Линклар

Олмаотада матбуот анжумани ўтказмоқчи бўлган фаолларни полиция тутиб кетди


Полиция томонидан тутиб кетилаётган Маржан Аспандиярова, Олмаота, 2016 йил 29 апрели.

Полиция томонидан тутиб кетилаётган Маржан Аспандиярова, Олмаота, 2016 йил 29 апрели.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “ер масаласи” бўйича матбуот анжумани ўтказишга келган ўнга яқин фаолни Миллий матбуот клуби биноси олдидан полиция тутиб кетди. Фаоллар жума куни пойтахт Остонада ўтказишни режалаган матбуот анжумани ҳам ўтмай қолди.

29 апрель куни соат 11 да Олмаота шаҳрида бир гуруҳ фаол журналистлар учун матбуот анжумани ўтказмоқчи эди. Йиғинда улар “ер масаласи бўйича” тинч митинг ўтказиш учун шаҳар ҳокимиятига талабнома топшириш мавзусида гапирмоқчи эдилар.

Матбуот анжумани таклифномасида нотиқ ўлароқ қайд этилган “Жас Алаш” газетаси бош муҳаррири Рисбек Сарсенбайули ва фаол Мухтар Тайжанни Миллий матбуот клубига кетиш чоғида полициячилар тўхтатиб қолганлар.

Мухтар Тайжан Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири билан телефон орқали қисқа суҳбатда уни қўлга олганларини айтишга улгурган. У билан қайта боғланишнинг имкони бўлмаган.

Рисбек Сарсенбайулининг машинасини эса эрталаб Думан мавзеидаги экологик пост ёнида полициячилар тўхтатиб, ҳеч бир изоҳсиз Медеу туман ички ишлар бошқармасига олиб кетганлар. Сарсенбайули қўлга олиш чоғида унинг ёнида рафиқаси Маржан Аспандиярова бўлгани, кейин у Миллий матбуот клубига кетганини айтган.

Матбуот анжумани ўтадиган жойга келган бошқа фаоллар ҳам полиция томонидан тутилиб, бўлимга олиб кетилган. Полиция бўлимига олиб кетилганлар орасида Маржан Аспандиярова, мухолифатчи Амиржан Қўсанов, мухолифатчи журналист Ермурат Бапи, журналист ва фаоллар Инга Иманбай, Жанбўлат Мамай, Ғалим Агелеуов ва бошқалар бор эди. Айтилишича, уларни ҳам Медеу туман ички ишлар бошқармасига олиб кетганлар.

Матбуот анжумани таклифномасида айтилишича, фаоллар журналистлар олдида жорий йилнинг 7 май куни “Еримизни муҳофаза қилайлик – Она тилимизни сақлаб қолайлик!” деб номланган умуммиллий тинч йиғилиш ўтказиш учун шаҳар ҳокимиятига талабнома топшириш хусусида сўзламоқчи эдилар.

Жума куни пойтахт Остонада ҳам “Алаш жўли” ҳаракати тамсилчилари бўлмиш фаолларнинг матбуот анжумани ўтмай қолган. Маҳаллий меҳмонхонада соат 11 да бошланиши лозим бўлган тадбирда улар, айтишлари бўйича, “муҳим баёнот” билан чиқмоқчи бўлганлар.

Ҳаракатнинг ташкилий қўмитаси аъзоси Амандиқ Даулетбекули Озодликка матбуот анжумани ўтказилиши керак бўлган меҳмонхона мутасаддилари, ўзаро келишув бўлганига қарамай, уларга жой беришдан бош тортганлар.

- Биз келганимизда меҳмонхона вакили уларнинг олдига миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари келиб, суҳбат ўтказиб кетишганини айтди. Меҳмонхона ходими: “Узр, аммо биз сизга бу матбуот анжуманини ўтказиш учун рухсат беролмаймиз” деб, пулимизни қайтариб берди, - деди Амандиқ Даулетбекули.

“Алаш жўли” ўзини “расмийларнинг қишлоқ хўжалик ерларини чет элликларга ижарага бериш режасига қарши” тузилган ҳаракат ўлароқ тақдим этади.

Сўнгги кунларда Қозоғистоннинг қатор йирик шаҳарларида “ер сотилиши”га қарши рухсат этилмаган оммавий митинглар бўлиб ўтди. Хусусан, 24 апрель куни бундай намойиш Атирауда, 27 апрель куни эса Семей ва Ақтўбеда ўтказилди. 28 апрель куни эса полициячилар Ақтауда “ер масаласи бўйича” митингга йиғилган одамларни намойиш ўтказишга қўймай, марказий майдондан сиқиб чиқардилар.

Норозилик намойишларига қозоқ расмийларининг жорий йил 1 июлидан экин экиладиган 1 миллион 700 минг гектар ер кимошдига қўйилиши ҳақидаги баёнотлари сабаб бўлган.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 26 апрель куни ер сотилиши масаласини чайқов қилаётган провокаторлар “фош қилиниши ва жазога тортилиши лозим”лиги ҳақида билдирганди.

Жорий ҳафта бошида Қозоғистон бош прокурори этиб тайинланган Жақип Асанов кеча “ёлғон маълумот тарқатганлик учун”, хусусан, ер масаласида нотўғри маълумот тарқатганлик учун маҳаллий қонунчиликда жазо борлигини эслатганди.

XS
SM
MD
LG