Линклар

logo-print

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг маркировка қилинмаган жойида ўзбек чегарачилари Конибодом туманининг Патар жамоатидан бўлган Ҳайдар Қўзиевни яралаб, ўзлари билан Қўқонга олиб кетганлар.

Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизматига Патар жамоати Яккатерак қишлоғи раиси Эргаш Мамажонов 29 июнь куни маълум қилди.

Раиснинг айтишича, мазкур нохуш ҳодиса ўтган ҳафта содир бўлган ва Ҳайдар Қўзиев ўшандан бери Ўзбекистондаги тергов ҳибсхонасида сақланаяпти.

Эргаш Мамажонов Ҳайдар асосан чўпонлик билан шуғулланишини, воқеа содир бўлган пайтда ҳам мол боқиб юрганини айтади.

- Ҳайдар икки қишлоқдоши билан қишлоқ четида мол боқиб юрган экан. У ерга ўзбек чегарачилари келиб, ўзлари билан 10-12 бош қорамолни ҳайдаб кетишибди. У ўз молларини қайтариб олиш учун уларнинг орқасидан кетибди, бироқ чегарачилар билан тўқнаш келганда орқасига тисарилибди. Ўзбек чегарачилари аввалига осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ отишибди, кейин эса уни яралашибди, - деди Яккатерак қишлоғи раиси Эргаш Мамажонов.

Раисга кўра, ярадор конибодомликни аввалига чегарага яқин жойда жойлашган Бешариқ шаҳри касалхонасига олиб боришган, ўзини яхшироқ ҳис қила бошлагач эса Қўқонга олиб кетишган. Ўзбек расмийлари Тожикистон томонидан Ҳайдар Қўзиевнинг паспорт маълумотлари ва у ҳақда маълумотнома юборишни сўраганлар.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига қарашли давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси бу масала юзасидан ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

Бу сўнгги бир йил мобайнида ўзбек-тожик чегарасида ўзбек чегарачилари тожикистонлик фуқарони яралаб, ўзи билан олиб кетиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир. Ўтган йил июлида ҳам ўзбек чегарачилари мол боқиб юрган конибодомлик Тўлқинбой Усмонов ва Хушёр Қобиловни ушлаб кетишганди, ўшанда улар Усмоновни оёғидан яралаганлар.

Ўзбекистон чегара хизмати ўша пайтда тарқатилган расмий хабарида ҳодиса юзасидан айбни иккала тожикистонликка юклаган. Ўзбек чегарачилари иддаосича, улар чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтганлар ва чегарачиларга қаршилик кўрсатганлар.

Ўзбек-тожик чегара чизиғи Патар жамоатининг 10 километрча нарисидан ўтади. Маҳаллий аҳоли у жойларни Тўқай, деб атайди. Бу ердан чегара чизиғи ўтганини Тожикистон томонидан ўрнатилган чегара минораси ҳамда ундан 100 метрлар нарида Ўзбекистон томонидан тортилган тиканли симдангина билиш мумкин.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ўзбекистоннинг олти вилояти билан чегарадош. Тожикистоннинг бу чегара ҳудудларида, асосан, ўзбеклар истиқомат қилади.

2000 йилда Ўзбекистон Тожикистон билан виза тартиби жорий қилганидан сўнг чегаралар орасига тиканли симлар тортилган, тоғли ҳудудларга миналар кўмилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG