Линклар

Бухоро кўчаларидан ГАЗеллар олиб ташланди


Бухоро шаҳри ичида қатновчи маршрут-таксилари ўрнига ҳам энди SamAuto заводида ишлаб чиқарилаëтган Isuzu автобуслари қўйиладиган бўлди.

Бухоро шаҳри ичида қатновчи маршрут-таксилари ўрнига ҳам энди SamAuto заводида ишлаб чиқарилаëтган Isuzu автобуслари қўйиладиган бўлди.

1 майдан бошлаб Бухоро шаҳрида ГАЗель русумли микроавтобуслар қатнови тўхтатилди ва бир неча юз одам ишсиз қолди. Шу куни ишга чиққан ҳайдовчиларга 60 миллион нақд пулга Isuzu автобуси сотиб олиб¸ эски йўналишда қатновни давом эттириш¸ ëки бошқа иш топиш айтилди. Бухоро вилоят ҳокимлиги бу қарорни шаҳардаги тирбандликни бартараф этиш чораси сифатида изоҳлади.

Озодликка маълум бўлишича¸ Бухоро шаҳрида йиллардан бери беш йўналишда маршрут-таксилар ҳаракатланиб келган ва бу йўналишларда йўловчи ташиш ҳаққи шаҳар ҳокимлиги эълон қилган тендерда ютган хусусий ширкатларга берилган.

Бу хусусий ширкатлар эса¸ Россияда ишлаб чиқарилган ГАЗель русумидаги микроавтобус эгалари билан тузилган келишув асосида ҳозирга қадар йўловчи ташиб келган.

Озодликка келган маълумотга кўра¸ 1 май куни ишга чиққан бу кичик тадбиркор-ҳайдовчиларга шу кундан эътиборан Бухоро шаҳрида ГАЗель қатнови тақиқлангани айтилган:

- Бизга осмондан тараша тушгандек¸ бугундан ГАЗель олиб ташланди¸ додингни худога айт¸ дейишди. Нима эмиш¸ биз ë ҳозир чўнтагимиздан 60 миллион сўм чиқариб¸ Isuzu автобуси сотиб олармишмизда¸ кейин яна шу маршрутда қатнайверармишмиз. Бўлмаса¸ осмон баланд ер қаттиқ¸ бошқа иш қидиринг¸ дейишди. Шаҳарда камида 125 та ГАЗель қатнарди¸ ҳайдовчини ëнида билетчи ҳам қатнарди. Мен билганим¸ 250-300 одам бир кунда тўсатдан ишсиз қолди¸ дейди Озодликка Бухоро шаҳридаги маршрут-такси йўналишларидан бирида йўловчи ташиб келган ГАЗель эгалари номидан гапирган тадбиркор.

Озодлик билан суҳбатда Бухоро вилоят ҳокимлигининг масалага алоқадор расмийси¸ ГАЗель қатнови тўхтатилганини эътироф этди:

- Шаҳарда тирбандликнинг олдини олиш мақсадида қилинди бу иш. Сессияда шунақа қарор қабул қилинган. ГАЗеллар ўрнига энди Isuzu автобуслари қўйилади. Улар айни йўналишда кўпроқ одам ташийди¸ деди Бухоро вилоят ҳокимлиги расмийси.

Бу мулозим иддосича¸ Ўзбекистон автомобиль ва дарë транспорти агентлигининг Бухоро вилоят бўйича ҳудудий бўлимига¸ шаҳардаги маршрут-такси қатнови бўйича тендерда ютиб¸ ҳокимлик билан шартнома тузган хусусий ширкатларни ўз вақтида огоҳлантириш вазифаси юклатилган:

- Бу тендерлар кўпининг муддати ўзи 1 майда тугади¸ шунинг учун ГАЗелчилар эътирози асоссиз¸ дея иддао қилди бу расмий.

ГАЗель эгалари таъкидича¸ уларга 1 майдан бошлаб ўзларининг шаҳардаги қатнови тўхтатилгани шу куни тушга яқин эълон қилинган ва бунгача ҳеч ким уларни ҳокимликнинг маршрут-таксилар ўрнига Isuzu автобуслари қўйиш қарори борлиги¸ унинг1 майдан кучга кириши ҳақида огоҳлантирмаган:

- Олдиндан айтилганда¸ одамлар шунга қараб тайëргарлигини қиларди. Ўнга яқин одам ўтган йил 13-14 минг долларга яп-янги ГАЗель олди¸ билса олмасди. Бечоралар куйиб ўтирибди. Ҳамма ГАЗеллар яхши аҳволда¸ техник жиҳатдан ҳеч қандай эътироз билдира олмайди. Бир йўналишдаги шофëрлар кунига давлатга 600 минг сўм бериб келаëтган эди. Ҳокимиядагиларнинг кимидир бу йўналишларни ўзига олаяпти¸ яна кимидир¸ шаҳарга Isuzu келган ва шуни сотиши керак. Бизнинг ширкат бошлиғини кеча олиб кетиб¸ эрталабгача олиб ўтиришган. Қаттиқ қўрқитиш бўлаяпти¸ дейди Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган ГАЗель эгаларидан бири.

Озодлик Ўзбекистон автомобиль ва дарë транспорти агентлигининг Бухоро вилоят бўйича ҳудудий бўлими масъулларидан ушбу масала юзасидан изоҳ ола олмади. Агентликнинг Тошкентдаги бош идораси вакили¸ Бухородаги янгиликдан бехабарлиги¸ аммо бутун мамлакат бўйлаб шаҳарлар ичида қатновчи маршрут-таксилар¸ хусусан¸ Дамас ва ГАЗелларни Самарқандда ишлаб чиқарилаëтган Isuzu автобусларига алмаштириш жараëни бораëтганини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG