Линклар

Обама Европа етакчилари билан Россия агрессиясини муҳокама қилди


Обама ва Шимолий Европанинг беш лидери

Обама ва Шимолий Европанинг беш лидери

Кеча АҚШ Президенти Барак Обама Шимолий Европанинг беш лидери билан Оқ уйда ўтказган музокаралар давомида Россиянинг кучайиб бораётган ҳарбий амбицияларини муҳокама қилди.

Швеция, Дания, Финландия, Норвегия ва Исландия раҳбларлари қатнашган учрашувлар якунда президент Обама “Ҳаммамиз Россиянинг Болтиқ ҳамда Скандинавия ҳудудида кучайиб бораётган, агрессив ҳаракатларидан хавотирдамиз”, деди.

АҚШ президенти олти мамлакат Россияга қарши санкцияларни бекор қилмаслик зарур эканлиги ҳақида келишиб олганини билдирди.

Обама аввалроқ Вашингтон тангликларни озайтиришни истаса-да, Россиянинг ҳар қандай агрессиясига жавоб беришга тайёр эканлигини айтган эди.

“Биз мунтазам равишда диалог қилишга ҳамда Россия билан ҳамкорлик қилишга интиламиз, аммо биз тайёр ва кучли эканлигимизга амин бўлишни ҳамда Россияни ўз ҳарбий ҳаракатлари билан халқаро мажбуриятларини бузмасликка чорлашни истаймиз”, деган эди президент.

Учрашган олти давлат етакчилари эълон қилган умумий билдирувда улар Россиянинг Болтиқ денгизидаги ҳаракатларидан, жумладан, “унинг ядровий ҳаракатлари, эълон қилинмаган машқлари ҳамда Россия учоқ ва сув ости кемаларининг провокацион ҳаркатларидан хавотирда эканликлари” айтилган.

Бу учрашувдан бир неча соат аввал АҚШ ҳамда Польша расмийлари шимолий Польшада Америка етакчилигида яратиладиган янги иншоот қурилишини рамзий бошлаб беришди.

12 май куни АҚШ Москва эътирозларига қарамасдан Руминияда илк маротаба ракеталарга қарши курашувчи тизимни иш ҳолатига келтирди.

13 май куни Россия президенти Владимир Путин эса АҚШнинг Европадаги аксилракета тизимлари Москвани “Россия хавфсизлига учун туғилаётган таҳдидларни бартараф этиш ҳақида ўйлашга мажбурлашини” айтди.

Ҳарбий расмийлар билан учрашган Путин НАТОнинг ракеталардан ҳимояланиш дастури глобал хавфсизликка таҳдид солишини айтди.

Президент Россия “йирик ҳарбий конфликтлардан сақловчи энг ишончли кафолат ҳисобланмиш стратегик мувозанатни сақлаб қолиш учун ҳар қандай чора кўришини” айтди.

Аммо Путин Россия янги ҳарбий пойга бошлашни истамаслигини қўшимча қилди.

Польша шимолида жойлашган Редзиково қишлоғидаги иншоотни 2018 йилгача қуриб битиш режалаштирилган.

Россиянинг Калининград эксклавидан 250 км масофада жойлашган иншоотга 24 дона “СМ-3” ракеталари ҳамда учоқларга қарши тизимлар ўрнатилади.

Бу иншоот Европани ракеталардан ҳимоя қилишга қаратилган қалқоннинг якуний бўғинидир. Мазкур тизим июль ойида қуриб битирилади ва НАТОга топширилади. У Германияда жойлашган АҚШ ҳарбий базасидан туриб бошқарилади.

XS
SM
MD
LG