Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:51

Маданият ва спорт вазирлигининг 30 мулозими оммавий изза қилинди


Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлигида йиғилиш
Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлигида йиғилиш

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 22 октябрь кунги кенгайтирилган ҳайъат мажлисида “эскича бошқарувдан воз кеча олмаган” 30 нафар мулозимга интизомий чора кўрилди. Озодликнинг вазирликдаги манбасига кўра¸ бу мулозимлар барчанинг олдида турғазиб қўйилиб, вазирнинг дашномларига нишон қилинган.

Шанба куни Ўзбекистон давлат консерваторияси мажлислар залига йиғилган 500 га яқин Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимида ишлайдиган ходимлар кўз олдида вазирликнинг 30 ҳодими оммавий изза қилинди.

2016 йил 9 ойлик якунларига бағишланган кенгайтирилган вазирлик ҳайъат мажлисида қатнашган ва исми айтилмаслигини истаган вазирлик мулозимининг Озодликка билдиришича бу мулозимлар дам олиш масканларини қуриш билан боғлиқ муаммода айбли деб топилишган:

- Буларни 500 кишини ўртасида тикка қўйиб роса тергашди. Вазирни ўзи дашном қилишни бошлаб берди. Булар бўйниларини эгиб туришди. Одамни раҳми келадиган аянчли манзара эди. Уларни 894та ўрнига 189та дам олиш маркази ташкил қилганликда айблашди¸ - дейди исми сир қолишини истаган мулозим.

Озодликнинг Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги бошқа манбаси ҳам бу маълумотни тасдиқлаб¸ бу мулозимлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган тафтишлар ортидан жазоланганлигини билдирди:

- Тафтишда камомад юзага чиққан. Бундан ташқари бу мулозимларни исми Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига келиб тушган шикоятларда ҳам ўрин олган. Вазирлар Маҳкамасининг 178 –қарорига кўра маданият масканлари яратиш учун 200 миллиард сўм ажратилган. Айнан шу пул билан боғлиқ муаммо чиққан. Бу 30 мулозим фақат изза билан қутулса ҳурсанд бўлади. Менимча уларни устидан жиноий иш очилса ҳайрон бўлмайман¸ - дейди вазирликдаги бошқа бир мулозим.

Озодлик Маданият ва спорт ишлари вазирлигига қўнғироқ қилиб мулозимларнинг оммавий изза қилингани юзасидан изоҳ сўради.

Ўзини вазирнинг маданият ишлари бўйича ўринбосари Фотих Жалоловнинг ëрдамчисиман дея таништирган мулозим “эскича бошқариш усулларидан қутула олмаётган ҳодимларга интизомий жазо қўлланди ” дея изоҳ бериш билан кифояланди.

Ўзбекистонда раҳбар ҳодимлар ўзларининг қўл остидаги мулозимларни ҳақоратлаши одатий тус олгани айтилади.

Элтуз сайтида эълон қилинган карикатура. Тошкент вилоят малака ошириш институтида ўқитувчиларга бўлаётган муносабат.
Элтуз сайтида эълон қилинган карикатура. Тошкент вилоят малака ошириш институтида ўқитувчиларга бўлаётган муносабат.

Бундан икки ойча олдин Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг маҳаллий тиббиёт мулозимларни очиқдан-очиқ ҳақоратлагани ижтимоий тармоқлар муҳокамасига сабаб бўлган эди.

Шу йилнинг июль ойида Қагқадарё вилоятининг Нишон тумани ҳокими Асрор Жўраев туман фаоллари йиғилишида 53 яшар Музаффар Чоршанбиевни "синглингни...," деб ҳақорат қилгани ва ҳақоратланган Чоршанбиев ўша куниёқ касалхонага тушиб, юрак хуружидан ўлгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG