Линклар

Қозоғистоннинг собиқ пойтахти Олмаота шаҳри шоҳкўчаларидан бирига қараган бино бир қарашда шарқона орнаментларга ўхшаш безаклар билан безалган. Аммо мутахассислар бу безаклар араб ёзуви экани, уларда улуғ ва пок Оллоҳ зикри акс этганини таъкидламоқдалар.

Қозоғистонлик диншунослар шу кунда бундан 50 йиллар муқаддам қурилган кўп қаватли уй ташидаги безаклар устида бош қотирмоқда. Эксперт Асилбек Ўринбосаров таъкидича, араб ёзувини билган одамлар бу безакларни бирлаштириб, “Субҳоноллоҳ”, “Муҳаммад” ва бошқа ёзувларни ўқиши мумкин.

Илк қарашда шарқона орнаментга ўхшаган бу безаклар, мутахассислар фикрича, аслида эски Кўфий ёзув намуналари бўлиб ҳисобланади.

- Бу ерда арабчада "Субҳоноллоҳ" ёзилган. Бу “Оллоҳ покдир” деган маънони англатади. Мана бу ерда эса “Муҳаммад” деб ёзилган, - дейди Асилбек Ўринбасаров.

Халқ тилида “хрушчевка” деб аталадиган беш қаватли бу уйда яшовчилар девордаги безаклар нимани англатиши ҳақида ҳеч қачон бош қотирмаган эканлар.

- Уйимиз эскигина, шунинг учун унинг таъмирланишини истардик. Энди бу безаклар ҳақида билганимдан кейин ўйланиб қолдим. Балки уларни олиб ташлаш керак эмасдир. Чунки бу бизнинг уйимиз тарихи, бу жуда қизиқ, - дейди бу уйда яшовчи аёллардан бири.

- У ерда пайғамбаримизнинг исми ёзилган бўлса, мен бу ёзувлар қолишига қарши эмасман, қолгани маъқул, - дейди уйнинг бошқа бир турғуни.

Аммо бу уйда яшайдиган олмаоталикларнинг ҳаммаси ҳам шу фикрда эмас.

- Бу ўзига хос ташвиқот, бировга фикрни зўрлаб ўтказишдир. Бизда турли динга мансуб одамлар яшайди – мусулмонлар ҳам, насронийлар ҳам, буддавийлар ҳам, яҳудийлар ҳам бор. Шунинг учун мен бу ёзувларни олиб ташлаш лозим бўлса керак, деб ўйлайман, - дейди мазкур уйда яшайдиган русийзабонлардан бири.

Қозоғистонлик экспертлар атеистик ташвиқот авжига минган паллада бунёд қилинмиш бу уй меъморлари бунинг диний матн бўлганини англамаганлар ва шунчаки шарқона безак ўлароқ қабул қилганлар, деган фикрда.

Бироқ хаттот Серик Тожибоев бу фикрга қўшилмайди. Унинг айтишича, кўп қаватли бинода бу ёзувлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганига ишора қилувчи аломатлар бор.

- У ерда “Оллоҳу акбар”, “Субҳоноллоҳ” ва “Муҳаммад” сўзлари ҳам бўйига, ҳам энига қаторасига ёзилиб турибди. Бу иш қандайдир мақсадни кўзлаб қилинган, кимдир буни атайлаб кўрсатишни истаган. Бу ерда фалсафий нуқтаи назарда муайян ғоя бор, - дейди Олмаотадаги “Нур-Муборак” Миср ва Ислом маданияти университети ўқитувчиси Серик Тожибоев.

Беш қаватли уйдаги қуръоний матнлар ҳақида қозоқ расмийлари ҳам, диний идора вакиллари ҳам ҳали ҳеч қанақа расмий баёнот берганлари йўқ. Айни пайтда диншунослар бу ёзувлар ҳеч қанақа салбий маъно ташимаслиги ва экстремистик чақириқларни акс эттирмаслигини урғуламоқдалар.

Олмаотадаги кўп қаватли уй деворини безаган матнларга ўхшаш ёзувларни Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларида сақланиб қолган масжид-мадрасалар деворларида ҳам учратиш мумкин.

XS
SM
MD
LG