Линклар

Тошкентда Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти саммити арафасида таъмири битиб, фойдаланишга топширилган "Олой деҳқон бозори" сотувчисидан янги расталар мажбуран сотилаётгани ҳақида шикоят бўлди. Бозорнинг гул сотиладиган қисмида узоқ йиллардан буён савдо қилиб келаётган тужжор савдо жойи учун алоҳида пул тўларкан, бунинг устига 1 метр квадратлик раста учун 800 минг сўм талаб қилинаётганини иддао қилди.

Тошкентнинг марказида жойлашган "Олой деҳқон бозори"да 6-7 йилдан бери гул сотиб келган сотувчи исмини сир сақлаш шарти билан Озодликка сўзлади:

- Бозорнинг гул сотиладиган қисмини ҳам тўлиқ таъмирдан чиқаришди. Энди биз ўз жойимизга савдо қилгани борсак, 1 метрлик жойга 800 минг сўм тўлайсизлар, шунақа жойдан иккитасини оласизлар, деб мажбурлашяпти. Биз жой пулини тўлаймиз, қоровул пулини тўлаймиз. Энди бу қўшимча тўлов нимага, десак саволимизга аниқ жавоб беришмаяпти. Тушунишимизча, шу расталарни қуриб бергани учун биздан 1 миллион 600 минг сўмдан пул олишармиш. Шунга уларнинг ҳаққи борми? Бу давлатнинг пулига таъмирланди-ку, нега яна биздан пул олишмоқчи? - дея савол билан юзланди сотувчи.

Озодлик саволга жавоб олиш учун "Олой деҳқон бозори" акционерлик жамиятига боғланишга уринди, аммо ҳозирча жавоб ололмади.

Қуйида бозор сотувчиси билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити арафасида меҳмонларга тақдим қилинган Тошкентдаги иккита йирик бозор - Олой ва Миробод бозорлари 15 миллиард сўмга (расмий курс бўйича 5,1 миллион АҚШ долларидан кўпроқ) тушди.

Ўзбекистон маҳаллий нашрларининг хабар қилишича, қайта қурилган Олой бозорига 464 ўринли янги павильон қўшилган. Бозор шарқона қандолат маҳсулотлари, гўшт, сут-қатиқ ва нон расталари билан бойитилган.

Ҳозирда “Тошбозорсавдо” давлат уюшмасига Олой ва Миробод бозорлари дохил 14 та деҳқон бозори, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиладиган битта улгуржи бозор, 2 та ихтисослашган бозор ва 6 та савдо мажмуаси киради.

Расмийлар яқин йилларда Тошкент бозорларидаги давлат улушини 51 фоизгача қисқартиришга ваъда қилганлар. Бу эса бозорлар жилови барибир давлатнинг қўлида қолаверишини англатади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG