Линклар

logo-print

Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларнинг битирув кечаларини ўтказишларига йўл қўймаслик, имтиҳонлар ёки бошқа тадбирлар учун ўқувчилардан пул йиғиш, мактаб раҳбарлари ёки ўқитувчиларга совғалар тақдим қилишга йўл қўймаслик учун ўқитувчилар, синф раҳбарлари ҳамда мактаб директорларидан "кафолат хат"лари олинмоқда.

Тошкентдаги мактаблардан бирининг раҳбари Озодлик билан суҳбатда бу ҳақда шаҳар халқ таълими бошқармасидан қаттиқ топшириқ бўлганини айтди.

- Бу йил жуда қаттиқ бўляпти. Кеча ота-оналар ва ўқитувчиларни йиғиб битирув кечаларини ўтказмаслик тўғрисида “кафолат хат”ларини олдик. Уларга айтдик, пул йиғим-теримлари бўлмайди. Бунга йўл қўйган ўқитувчи ишдан кетади,- деди исми сир қолишини истаган тошкентлик мактаб раҳбари.

Ўзбекистонда тақиққа қарамай битирув кечалари ва ўқитувчиларга совға беришлар давом этавериши ортидан бу йил халқ таълими бошқармалари ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда бундай ҳолатларнинг олди олинишини қаттиқ назорат остига олганликларини айтишмоқда.

- Бу йил ҳуқуқ-тартибот идоралари буни қаттиқ назорат қилади. Битирув кечалари бўлаётган бўлса, тақа тўхтатилиб ота-оналари ва ўқитувчиларига танбеҳлар берилади. Ўқитувчилар ва директор бунинг учун ишидан айрилишлари мумкин. Чунки, бу йил қаттиқ қўйиляпти, мактаблар раҳбарлари бу ҳақда ёзма огоҳлантирилди,- дейди Самарқанд вилояти Қўшробод тумани Халқ таълими бўлими мулозими.

Мактабларга маориф бошқармаларидан жўнатилган хатда 9-синф ўқувчилари иштирокидаги "Сўнгги қўнғироқ", “Ҳайр мактаб – салом коллеж” тадбирларини мактаб ҳовлисидаги очиқ майдонларда, кўпи билан бир соат давомида ўтказиш тайинланган.

- “Оҳирги қўнғироқ”да битирувчилар синф раҳбарларига шеърлар айтиб, уларни хурсанд қилади. Гул берилиши мумкин. Олдингидай совғалар бериш ман этилган. Тақиқланган тадбирларнинг ўтишига йўл қўйилса, ота-оналар Халқ таълими бошқарув идораларига шикоят қилишлари мумкин,- дейди тошкентлик мактаб раҳбари.

Битирувчиларнинг кўнгилочар боғларда ёки ресторанларда йиғилиб, йил якунини ўзаро нишонлаш тақиқланишига ота-оналар турлича муносабат билдиришади.

Сирдарёлик Фазилат опа биритрув кечалари, ўқитувчиларга совға-саломлар берилишининг тақиқланиши тўғри, деб ҳисоблайди.

- Тўғри қилишади, нима кераги бор. Кимнинг қурби етади, кимники етмайди. Мактаб чиройли қилиб битирув кечасини уюштириб берса бўлди-да. Нима кераги бор дабдабанинг,- дейди Фазилат опа.

Хоразмлик Муҳаббат опа эса одам ҳаётида бир марта бўладиган мактаб битирув кечаларининг тақиқланишига қарши.

- Ахир бу одам ҳаётидаги энг унутилмас воқеаку. Шунча вақт бир синфда ўқиб, ўқувчилар бир марта мактабни сўнгги куни мазза қилиб ўйин-кулги қилса, паркга борса, ресторанда ўтирса, нимаси ёмон бунинг? Биз ҳам шунақа кечаларни ўтказганмиз ва ҳозиргача эслаймиз,- дейди Муҳаббат опа.

Айни пайтда мавжуд тақиққа қарамай айрим шаҳар ва туманларда битирувчиларнинг дабдабали кечалар ўтказиши тўхтамаган.

- Ўтган йили ҳам бор эди бу тақиқ. Лекин ўқитувчиларга ҳам, мактаб директорларига совғалар ҳам берилди. Кечалар ҳам бўляпти, фақат яширин. Қизим олдинги йили мактабни тугатди. Совғага 50 минг сўмдан йиғишганди. Синфдошлар паркда йиғилишиб, ўтиришган, суратга тушишган, унга ҳам шунча пулдан йиғишганди,- дейди самарқандлик Фармон ака.

Самарқанд шаҳар халқ таълими бошқармаси мулозими бу йил шундай ҳаракат бўлса, синф раҳбари ҳамда ота-оналар жавобгар бўлишини айтди, лекин расмий жавобгарлик қай кўринишда бўлишига ойдинлик киритмади.

Бу йил ҳам ярим миллионга яқин ўқувчи мактабни тугатади.

Битирувчиларнинг 450 мингдан ортиғи касб-ҳунар коллежлари, 50 мингга яқини академик лицейларда ўқишни давом эттириш ниятини билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG