Линклар

Президент Обама Далласдаги отишма қурбонлари яқинларига таъзия билдирди


АҚШ президенти Барак Обама Даллас шаҳрида намойишлар чоғида полициячиларнинг ўлдирилишини қоралаб чиқди. У беш полициячи ўлими ва етти кишининг яраланишига олиб келган ҳужумни "манфур" дея баҳолади.

АҚШнинг Даллас шаҳрида пайшанба куни икки қора танлининг полиция томонидан ўлдирилишига қарши намойишлар ўтаётган бир пайтда беш полициячи ўлдирилган ва яна олти полициячи яраланганди.

НАТО саммитида иштирок этиш учун Польшага борган президент Обама Даллас мэрига Америка халқи номидан таъзия билдиргани ва унга ҳар қандай ёрдам беришга тайёр эканини айтди.

Даллас полицияси бошлиғи Девид Браун ҳужумлар пистирмадан туриб амалга оширилгани ва изчил режалаштирилганини айтди.

Ҳозирга келиб уч гумонланувчи шахс қўлга олинган ва яна бир нафар ҳалок бўлган.

Хабар агентликларига кўра, тўртинчи ҳужумчи уни қўлга олиш чоғида қаршилик кўрсатган ва полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Полиция отишма юз берган жойда портловчи мослама топилмаганини билдирди.

Дастлабки маълумотларга кўра, полициячилар снайпер милтиқларидан нишонга олинган.

Даллас полицияси бошлиғининг хабар беришича, қўлга олинган шахслар келишиб олган ҳолда ҳаракат қилганлар ва шаҳарда намойишлар бўлаётган бир пайтда полициячиларни нишонга олганлар.

Фавқулодда вазият туфайли Даллас узра парвозлар тўхтатилган.

Полицияга қарши намойишлар интернетда икки кун ичида полициячилар афроамерикаликларни ўлдираётгани тасвирланган иккита видео тарқалиши ортидан бошланди.

Луизиана штатида олинган биринчи видеда икки оқ танли полициячи ерда ётган қора танлига қарата ўқ узгани ва бунинг оқибатида у ўлгани тасвирланган.

7 июлда тарқалган иккинчи видеода эса Миннесота штати полициячиси автомобилда ўтириб, чўнтагидан ҳужжатларини олиш учун қўлини туширган қора танлини отиб ташлаганини кўриш мумкин.

Ушбу ҳодиса тасвирларини автомобилда ўтирган аёл мобил телефони орқали интернетда тарқатган.

XS
SM
MD
LG