Линклар

Тошкентда камида бир киши куйдиргига чалингани аниқланди


Иллюстрация. Суратнинг Ўзбекистондаги вазиятга алоқаси йўқ.

Иллюстрация. Суратнинг Ўзбекистондаги вазиятга алоқаси йўқ.

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда куйдирги (антракс, русчаси -сибирская язва) касаллиги тарқагани борасида муҳокамалар қизимоқда. Гўëки куйдирги оқибатида яра тошган одамлар расмлари ва овозли файллар телефондан телефонга кўчиб ваҳимани кучайтирмоқда.

Бу ваҳималар ортидан Озодлик ўз суриштирувини ўтказди.

Озодликка маълум бўлишича¸ 1 июль куни Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев куйдиргининг олдини олиш бўйича селектор кенгаш ўтказган.

Республика давлат санитария эпидемиология назорат марказидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ бу селектор кенгашдан кейин чорва молларини куйдиргига қарши навбатдан ташқари вакцинация қилиш бўйича кўрсатма тарқатилган.

Манбанинг айтишича¸ мол гўшти билан савдо қиладиган дўкончи ва қассоблар ҳам текширилмоқда.

Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ куйдирги касаллигига чалинганликда гумон қилиниб, бир киши Тошкентдаги шифохонага ётқизилган:

- Катта ваҳимага асос йўқ. Билишимча, бир киши қорамол гўштидан заҳарланиб куйдирги тахмини билан касалхонага ëтқизилди. Бу бемор аëл 22- формани тўлдириб, лаборатория текширувидан ўтказилгани ҳақида маълумот бор¸ деди Соғлиқни сақлаш бошқармасидаги манба.

Манба айтган Тошкентдаги касалхонага боғландик. Маълум бўлишича¸ бир ҳафта олдин бир бемор куйдирги тахмини билан лаборатория тестидан ўтказилиб, бошқа бир касалхонага юборилган. Бу касалхона билан боғланганимизда яқин ўн кун ичида куйдирги ташҳиси билан ҳеч ким мурожаат қилмаган.

- Сибирская язва касали эҳтимоли бўлган беморлар бизга келиши керак¸ лекин кейинги 10 кунда бундай бемор қайд қилинмади. Куйдирги тарқаб кетибди¸ куйдиргидан одам ўлибди, деган хавотир билан телефон қилаëтганлар сўнгги икки кун ичида кўпайиб кетди¸ дейди касалхонадаги манба.

Ўзбекистонда “куйдирги ваҳимаси” қўшни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида икки кишининг куйдирги касалига чалингани ҳақидаги ҳабарлар тарқалган пайтга тўғри келди.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотга кўра¸ куйдирги касали олдин Қарағанда вилоятида тарқаб¸ кейин Ўзбекистонга қўшни Жанубий Қозоғистонга ўтган.

Ўтган йилларда Ўзбекистонда куйдирги билан касалланганлар ҳақида Озодлик ҳабар тарқатган эди.

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида 2014 йили куйдирги касаллиги чалинган, деб гумон қилиниб, шифохонага ётқизилган 35 одамнинг 9 нафарига касаллик юққани аниқланган эди.

Куйдирги нима?

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вебсайтида куйдирги касаллиги ҳақида шундай маълумот берилган:

Куйдирги – одамлар ва ҳайвонлар учун ўта хавфли ҳисобланган юқумли касалликлар гуруҳига киради. Касалликни қўзғатувчи бациллалар икки хил: вегетатив ва спора шаклида учрайди. Вегетатив шаклдаги бациллалар ташқи муҳит, юқори ҳарорат ва дезинфекцияловчи моддалар таъсирига чидамсизлиги боис тезда нобуд бўлади, спора шаклидаги бациллалар эса аксинча, ўта чидамли бўлиб, сувда ўн йил, тупроқда эса бир неча ўн йиллаб сақланиши ва унда кўпайиши, тўпланиши ҳам мумкин. Спора шаклидаги бациллалар 60 дақиқа давомида қайнатилгандагина нобуд бўлади.

Куйдирги касаллигининг манбаи асосан уй ҳайвонлари – қорамол, от, қўй, туя, эчки ва шу каби қон сўрувчи ҳашаротлар ҳисобланади. Куйдирги таёқчаси касал ҳайвонларнинг барча органларига тарқалиб, уларнинг пешоби ва нажаси билан ажралиб, тупроқ, ем-хашак, яйлов, сув ҳавзаси ва бошқа ерларни ифлослантиради. Касаллик соғлом одамга ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ҳайвонларни сўйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаб, яхши термик ишлов бермасдан истеъмол қилганда юқиши мумкин.

XS
SM
MD
LG