Линклар

Шошилинч хабар
03 май 2024, Тошкент вақти: 21:28

Қозоқ-ўзбек "тандеми": Марказий Осиё учун яхши, қорақалпоқ фаоллари учун ёмон


Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев. Хива шаҳри, 5 апрель, 2024
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев. Хива шаҳри, 5 апрель, 2024

Қозоғистон ва Ўзбекистон тобора яқинлашмоқда. Бу қадар қалин ҳамкорлик умумият-ла Марказий Осиё учун яхши, бироқ Қозоғистонда яшаётган қорақалпоқ фаоллари учун хайрли эмас. Чунки Нукус воқеаларидан қарийб икки йил ўтган бўлишига қарамай, уларга қамоқ ва экстрадиция хавф солаётир.

Марказий Осиёдаги энг кўп нуфусли икки мамлакатнинг ўзаро алоқалари ҳеч қачон ҳозиргидан яхшироқ бўлмагандир. Бу ҳамкорлик умумият-ла Марказий Осиёга ижобий таъсир этажак, зеро чет мамлакатларнинг узоқ давом этган доминантлиги минтақавий интеграция зарарига хизмат қилди.

Бироқ бу яқинлашув Қозоғистонда яшаётган қорақалпоқ фаоллари ҳаётини янада қийинлаштириб, аҳволларини мавҳум қилиб қўйди. Қарийб икки йил муқаддам Шавкат Мирзиёев ҳукуматининг Қорақалпоғистон Республикасини суверен мақомидан маҳрум этиш таклифи республикада норозилик ва ғалаёнларга олиб келган ва воқеалар қон тўкилиши билан якун топган эди.

Сўнгги уч ойнинг ўзида Қозоғистонда уч нафар қорақалпоқ фаоли ушланди. Ўзбекистон ҳукумати уларни экстрадиция қилишни сўраган.

Олдинроқ бошқа беш фаол Қозоғистон қамоғида бир йил ўтирганидан сўнг озодликка чиқарилган эди. Бу – Қозоғистон қонунчилигига кўра экстрадиция сўрови берилган шахсни қамоқда ушлаб туриш мумкин бўлган энг узоқ муддат ҳисобланади.

Қорақалпоғистон: Қонли намойишлардан бир ой ўтиб кўплаб саволлар очиқ қолмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:58 0:00

Қорақалпоқ диаспораси етакчилари Ўзбекистон билан Қозоғистон халқаро матбуот ва жамоатчиликни чалғитиш учун, ўзаро келишган ҳолда ҳибсга олишнинг айёрона усулларига ўтиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган.

Қозоқлар ва қорақалпоқларнинг тили ва маданиятида кўплаб ўхшашликлар бор.

Асосий мавзуга ўтишдан олдин, икки томонлама ҳамкорликнинг ижобий жиҳатларига тўхталамиз.

“Янги воқелик”ка мослашаётган “тандем”?

Ушбу жиҳатлар ўзбек лидери Шавкат Мирзиёев билан Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг шу ой бошида Хива шаҳрида бўлиб ўтган камтарона, лекин яққол рамзий тусдаги учрашувида намойиш этилди. Тоқаев икки мамлакат “тандем”ини “ўта муҳим” деб атади.

Қозоғистон-Ўзбекистон алоқалари ҳеч қачон Марказий Осиёдаги энг муаммоли алоқалар бўлмаган. Аммо биринчи президентлар – Нурсултон Назарбоев ва Ислом Каримов ўртасида совет даврида бошланган рақобат қўшниларнинг ўзаро муносабатларига соя солиб турди.

Қолаверса, Каримовнинг минтақавий интеграциядан ҳадиксираши ҳам икки томонлама муносабатларга тўсиқ бўлиб келди.

Ўзбекистоннинг иккинчи президенти Шавкат Мирзиёев қўшнилар билан алоқаларда ўз қарашлари борлигини дарҳол кўрсатди.

Мирзиёев 2016 йилда Каримов ўрнига иқтидорга келгани заҳоти Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини белгилаб олишни тезлаштириб, алоқаларни мустаҳкамлади; Қирғизистон ва Тожикистон билан сув масалалари бўйича ҳамкорликда фаол позицияни эгаллади.

Мирзиёев маъмурияти ҳатто Каримов фақат таҳдид манбаи деб қараган Афғонистон билан алоқаларда ҳам хавфсизликка эмас, иқтисодий имкониятларга урғу бераётир.

Тошкентнинг Қозоғистон билан муносабатларига келсак, ҳамкорлик чуқурлашувига Россиянинг Украинага босқини туртки бўлди.

“Икки мамлакат янги воқеликка мослашмоқда, – дейди Озодликка берган изоҳида ўзбекистонлик сиёсатшунос Анвар Назиров. – Илгари Россия улар учун Евроиттифоқ билан савдо-сотиқда ўзига хос коммуникация маркази эди, аммо эндиликда санкциялар туфайли янги йўлларни топишга мажбур бўлишяпти, ўз иқтисодиётини сақлаб қолиш учун бош қотиришяпти”.

Cуверен Ўзбекистондаги суверен Қорақалпоғистон. Тарихий контекст
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:48 0:00

Савдо ва транзит Тоқаев билан Мирзиёевнинг 5 апрел куни Хивада бўлиб ўтган музокараларида кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлди.

Шу қадарки, Тоқаев офиси ўз хабарномасида Қозоғистон ва Ўзбекистон темирйўл маъмуриятлари ўртасида қўшма корхона тузиш ҳақидаги битим номини қора ҳарфлар билан ажратиб кўрсатди. Мазкур корхона Хитой – Қозоғистон – Ўзбекистон йўналишида юк ташувларини ташкил қилиш, айни чоғда Афғонистон орқали Покистон портларига элтувчи йўналишларни ривожлантириш билан шуғулланиши кўзда тутилган.

Икки давлат раҳбарлари, шунингдек, дунё лидерлари бирйўла Марказий Осиёнинг беш мамлакати президентлари билан учрашадиган С5+ формати доирасида минтақавий ҳамкорлик олиб боришни муҳокама қилди.

Бироқ Назиров бошқа, янада муҳим масалалар “Москванинг жиғига тегмаслик учун” расмий баёнотларга киритилмаган бўлиши мумкинлигини айтади.

Сиёсатшунос бу ерда Хитойни Қозоғистон орқали Европа билан боғловчи истиқболли мултимодал савдо йўналиши – Ўрта йўлакда логистика имкониятларини кенгайтириш, шунингдек июл ойида Қозоғистонда Марказий Осиёнинг тўрт мамлакати ҳамда Озарбайжон армиялари иштирокида ҳарбий машқлар ўтказиш масалаларини назарда тутмоқда.

“Украинага қарши урушдаги муваффақиятсизликдан сўнг Россиянинг хавфсизлик кафолати роли сўроқ остида қолди. Марказий Осиё лидерлари уруш шароитида Россия билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтирсалар, Ғарб санкцияларига йўлиқишларини яхши билишади”, дейди Назиров ҳарбий машқлар Россия ва Хитой иштирокисиз ўтказилаётгани сабабини тушунтирар экан.

Қорақалпоқ фаоллари учун хавфсиз мамлакат йўқ

Икки давлат раҳбарлари Хивада Қозоғистондаги қорақалпоқ фаоллари тақдирини ҳам муҳокама қилишдими, йўқми? Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Озодликнинг ушбу саволини жавобсиз қолдирди.

Қозоғистон ТИВ эса Озодлик сўровини Тоқаев маъмуриятига йўналтирди, бироқ мақола эълон қилинди ҳамки маъмуриятдан жавоб йўқ.

Бироқ Конституцияга Қорақалпоғистонни “суверен” мақомидан ва референдум орқали Ўзбекистон таркибидан чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этувчи тузатиш киритиш ташаббуси ортидан кўтарилган ва 21 киши ўлимига олиб келган қонли воқеалардан сўнг қорақалпоқ фаоллари учун хавфсиз мамлакат қолмагани аниқ бўлди ҳисоб.

Мирзиёев тартибсизликларни бостиришга уриниб, кеч бўлса-да тузатишларни бекор қилишга буйруқ берди. Бироқ, зўравонлик сабаблари очиқ-ойдин эканига қарамай, бунинг жабрини айнан қорақалпоқлар тортди.

Ўтган йили Ўзбекистонда ўнлаб оддий кишилар узоқ муддатли қамоқ жазоси олишган бўлса, намойишчиларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган кучишлатар ходимлардан атиги уч нафари суд қилинди.

Қатағонлар ҳануз давом этмоқда.

16 апрел куни Венадаги “Евроосиё учун эркинлик” инсон ҳуқуқлари гуруҳи қорақалпоқ блогери Шингис Таиров видео суратга олиб, унда кўчалардаги пешлавҳалар ўзбек ва рус тилларида эканини, ҳолбуки, қонунга кўра, қорақалпоқ тилида ёзилиши кераклигини айтгани учун 15 суткага қамалганини маълум қилди.

Мирзиёевнинг “илиқлик” сиёсати таъсирида расмий Тошкент 2022 йил июлидаги ғалаёнларга қадар бунақа фаолликка кўпинча тоқат қилиб келган эди. Бироқ энди ўйин қоидалари ўзгарган кўринади.

Қозоғистонда яшашса-да, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш қийинлиги сабабли деярли ҳар доим ўзбек паспортларини сақлаб қолувчи қорақалпоқлар учун бу хайрли ишора эмас.

Инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя қилиш бўйича Қозоғистон халқаро бюроси маълумотига кўра, сўнгги уч ойда Қозоғистонда камида уч қорақалпоқ фаоли ҳибсга олинган: февралда Ақилбек Муратов, мартда Расул Жуманиязов ҳамда апрелнинг бошларида Ринат Утамбетов.

Нукус воқеаларини ёритган Телеграм-канал ортида ким турибди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:02 0:00

Аксар фаоллар сиёсий жиноятда – Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар қилишда гумонланиб, ушлаб турилибди.

Лекин, Ўзбекистоннинг экстрадиция сўровига биноан Қозоғистон қамоғида бир ўтириб чиққан беш фаолдан бири бўлмиш Қўшқарбой Тўрамуратов бошқа қорақалпоқлар носиёсий жиноятлар учун ҳибсда тутиб турилганини, Ўзбекистон уларни шовқин-суронсиз, ими-жимида Тошкентга экстрадиция қилиш учун Қозоғистон билан шунга келишганини иддао қилиб чиқди.

Тўремуратов ушбу маълумотни ҳозирча тасдиқлай олмаслигини тан олса-да, халқаро ташкилотлардан мазкур тенденцияни ўрганишни илтимос қилиб, сўнгги пайтлар Қозоғистон полицияси ҳибсга олишлар бўйича расмий маълумот бермай қўйганига эътибор қаратди.

Расул Жуманиязов ва Ринат Утамбетовга келсак, Тўремуратов Озодлик билан суҳбатда айтишича, уларнинг қўлга олиниши “Қорақалпоғистон иши”даги бош айбланувчи – конституцион тузумни бузиш йўли билан ҳокимиятни босиб олишга уринганликда айбланиб, 16 йилга ҳукм қилинган юрист ва журналист Давлетмурат Тажимуратовни озод этишга қаратилган интернет-кампанияга доир ишнинг бир қисми бўлиши мумкин.

Тўрамуратов айтишича, мазкур кампания ортида турган фаоллардан яна бири – Раҳим Пирназаров ҳозирда Қорақалпоғистонда тўрт йиллик уй қамоғини ўтамоқда.

Озодликда, аммо хавфсиз эмас

Қозоғистонда Тошкент талабига кўра ушланган ҳар қандай қорақалпоқ фаоли камида бир йил қамоқда ўтиряпти.

“Бизнинг ҳукумат биринчи галда сўров берган томон билан сиёсий алоқаларни ҳисобга олади, – дейди Инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя қилиш бўйича Қозоғистон халқаро бюроси адвокати Денис Живаго. – Мазкур ҳолатда сўров бераётган Ўзбекистон бўлиб, ушбу мамлакат билан ҳуқуқ-тартибот соҳасида қатор битимлар мавжуд, умуман, сўнгги пайтларда икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик жуда кенгайган”.

Human Rights Watch’нинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Риттман Қозоғистон қонунчилигида экстрадиция сўрови берилган шахсни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа бирон шароитда сақлаш назарда тутилмаганини айтади.

“Яъни, эркак ёки аёл бўлсин, судсиз 12 ойгача қамоқда ўтиришга мажбур, бу эса унинг эркин ҳаракатланиш, хавфсиз бўлиш ва адолатли суд муҳокамасига оид ҳуқуқлари бузилишини англатади”, дейди эксперт.

Халқаро ОАВларга мунтазам интервьюлар берган таниқли арбоб Ақилбек Муратов қўлга олинганидан сўнг қозоқ расмийлари қорақалпоқ фаолларини ушлаш учун Остона ҳам, Тошкент ҳам аъзо бўлган Минск конвенциясини асос қилиб ола бошладилар.

Бироқ, Риттман фикрича, Қозоғистоннинг инсон ҳақларига оид халқаро мажбуриятлари икки томонлама ёки минтақавий келишувлардан устун бўлмоғи керак.

Қозоқ полицияси томонидан қўлга олинган қорақалпоқ фаолларидан ҳеч бири Ўзбекистонга депортация қилинганича йўқ.

Живаго ўз ташкилоти фаолларни, токи Ўзбекистонда жиноят ишлари ҳануз очиқ экан, Қозоғистонда қолиш улар учун хавфли экани ҳақида огоҳлантирганини айтади.

“Биз уларга бошпана сўраб илтимоснома беришларига кўмаклашдик. Аммо реал ҳаётдаги амалиёт уларга Қозоғистонда бошпана ёки фуқаролик берилмаслигини кўрсатмоқда. Хавфсизлик учун бошқа мамлакатга чиқиб кетганлари маъқул”, таъкидлайди Живаго.

Олмаотадаги қорақалпоқ диаспорасининг машҳур вакили 48 ёшли Тўрамуратов шунга муваффақ бўлиши мумкин. Лекин бу осон бўлмайди.

Ўтган йили Тўремуратов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти конференциясида иштирок этиш учун Полшага бориб, анжуманда Ўзбекистон давлати қорақалпоқларга “зулм” қилаётгани ҳақида сўзлаб берди.

Ўз вақтида, Муратовнинг ушбу инсон ҳақлари конференциясида иштирок этгани Ўзбекистонда унга қарши айбловда қўлланган эди.

Бироқ Муратов Қозоғистонга қайтган бўлса, Тўремуратов Австрияга Полшадан Австрияга йўл олди ва ҳукуматдан бошпана сўради, бироқ Австрия уни Полшага қайтариб юборди. Фаол ҳозирда Полшада яшаб турибди. Эркинликда бўлса-да, ҳар ойда икки марта Полша чегарани қўриқлаш идорасига учраб туриши керак – бу ҳол ажнабий фуқаролар ишлари бўйича бошқарма Тўремуратов иши юзасидан бир қарорга келгунича давом этади.

Форум

XS
SM
MD
LG