Линклар

Андижонлик болаларни оиласига қовуштирган чех журналистига Ўзбекистон виза бермаяпти


Андижонлик қочқинларнинг Ўзбекистонда қолиб кетган болаларини Чехияга олиб келган ва оиласига қовуштирган чехиялик журналист Томаш Влах Тошкент ҳукумати унга виза бермаётганини айтди. Саккиз йил аввал у олти бола ва бир аёлни Андижондан Чехияга олиб келган эди.

Чехиялик мустақил журналист Томаш Влах Озодлик билан суҳбатда ўшандан буён Ўзбекистон ҳукумати унга виза бермаётгани ва Тошкент учун исталмаган шахсга айланган бўлишини айтди.

– Ҳатто транзит визасини ҳам беришмаяпти. Бир марта Афғонистонга Тошкент орқали учмоқчи бўлдим. Ўзбекистон элчихонасидан транзит визаси сўраб мурожаат этганимда, олдинига “берамиз, муаммо йўқ” дейишди. Кейин, “қани виза”, десам “йўқ” деган жавоб олдим. “Умуман бермайсизларми”, десам “ҳа” дейишди. Ҳозир сўрасам беришадими, йўқми, билмайман, - дейди Влах.

Аммо, журналист андижонлик қочқинларга ёрдам қилганига афсусланмайди.

– Ҳаётимдаги энг эзгу иш деб биламан буни. Ўшанда билганман бу ишим Ўзбекистон ҳукуматига ёқмаслигини. Лекин, қандайдир ҳукумат мендан хафа бўлади, деб ота-онасидан йироқда қолиб кетган болаларга ёрдам қилмаслигим керак эдими? Болаларга ёрдам керак эди-да ўшанда. Мен учун уларни оиласига қовуштириш муҳим эди. Ўзбекистон ҳукумати бир томондан оила муқаддас эканини айтиб келади, бошқа томондан қочқинларни фарзандларини гаровга олади. Бу ақлга сиғмайдиган хол эди. Кейин билсак Андижондан қочиб кетганларни қайтариш учун улар болалари орқали босим ўтказишган, - дейди чехиялик журналист.

2005 йилнинг майида Андижонда ҳукумат кучлари оддий одамларга ўт очиши ортидан 500га яқин ўзбекистонликлар аввало Ўш, сўнгра Руминия ва у ердан учинчи давлатларга кўчирилганди.

15 андижонлик қочқин Чехияда бошпана топишганди. Бироқ кўпларининг оила аъзолари Андижонда қолиб кетишганди. Ўшанда Чехия ҳукумати уларни ота-оналари билан бирлаштиришга ҳаракат қилди.

Бу натижа бермагач чехиялик журналист Томаш Влах халқаро ташкилотлар кўмагида болаларни Қирғизистон орқали Чехияга олиб келди, Прага аэропортида болаларни ота-оналари қўлига топширди.

Чехиялик журналист ўшандан бери Андижондан олиб келинган болаларни кўрмаганини айтади.

– Ўшанда ота-оналари болаларини бағрига олиб йиғлаганини кўрдим. Уларни кўриб мен ҳам йиғлаганман ўшанда. Кейин хайрлашдик ва ўшандан бери уларни кўрмадим. Улар билан учрашишини жуда истар эдим, - дейди чехиялик журналист Томаш Влах.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG