Линклар

Бухорода автобус ҳалокатида камида 3 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда


Бухоро шаҳрининг Абдухолиқ Ғиждувоний кўчасида йўловчи автобусининг йўлни таъмирловчи автогрейдерга бориб урилиши оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлгани ва ўттизга яқин одам оғир аҳволда касалхонага ётқизилгани айтилмоқда. Автобус чоршанба куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат ўнлар атрофида ҳалокатга учраган. Озодлик эга бўлган маълумотга кўра, шаҳар ҳокимияти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити меҳмонлари келиши сабаб йўлларни шошилинч таъмирлашга киришган, йўналишдаги автобус ҳайдовчилари эса йўл таъмирланаётгани ҳақида огоҳлантирилмаган.

Бухоро шаҳар ҳокимиятидаги Озодлик манбаларига кўра, шаҳарда 7-йўналишда қатновчи автобус сешанба куни йўлни таъмир қиладиган автогрейдер билан тўқнашиб кетган.

Авария оқибатида автобуснинг олд қаторида ўтирган йўловчиларнинг аксарияти оғир жароҳат олган.

Бухородаги автобус ҳалокатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида ёш болаларнинг ҳам борлиги айтилмоқда.

- Ҳозир ШҲТ саммити деб ҳокимият йўлларни ремонт қилишга киришган. Ишлар шу даражада шошилинч бўляптики, автобус ҳайдовчилари ҳам огоҳлантирувсиз қолган. Йўлни ремонт қилишга киришишдан олдин автобуслар у ерга қўйилмаслиги керак, - деди Бухоро шаҳар ҳокимиятидаги Озодлик манбаси.

Бухоро шаҳар касалхонаси мулозими автобус ҳалокатида жабрланган 28 одам шифохонага ётқизилгани, улардан икки нафарининг аҳволи оғир эканини айтди:

- Ўша куни 28 кишини қабул қилиб олдик. Оғир аҳволда келганлари бўлди. Уларга вақтида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилди. Ўлганлар бор-йўқлигини билмаймиз, - деди ўзини таништирмаган мулозим.

Бироқ, исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган шифокорлардан бири бу автоҳалокатда уч киши ҳалок бўлганини айтди:

"Уч киши ҳалок бўлган. Лекин негадир бу ҳақдаги информацияни сир сақлашяпти", деди шифокор.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси мулозими автобус ҳалокатида ўттизга яқин одам жароҳат олганини тасдиқлади, Лекин, мулозим, қурбонлар борлигини тасдиқламади.

Шаҳар марказий касалхонасидан олинган маълумотга кўра, автобус ҳалокатида жароҳатланганлардан ўн нафарига биринчи ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Уч нафари эса жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолмоқда. Жароҳатланганлар орасида ёш болалар ҳам борлиги айтилади.

Ўзбекистонда йўловчи автобусларнинг аварияга учраш ҳолатлари учраб туради.

Жумладан 2012 йилда Сирдарё вилояти Оқолтин туманида йўловчи автобуси ҳалокатга учраши оқибатида 4 одам ҳалок бўлган, бир қанча одам жароҳатланган эди.

XS
SM
MD
LG