Линклар

МХХнинг Шеробод бўлими тадбиркорларга "қалампир тиқаман", деб таҳдид қилди


Шеробод, Сурхондарё вилояти

Шеробод, Сурхондарё вилояти

Сурхондарё вилояти Шеробод тумани миллий хавфсизлик хизмати бўлими бошлиғи туман тадбиркорларини йиғиб, нақд пул топширишни кўпайтиришни талаб қилди. Озодликка шикоят қилган тадбиркорларнинг иддао қилишича, МХХ бўлими бошлиғи нақд пул топшириш режасини бажармаган тадбиркорнинг кетига қалампир тиқиш ва уни йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилган.

28 июль куни Шеробод тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда қатнашган, исми сир қолишини сўраган тадбиркорнинг айтишича, мажлисда асосан нақд пул тушуми масаласи муҳокама қилинган:

“Мажлисни СНБ бошлиғи Баҳром ака олиб борди. У ҳамма тадбиркорларни турғизиб “нега кам пул топширяпсан”, деб ҳақорат қилди. Масалан, “Висол” тўйхонаси эгаси Зафар акани турғазиб қўйиб, кетингга қалампир тиқаман, деди. У бечорани айби, кам нақд пул топшираётган экан. У бечора қўрқиб, ҳозир таниш-билишларидан қарз сўраб юрибди”, деб иддао қилди тадбиркор.

Ушбу йиғилишда қатнашган шерободлик бошқа бир тадбиркор эса, МХХ бошлиғи уларни қаматиш билан таҳдид қилганини иддао қилади:

“Мен ўзим ҳам чала ва дабдала қилиб қурилган “Шербарака” бозорида савдо қиламан. Бизга 6 миллион сўм нақд пул топшириш режасини қўйишган. Биз кунига зўрға 100-150 минг сўм савдо қиламиз. Нақд пулнинг ўзи йўқ. Ўқитувчида ҳам, пенсионерда ҳам пластик. Биз пластикка товар сотиб, уни яна 18-25 фоизга пластикчиларга бериб, нақд қилдиряпмиз. Энди ўзингиз ўйланг, биз қаердан бунча пулни топиб берамиз, пул заводимиз йўқку. Мажлисда Баҳром ака савдогарларга қараб планни бажармаганларингни йўқ қилиб юбораман", деб таҳдид қилди, деди тадбиркор.

Унинг айтишича, бозор солиқларининг катталиги ҳам тадбиркорларни эзиб юборяпти:

“Дўконимиз ижараси учун 1 миллион сўм, бозор ижараси 256 минг сўм, солиққа 520 минг сўм, светга 30 минг сўм, жами бир ойда 1 миллион 806 минг сўм тўлаймиз. Буни 30 кунга бўлсак, кунига 60200 сўмдан тушади. Биз роботдай ишласак ҳам бунча харажатларни қоплаёлмаяпмиз. Ҳаммамиз минусга кириб кетдик, банкрот бўляпмиз. Бунинг устига МХХнинг таҳдиди ҳаммасидан ошиб тушяпти”, деди тадбиркор.

Халқ банки Шеробод туман бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, ҳақиқатан ҳам нақд пул тушумини МХХ назорат қилаётганини айтди:

“Ҳақиқатан ҳам тадбиркорларга нақд пул топшириш режаси солинган. Ҳозир шу бажарилмай қолди. Шунинг учун бу масалани МХХ ўз назоратига олган”, деди банк мулозими.

Шеробод тумани миллий хавфсизлик хизматидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида қонун шу пайтгача қабул қилинмаган.

1991 йил 2 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги Низомда, бу ташкилотнинг асосий вазифаси разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш, чегаралар хавфсизлигини таъминлаш, давлат сирлари ва ахборотни муҳофаза қилиш, халқ хўжалиги ва бошқа объектларда хавфсизликни таъминлаш каби муҳим масалалар эканлиги қайд қилинган.

Нақд пул тушумини назорат қилиш ҳам МХХ ихтиёрига ўтгани мамлакатда бу муаммонинг боши берк кўчага кириб қолганидан далолат беради.

Ўтган йил Озодликка сиздирилган Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосарининг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган ҳисоботида мамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги боис банкларнинг ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани тўғрисида огоҳлантирилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG