Линклар

Тошкент кўчаларидаги кузатув камераларидан дастлабки жарима қоғози келди


Тошкент шаҳри кўчаларида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бузилишини қайд қилувчи фото ва видеокамералар шу ой охиридан ишга туширилади. Тошкент шаҳри Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳозир кузатув камералари сўнгги синовдан ўтказилаётгани ва синов жараёнида компьютер тизими айрим ҳайдовчиларга тезлик ёки бошқа қоидабузарлик учун жарима патталарини жўнатган бўлиши ва бундай патталар юридик кучга эгалигини айтди.

Тошкент шаҳри кўчаларида ўрнатилган кузатув камералари автомобилнинг тезлиги, қизил чироқда ўтиши ва бошқа қоидабузарликларини қайд қилиб боради.

Тошкент шаҳри Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Озодлик боғланган мулозимига кўра, камералар ҳозир синовдан ўтказилмоқда.

“Шаҳарнинг 123та жойида Швейцарияда ишлаб чиқарилган камералар ўрнатилган. Ҳозир синовдан ўтказяпмиз. Камералар ишга тушганидан сўнг кимдир тезликни оширса ёки бошқа ишкал қилса шу камералар қайд қилиб боради. Камера қайд қилган маълумот асосида компьютерлашган тизим орқали қоидани бузган машина эгасига қоидабузарликни тасдиқловчи фотосурат ва жарима паттаси юборилади. Агар рулда машинани эгаси эмас, бошқа ҳайдовчи ўтирган бўлса, жазо шу ҳайдовчига қайта расмийлаштирилади”, - деди Тошкент шаҳар ЙҲХБ мулозими.

Айни пайта Facebook тармоғидаги "Водители Ташкента" гуруҳининг айрим фойдаланувчилари Тошкентда кузатув камералари аллақачон ишга тушгани ва тезликни оширгани учун жарима патталарини олганликларини айтишмоқда.


Facebook нинг Равшан Қодиров исмли фойдаланувчиси тезлик учун келган жарима паттаси нусхасини "Водители Ташкента" гуруҳида эълон қилди.

Тошкентда кузатув камералари аллақачон ишга тушгани ва тезликни оширгани учун айрим ҳайдовчилар жарима патталарини олган.

Тошкентда кузатув камералари аллақачон ишга тушгани ва тезликни оширгани учун айрим ҳайдовчилар жарима патталарини олган.

Тошкент шаҳри Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими кузатув камераларини синаб кўриш жараёнида компьютер тизими айрим ҳайдовчиларга тезлик ёки бошқа қоидабузарлик учун жарима патталарини жўнатган бўлиши ва шундай патталарни олган ҳайдовчилар жаримага тортилишини айтди.

Тошкент кўчаларида кузатув камераларининг ишга туширилаётгани айни пайтда Интернетдаги ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда.

Facebook тармоғидаги "Водители Ташкента" гуруҳи қатнашчиларининг айримлари кузатув камераларининг ишга туширилиши нафақат йўл ҳаракати қоидабузарликлари, балки коррупция ҳолатлари, порахўрликни камайтиради, дейишса, бошқалари коррупцияни камайтириши учун аҳолиси уч миллион кишилик Тошкентда 120 та камеранинг ўрнатилиши кифоя эмаслигини таъкидлашмоқда.

“Йўлларда ДАН ходимларини камераларга алмаштириш, тўғри, бу йўллардаги порахўрликни ҳам камайтиради, лекин бунинг учун 120 та камера етарлими экан?, - дейди Facebook тармоғининг Жасур исмли фойдаланувчиси.

Facebook ижтимоий тармоғининг Linda Tsoy исмли фойдаланувчиси эса кўчаларда камералар ўрнатиш билан порахўрликни камайтириб бўлмаслиги ҳақда ёзди.

“Ҳайдовчилар порани ДАН ходимига берган бўлсалар, энди шу камераларни бошқариб ўтирган диспетчер амакига беришади-да. Пора билан қоидабузарликларни компьютер хотирасидан ўчиришлар кўпайса керак, энди”, - дея изоҳ қолдирди Linda Tsoy.

Лекин, Ўзбекистонга қўшни давлатларда, қолаверса Европа давлатларидаги тажриба кузатув камералари қоидабузарлик ва коррупциянинг камайишига хисса қўшганини кўрсатмоқда.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ҳайдовчилар йўлларда камералар пайдо бўлганидан кейин йўл ҳаракати тартибга келиб қолгани, коррупция ҳам камайганини айтди Озодлик билан суҳбатда Қозоғистон Давлат Йўл ҳаракати инспекцияси матбуот хизмати ходими Эрлан Жонузақов.

"Ҳеч бўлмаганда ҳайдовчилар, камера ўрнатилган чорраҳаларда қоидани бузмасликка ҳаракат қилишади. Бизда камералар ўрнатилганидан сўнг йўл ҳаракати анча маромига тушди, кўчаларда қоидабузарлик икки баравар камайди", - дейди Жонузоқов.

Чехия пойтахти Прага шаҳрида эса йўлларни икки мингдан ортиқ камера кузатади.

"Aktualne.CZ" нашрига кўра, Чехия пойтахтида 2007 йилдан буён кузатув камералари сабаб тезликни оширувчилар 56 фоизга, тезлик билан боғлиқ авариялар 70 фоизга камайган.

Бугунги кунда Прагада йўл ҳаракати қоида бузарларликларининг саксон фоизини камералар қайд қилади.

XS
SM
MD
LG