Линклар

logo-print

Обама: "Радикал Ислом", десам мўъжиза рўй бериб қолмайди


АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама сешанба кунги чиқишида Республикачилар партиясидан Қўшма Штатлар президенти лавозимига муҳтамал номзод Дональд Трампни мусулмонларга нисбатан позицияси учун қаттиқ танқид қилди.

Бир кун муқаддам Трамп “террор хатари манбаси ҳақида гапираркан, Барак Обама “радикал ислом” каби калималарни ишлатмайди” ҳамда “президент Обама ўзи учун америкаликлар хавфсизлигидан кўра сиёсий боадаблик муҳимроқ эканини исботлаяпти”, деганди.

Мусулмонларнинг АҚШга киришини тақиқлаб қўйишни таклиф қилган Трамп айни пайтда Обамага президентликдан истеъфо беришни, Ҳиллари Клинтонга эса президентлик пойгасидан чекинишни тавсия қилганди.

Обама 14 июндаги чиқишида Трампнинг бу иддаосига жавоб бергандек бўлди. У ўзи президент бўлган етти ярим йил мобайнида “радикал ислом” каби ёрлиқдан фойдаланмаганини тўғри ва зарур стратегия бўлганини урғулади.

- Хавф-хатарни белгилаш учун бошқа атамадан фойдаланиш бизни бу хатардан халос қилмайди, - деди президент Обама.

Обамага кўра, Дональд Трампнинг баёнотлари террорчиларга қўл келиши мумкин.

- Бу уларнинг пропагандасидир, бу уларга тарафдор йиғишда ёрдам берадиган воситадир. Агар биз барча мусулмонларни бир хил рангда кўрсатиб, бутун минтақа билан уруш ҳолатида эканимиз ҳақида тасаввур пайдо қилиб, тузоққа тушадиган бўлсак, террорчиларга жуда катта яхшилик қилган бўламиз, - деди Барак Обама.

Трампнинг мусулмонлар АҚШга киришини вақтинча тақиқлаб қўйиш ҳамда фуқаролари АҚШ ва иттифоқчиларига қарши террор хуружлари содир этган мусулмон ўлкаларидан иммиграцияни тўхтатишга оид янги чақириғига жавоб бераркан, президент Обама бундай фикр ва ғоялар Америка қадриятларига зид келишини билдирди.

Трамп фикрларини АҚШ Конгресси Намояндалар палатасида Республикачилар партиясидан бўлган спикер Пол Райан ҳам танқид қилди.

- Мен мусулмонларнинг (АҚШга) киришини тақиқлаб қўйиш бизнинг мамлакатимиз манфаатига ишлайди, деб ўйламайман. Мен бундай қадам бизнинг мамлакатимиз таянган тамойилларни акс эттиради, деб ўйламайман, - деди Пол Райан.

Душанба куни Республикачилар партиясидан АҚШ президенти лавозимига муҳтамал номзод Дональд Трамп Орландодаги гей клубда содир этилган террор хуружи ортидан ислом ва мусулмонлар хусусидан қатор танқидий баёнотлар берганди.

XS
SM
MD
LG