув тўғрисидаги 11 июль куни пайдо бўлган хабарлар ҳақиқатдан йироқ. Шаҳар полицияси берган бу баёнотга кўра, бозорда "келишмовчилик" бўлган, холос ва у товар бўлиша олмаган бир гуруҳ савдогарлар орасида чиққан. Бироқ Новосибирск шифохоналарига бу жанжалда жароҳат олган меҳнат муҳожирлари келтирилгани маълум бўлди.

Новосибирскдаги айрим оммавий ахборот воситаларида шу йилнинг 11 июлида шаҳарнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилувчи Хилокский бозорида оммавий муштлашув бўлгани тўғрисида хабар тарқади.

Тайга.инфо ва бошқа нашрлар бозордаги ҳодиса гувоҳларига таяниб, жанжалда “иккала тарафдан 200 га яқин тожикистонлик ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари иштирок этгани” тўғрисида ёзди. Сиб.фм радиоси Интернет нашри эса Хилокскийдаги муштлашувдан бир неча кун олдин – 8 июлда бозорчилар ўртасида яна бир тортишув бўлганини маълум қилди.

Бу хабарлар ортидан Озодлик таҳририятига WhatsApp мессенжери орқали мурожаат қилган тингловчилардан бири вазият таранглиги борасида буларни хабар берди.

Мен ҳозир Новосибирскдаман. Бу ерда Хилокский бозорида 3 кундан бери уруш бўлаяпти, ўзбек аёлларимиз 3 кундан бери ишга бориша олмаяпти. Биз ташқарига чиқмай тинчлик сақлаб ўтирибмиз.Бу қандай замон, ҳаммамиз мусулмонлармизку! Аёллармизни кетаётган жойида тўхтатиб темир билан ураяпти, уларда нима айб?”, деб ёзди тингловчи.

Бу тингловчи шаҳар шифохоналарига 19 га яқин одам келтирилганини ҳам қўшимча қилди.

Озодлик вазиятни ойдинлаштириш мақсадида Новосибирск Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, қуйидаги жавобни олди.

- Ҳамма оммавий ахборот воситаларида Хилокский масаласида олдин берилган маълумотга тушунтириш киритилди: “у ерда аслида ҳеч вақо бўлмаган, олдин берилган ваҳимали гаплар ёлғон”.У ерда савдогарларнинг маъмурият билан ўзаро келишмовчилиги бўлган бўлиши мумкин. Аммо миллатлараро низо тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ. Ходимларимиз у ерга боришди, вазиятни назорат қилишаяпти, одамлардан сўраб-суриштиришди, шу жумладан маъмуриятни ҳам. Ҳеч қандай муштлашув бўлмаган, дея полиция расмий позициясини билдирди подполковник Сергей Шчекотин – Новосибирск Ички ишлар бошқармаси Ахборот бўлими бошлиғи.

Айни пайтда, Youtube тармоғида Хилокский бозоридаги вазиятни тасвирловчи видеолар пайдо бўла бошлади.

Телефонга олинган бундай тасвирлардан бирида тизилиб турган юк автомобиллари атрофида юздан ортиқ одам қизғин тортишаётганини кўриш мумкин.

Новосибирскда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик Дилфуза ҳам шаҳарда бир неча кун олдин ваҳимали гаплар тарқагани, турли миш-мишлар пайдо бўлганини тасдиқлади. У ҳозирда шаҳарда тинчлик ўрнатилганини айтади:

- Ҳозир босди-босди бўлди. Ўзбекистон вакиллари ва бошқа раҳбарлар келиб, босди-босди қилишди. Тожиклар ўзбеклар билан жанжал қилибди, деган. Ҳеч нарса бўлмабди, аслида – ваҳима қилворибди. Лекин пичоқланган, болницада ётибди бир неча ярадор бўлганлар, деяпти. Бозорга фуралар келган пайтда тожиклар, ўзбеклар ва озарбайжонлар ўшанга талашиб, жанжал чиқибди. Ҳозир яхши, Новосибирск ҳокими билан Ўзбекистоннинг бу ердаги элчихонасидан вакил келиб, агарда “ўзбек-тожик дейдиган бўлса ҳаммани депорт қиламиз”, деб мажлис қилибди. Менга бу ҳақда ўша бозордаги қизларимиз “Келманг бу ерга, қаттиқ жанг бўлаяпти”, деган эди. “Бир йигит ўлибди” деган гаплар ҳам тасдиқланмади, “Фақат жароҳат олганлар 18-19 киши бор”, деди. Тинчиб кетибди ҳозир, деди шаҳарда ошпазлик қилишини гапирган Дилфуза.

Полиция расмий баёноти ортидан “Хилокский” Савдо маркази раҳбариятининг ҳам вазиятга муносабати билдирилди. Бозор директори Анатолий Зяблов савдо мажмуасида “оддий ҳужжат текшириш амалиётлари бўлаётгани, полиция ва оператив хизматлар ишлаётгани ва миграция қонунчилигини бузганлар аниқланаётгани” тўғрисида гапирди.

Маҳаллий журналистлар маъмурият бозор ҳудудида видео ва фотосуратга олишни тақиқлаганини ҳам гапирмоқда.

Новосибирскдаги ўзбеклар жамияти фаоли Дилхуш Обитовнинг Озодликка билдиришича, савдогарларнинг келишмовчилиги сотувга келган маҳсулотлар устида келиб чиққан.

- Жиндек тўполон бўлди. Бозорда бироз тушунмовчилик бўлди. У ерда передел эмас, шунчаки келган юк устида талашиб қолишган. “Мен сендан олдин олиб қўйганман!- Мен олганман!”, деб тортишув бўлган. Фақат шу юк орқасидан кўтарилган, деди ўзбеклар жамияти вакили.

Маҳаллий ҳокимият муштлашувда жароҳат олган муҳожирлар борасида бирор ортиқча маълумот берганича йўқ.

Хилокский бозорида шаҳар маъмурияти, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистоннинг йирик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб берувчи ширкат раҳбарлари, элчиликлар иштирокида юзага келган келишмовчиликлар масаласида махсус йиғилиш ўтказилгани маълум бўлди.

Хилокский бозорида савдо тўхтагани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG