Линклар

“Олмаота мергани” ўлим жазосига ҳукм қилинди


Олмаота марказида ўн кишини ўлдирганликда айбланмиш Руслан Кулекбаев, 2016 йил 2 ноябри.

Олмаота марказида ўн кишини ўлдирганликда айбланмиш Руслан Кулекбаев, 2016 йил 2 ноябри.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри марказида 18 июль куни қуролли ҳужум уюштириб, ўн кишини ўлдиришда айбланган Руслан Кулекбаев ўлим жазосига ҳукм қилинди. Суд ҳукмида Кулекбаевнинг мол-мулки ҳам мусодара қилиниши айтилган.

2 ноябрь куни Олмаота суди Руслан Кулекбаевни мол-мулкини мусодара қилиш йўли билан ўлим жазосига ҳукм қилди. Унга ўн кишининг умрига зомин бўлган террор хуружи содир этганлик ҳамда уч ватандошни ўлдиришга қасдланганлик айблови қўйилган. Бундан ташқари, “Олмаота мергани” ноқонуний қурол, ўқ-дори ва портловчи моддалар сақлаганлик, бировнинг автомобилига ноқонуний эга бўлиб олганлик ва бошқа моддаларда ҳам айбланган.

Судда айтган сўнгги сўзида Кулекбаев қотилликларни куч ишлатар идоралар уни ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилгани ва ҳамфикрларини жазолагани учун содир этганини айтган. У қилган ишидан пушаймон эмаслигини, бироқ “жабрланганларнинг изтироблари”ни тушунишини ва ҳар қанақа жазога тайёрлигини билдирган.

Руслан Кулекбаев қўлидан қазо топганларнинг яқинлари аввалги маҳкамаларда у фавқулодда жазога лойиқлигини айтганлар, айримлари эса Кулекбаевга ўлим жазоси берилишини сўраганлар.

Кулекбаев билан бирга бу иш юзасидан яна беш киши судланган. Улар уч йилдан ўн ярим йилгача қамоқ жазосини олганлар.

Прокурор Бакашбаев судда Кулекбаевнинг айбдорлиги тўлалигича исботланганини урғулаб, унга ўлим жазоси берилишини сўраган.

Қозоғистон Жиноят кодексида ўта оғир жиноятлар учун ўлим жазоси берилиши кўзда тутилган, бироқ мамлакатда ўлим жазоси ижросига мораторий жорий қилинган. Бу мораторий 2003 йил декабрида президент Назарбоев томонидан имзоланган фармон билан киритилган.

Кулекбаев иши бўйича маҳкама жараёни салкам уч ҳафта давом этган. Хавфсизлик чоралари кучайтирилган ҳолда ўтказилган маҳкама тергов ҳибсхонасида ўтган.

Жорий йилнинг 18 июль куни Алмали туман ички ишлар бошқармаси ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитаси департаменти биносига қилинган қуролли ҳужум оқибатида Олмаотада ўн киши ҳалок бўлган. Улардан саккиз нафари куч ишлатар тузилмалар ходимлари, қолган иккиси эса оддий олмаоталиклар бўлган. Бу ҳужумда гумонланмиш 26 ёшли Руслан Кулекбаев ўша куниёқ ҳибсга олинган. Расмийлар бу ҳужумни “террор хуружи” дея баҳолаганлар.

Полициядан билдиришларича, бу ҳужум билан Кулекбаев гўё қамоқда хазон бўлган йиллари учун ўч олмоқчи бўлган. Олмаоталик мерган бунгача ноқонуний қурол сақлаганлик ва талончиликда айбланиб, қамалиб чиққан.

XS
SM
MD
LG