Линклар

logo-print

Петербург тан олган дуторчиларни Тошкент тан олмаяпти


Тошкент Давлат консерваториясида (суратда) ўқиш Санкт-Петербургда ўтказилган фестиваль ғолиблари учун орзу бўлиб қолмоқда.

Тошкент Давлат консерваториясида (суратда) ўқиш Санкт-Петербургда ўтказилган фестиваль ғолиблари учун орзу бўлиб қолмоқда.

Тошкент маданият коллежининг 1-4 июнь кунлари Санкт-Петербургда бўлиб ўтган “Оқ тунлар вальси” халқаро фестиваль-танловида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиб қайтган 7 ўқувчиси ўқишни консерваторияда давом эттириш учун ҳукумат қарорида белгилаб қўйилган имтиёздан мосуво қолмоқда.

Маданият вазирлиги расмийси, Озодлик саволларига жавоб бераркан, вазиятни Петербургда ўтган танловда болаларнинг ғалаба қилганини тасдиқловчи “протокол йўқлиги” билан тушунтирди.

Шикоят

Олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари ўтадиган кунга 4 кун қолганда Озодликка келиб тушган шикоятда, жумладан, мана бундай дейилади:

Assalomaleykum Ozodlik radiosi, men bu yil kollejni bitirdim. Rossiyada bólib ótgan kónkursda qatnashdim. Prezidentimiz qarolarida xalqaro kórik tanlovlarda 1 - órindan 5- óringaca lauriyat bòlgan óquvcilar oliygohlarga grant asosida qabul qilishi kórsatilgan ammo xar xil bahonalar qilib Madanyat vazirligi sertifikat, yani yollamma bermadi nima uchun?

Рубоб, дутор ва ғижжак

Озодлик хат муаллифи билан боғланди. Унинг айтишича, ўзи ўқиган Тошкент маданият коллежининг 7 ўқувчиси - 3 ўғил ва 4 қиз бу йил ёз бошида Санкт-Петербургда ўтказилган “Вальс Белых ночей” халқаро фестиваль-танловида иштирок этган.

Тошкентлик еттовлон фестивалда рубоб, дутор, дутор-бас, ғижжак ва ғижжак-альт каби чолғу асбобларини чалиш маҳоратларини намойиш қилган ва ҳаммаси ҳам 1- ва 2- ўринларни эгаллаб, фестиваль-танлов дипломлари билан тақдирланган.

Чиқими ота-она ҳисобидан

Озодликка хат ёзган ўқувчи отасининг айтишича, фестивалда иштирок этиш билан боғлиқ барча ҳаражатларни тўлалигича иштирокчиларнинг ота-оналари кўтарган.

Боодоб шикоятчилар

Озодлик мухбири фестиваль иштирокчиларидан яна бири билан, учинчисининг эса, отаси билан гаплашди. Ҳаммаси бир хил гапни айтди, ҳаммаси бир хил шикоят қилди: вазирлик олий ўқув юрти - консерваторияга тест-синовларисиз киришга изн бўлувчи сертификатни бермаяпти.

Қизиғи шундаки, Озодликка хат ёзган бола ҳам, унинг отаси ҳам, қолганлар ҳам коллеж раҳбарияти ва вазирлик расмийлари “хафа бўлиб қолишидан" исм-фамилияси сир қолишини истади.

Директорнинг айтгани

Тошкент маданият коллежи директори Илҳом Азимов фестивалга қатнашган ўқувчилари билан боғлиқ вазиятни Озодликка тушунтирар экан, “баъзи параметрлар бўйича буларга (фестиваль иштирокчиларига) льгота бўйича Вазирлар Маҳкамасидан эътироз чиққани, шунинг учун фестиваль протоколидан нусха сўралгани, агар протокол тақдим қилинса, имтиёздан кейинги йили фойдаланиш мумкинлиги тўғрисида вазирликдан жавоб бўлгани, фестивалнинг мураккаблик даражаси етарли бўлганига шубҳалар борлиги” тўғрисида гапирди.

Ҳужжат

”Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226- қарорига илова қилинган “Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 2- бандида

“Республика (1-ўрин) ва халқаро (1—5-ўринлар) танловлар ва мусобақаларнинг индивидуал турларида ғолиб чиққан академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадилар”, деб аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган.

Балки Ўзбекистон республикаси маданият вазирлиги Петербургда ўтган “Оқ тунлар вальси” халқаро фестиваль-танловини тан олмаётгандир?

Вазирлик мулозимининг айтгани ёки Оддийгина тўрачилик

Вазирлик Таълим муассасалари бошқармаси бошлиғи Абдулазиз Нуруллаев Озодликка Петербург фестивалининг тан олинишини билдирди. “Ахир болалар билан икки ўқиувчиси ҳам бордику?!” деди у.

Жаноб Нуруллаевнинг айтишича, у болалар фестивалда қўлга киритган ўринларни тасдиқловчи дипломларни ўз кўзи билан кўрган, уларни вазирликка коллеж директори олиб келиб кўрсатган. “Лекин бу дипломлар етарли эмас, фестиваль протоколидан кўчирма керак”, деди вазирлик мулозими.

Гапининг охирида Абдулазиз Нуруллаев юқорида тилга олинган Низомнинг 11- бандини эслатди:

“Халқаро бадиий-ижодий танловлар, Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларининг ғолиблари ўзларининг таълим муассасасига кириш бўйича имтиёзли ҳуқуқларидан уч йил мобайнида, республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолиблари эса — улар ўтказилган кундан бошлаб бир йил мобайнида фойдаланишлари мумкин”.

Бир қарашда ҳеч қандай муаммо йўқдай: эртами, индинми, бир ойдан кейинми протоколдан кўчирма етиб келади. Ва болалар кейинги йилими, ундан кейинги йилми – консерваторияга ўқишга қабул қилинади.

Консерватория ўрнига тўйхона?

Лекин, ўзбек санъатини Петербургда кўз-кўз қилиб келган 7 ўғил-қизнинг консерваторияда ўқиш истаги келаси йилгача сақланиб қоладими?

Бунга ишонч йўқ. Ҳар ҳолда ғижжакчи болалардан бири Озодликка саволларига жавоб бераркан, орада гапни узиб, нарироқда турган ўртоқлари билан гаплашди. Гап мазмунидан уларнинг ҳам созанда йигитлар эканлиги, шу кетишда улар тўйга кетаётгани англашилди.

XS
SM
MD
LG