Линклар

logo-print

Собиқ маҳбус: Қамоқда шунча азоб чекдим, озодликка чиқсам яна азоб...


Ўзбекистоннинг Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 64/29-сонли муассасада бир ярим йиллик жазо муддатини ўтаб чиққан собиқ маҳбус озодликда камситишларга юз тутаётгани, “қамалиб чиққан”деган тамға билан ишга олишмаётгани, жазони ўтаб бўлганларга бериладиган бир марталик ижтимоий ёрдам пулини ҳам ололмаётганини айтди.

- Ҳаётга кўникишим жуда қийин бўляпти. Ўн иш кунида менга берилиши керак бўлган 10 минимал ойлик миқдоридаги 1 миллион 300минг сўм пулни беришмаяпти. “Реабилитация марказига борсам сени биз қаматдикми, керак бўлса бир йил кутасан”, деб жуда қўпол гапиришади, камситишади, - дейди собиқ маҳбус.

Ўзбекистонда ҳар бир вилоят ёки шаҳар ҳокимликлари қошида қамоқдан чиққанларга янги ҳаётни бошлашга ёрдам берувчи ижтимоий реабилитация марказлари ташкил этилган.

Бу марказлар собиқ маҳбусларга энг кам иш ҳақининг 10 бараваригача миқдорда бир марталик ёрдам пулини бериши лозим.

Собиқ маҳкумга бериладиган маблағлар ҳужжатларни тиклаш, кийим-кечак, озиқ-овқат, йўлда юриш каби энг зарур ҳаражатлар учундир.

Бундан ташқари реабилитация марказлари қамоқдан озод этилганларга маиший турмушини йўлга қўйиш ва ишга жойлашиш масалаларини ҳал қилиб бериши керак.

Лекин, Озодликка боғланган собиқ маҳкум реабилитация марказларидан ҳеч қандай ёрдам бўлмаётганини айтади.

- Жиззахдаги марказдан ҳам, Тошкентдагисидан ҳам ёрдам бўлмади. Кейин ўзим олдин ишлаган Тошкентдаги тўқимачилик комбинатига ишга тиклашни сўраб борсам “вой ўтириб чиққанмисиз”, деб кўзи қинидан чиқиб кетай дейди. Яқинларим ҳам мендан ўзини узоққа олади. Қамоқда шунча азоб чекдим, озодликка чиқсам яна азоб. Жиззахдаги реабилитация марказидагилар мени мазаҳ қилишдан нарига ўтишмайди, - дейди собиқ маҳбус.

Суҳбатдош 2015 йилда хотини билан ажрашганидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 122-моддаси, яъни вояга етмаган фарзандларига таъминот пули бермагани учун икки йил муддатга қамалгани ва бир ярим йил давомида қамоқхонада бошдан кечирган азоб-уқубатларни сўзлаб берди.

- Дастлабки кунлари товонга дубинка билан уради. Уни қамоқхона ходимлари қилмайди, ходимлар ўзимизга ўхшаган маҳкумларга урдиради. Уларга “добро” бериб қўйган. Зонани тили билан айтганда лахмачлар тинмай уради, оҳири жонингиздан ўтиб кетиб, бақира бошлаганингиздан кейин тўхтатади. Янги келганларни ҳаммасини уради, “ломка” дейди буни, яъни синдириш. Мен ҳам шу “ломка”дан ўтганман. Ҳеч кимга шикоят қилолмайсиз. Шикоят қилсангиз, бўйнингизга битта нарушенияни илади ва яна бир икки йил қўшиб бериши мумкин. Бизни ғишт заводи, оҳак заводида ишлатишди, ўша ерда мастер ходимлар бор, улар энди милиция ходимлари асли, ишга ярамасингиз уради. Овқатни гапирмаса ҳам бўлади. Маҳбуслар кўнгилни айнитадиган овқатни фақат ўлиб қолмаслик учун танаввул қилади, Ҳуллас зонадаги кўрган-кечирганларимни айтсам одам уйқуда турсин илон пўст ташлаб юборади, - дейди собиқ маҳбус.

Собиқ маҳбуснинг айтганлари юзасидан Озодлик Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ижтимоий реабилитация марказига қўнғироқ қилди. Лекин мараказ ҳодими телефонда бу каби масалалар юзасидан жавоб беролмаслигини, ёзма мурожаат қилиш лозимлигини айтди.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раҳбари Суръат Икромов Ўзбекистонда озодликка чиққан собиқ маҳбусларни энг кўп қийнайдиган муаммо ижтимоий кўникиш эканини тасдиқлайди.

- Яъни улар қамоқдан чиққандан сўнг жамиятда ўз ўрнини топишга қийналади. Бизни ташкилотимизга бу борада жуда кўп шикоятлар тушган. Афсуски ҳукумат қамоқдан чиққан одамларни кўпчилигини реабилитация қилишни уддасидан чиқолмаяпти. Ҳолбуки узоқ вақт қамоқда ўтириб жамиятимизга қайтган ҳар бир шахс ҳукуматни эътиборида бўлиши керак, - дейди Суръат Икромов.

Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ўтган йил эълон қилган Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқларига доир ҳисоботида маҳбуслар эркинликка чиққандан сўнг кўп ҳолларда ўз ўрнини топа олмайди ва қайтадан жиноятга қўл уриши таъкидланган эди.

XS
SM
MD
LG