Линклар

Ўзбек футбол фанатларининг асосий сайти ҳисобланган UFF.uz сайти ёпилганидан бир ҳафта ўтиб FUT.uz номи билан бошқа доменда қайта очилди. UFF.uz-нинг беркитилишига сайтнинг изоҳлар бўлимида Ўзбекистон Футбол федерацияси фаолиятининг кескин танқид қилиниши ҳамда федерация раҳбарияти шаънига битилган ҳақоратли сўзлар сабаб бўлгани айтилганди.

“Пахтакор” футбол клубининг ашаддий ишқибозларидан бири охирги пайтларда UFF.uz сайтида назорат қолмагани ва рақиб клублар ишқибозларининг бир-бирини ҳақорат қилиш майдонига айлангани ҳақда ёзганди.

“Мен ўзи бор йўғи иккита спорт сайтини ўқийман. Бири мана шу uff.uz сайти. Яхши сайт эди, ўқиса бўларди. Лекин сайт контроль қилиши керак регистрациядан ўтган ҳар битта одам ёмон сўзлар ёзмаслиги учун. Битта одамни назорат қиламан деб, Ўзбекистон Футбол федерацияси сайтни беркитиб қўйган шекилли. “Чемпионат Азия” сайти тўғри қилади, битта ҳақоратли шарҳ ёздингми, тамом, даров блок қилади. Аммо uff.uz сайтида сўккан одамга ҳеч нарса қилишмайди, ҳақорат майдонига айланган,” дейди “Пахтакор” мухлиси.

UFF.uz cайти ўтган йил Ўзбекистонда "Спорт" йўналиши бўйича "Йилнинг энг яхши сайти", деб тан олинган эди.

Спорт соҳасини яқиндан кузатиб борувчи яна бир журналист UFF.uz ни охирги ўн йилда энг кўп мақолалар ва хабарлар бериб келаётган сайт бўлганини айтади.

“Бабаян бошчилик қилаётгандан бери ТВдаги икки кўрсатув, бир неча журналист ишдан кетди, энди сайт..” деди исмини ошкор этишни истамаган бу журналист.

Ўтган йил 1 декабрида "Спорт" телеканалидан "Соккер клуб" ва "Футбол шарҳи" кўрсатувлари эфирдан олиб ташланган, кўрсатув бошловчи ва муаллифлари ишдан бўшатилган эди.

Бунга кўрсатувда Ўзбекистондаги футбол жамоалари ўртасида "келишилган ўйинлар" ва тотализаторга пул тикишдаги қаллобликларнинг фош этилиши сабаб бўлгани айтилади.

UFF.uz сайти беркитилиши баробарида спорт йўналишидаги бир неча сайтдан шарҳ ва изоҳлар бўлими олиб ташланган.

Футболга ихтисослашган яна бир веб сайт - chempionat.asia фикрлар бўлимига янги иловаларни қўшган.

“3 кунлик профилактика ишларидан сўнг, сайтимизнинг фикрлар бўлими яна ишга тушди. Сайтдаги айрим техник имкониятлар мукаммаллаштирилди. Фикр қолдириш хавфсизлик тизими устида иш олиб борилди," деб ёзади chempionat.asia.

Ушбу сайт ўз ўқувчиларини изоҳ қолдираркан тартибли бўлишга чақирган

"Энди сайтда ҳақорат қилган, футбол мавзусидан четга чиққан, икки жамоа мухлислари ўртасидаги "сен-мен"ларга чек қўйилади. Ҳеч қандай вазиятда "блок" бўлган ўқувчига "ники"ни тиклаш имконияти берилмайди. Шунинг учун, сизлардан тартибли бўлишингизни илтимос қиламиз," дея огоҳлантиради сhempionat.asia.

XS
SM
MD
LG