Линклар

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги мактабларда ўқувчилар макулатура йиғишга мажбурланмоқда. Белгиланган нормадаги қоғоз чиқиндисини йиғиб беролмаган ўқувчилардан пул ундирилмоқда. Бундан ташқари юқори синф ўқувчиларининг ҳар бирига макулатурага қўшимча Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг иккита китобини олиб келиш талаби ҳам қўйилмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги 3-сонли мактабида ўқувчиларни икки килодан қоғоз чиқиндиси йиғиб беришга, етарлича миқдорда қоғоз йиғолмаган болаларни эса бунинг ўрнига пул беришга мажбур қилмоқдалар.

Бу ҳақда шу мактаб ўқувчиларидан бири Озодликка айтди:

- Ҳар бир ўқувчига икки килодан макулатура ёки минг сўм пул олиб келиш айтилган. Юқори синф ўқувчиларига макулатурадан ташқари президентнинг иккита асарини олиб бериш талаби қўйилмоқда, - деди исми сир қолишини истаган сурхондарёлик ўқувчи.

Суҳбатдош Ўзбекистон президентининг китобларини макулатура сифатида эмас, балки синф кутубхонасига қўйиш учун олиб келиш тайинланганини айтади.

- Президент китоблари макулатура учун эмас, мактаб учун экан. “Юксак маънавият – енгилмас куч” бор, бошқа китоблар бор, юқори синф ўқувчиларига шу Каримов асарларини бўйнига илиб қўйишяпти, - дейди сурхондарёлик ўқувчи.

Бугун Ўзбекистонда совет даври “доҳийлари”нинг сон-саноқсиз номдаги китоблари қоғоз чиқиндисига айланиб, улар ўрнини Ислом Каримовнинг китоблари эгаллаган.

Ўқувчилар Каримов китоблари ёзма асардан кўра кўпроқ экспонат ҳисобланишини айтишади:

- Улар биз олиб берган Каримов китобларини синфхоналарда ойнани ичига солиб қўйишар экан. Қалин муқоволисидан олиш керак экан, юпқаси бўлмас экан. 35-40 минг сўмликлари бор, шулардан олинглар, дейишяпти. Бу китоблар мактабда қолар экан. Маориф вазирлиги олиб бермайдими, нимага биз олишимиз керак, - дейди сурхондарёлик ўқувчи.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ўқувчиларни қоғоз чиқиндиси йиғишга мажбурлаш болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқловчи мамлакат қонунига зид эканини айтишади:

- Бу ўқувчиларни ўқишдан қолдиради. Қоғоз, темир-терсак йиғиш, йиғолмаса ўрнига пул сўраш бу давлат томонидан амалга оширилаётган товламачиликнинг бир кўриниши бўлиб қоляпти, - дейди Тошкентдаги Мустақил Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Сурхондарёдаги айрим мактаб директорлари макулатура йиғиш топшириғининг ҳокимиятдан келганини, ҳокимиятидагилар эса Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидан шундай буйруқ берилганини айтишди.

Лекин улар, ўқувчиларга мактаб учун Ўзбекистон президенти китобини сотиб олиб беришга буйруқ қаердан бўлганини изоҳлашмади.

- Юртбошимизнинг асарларини сотиб олиш учун фақат битирувчи синф ўқувчиларидан пул йиғиш сўраляпти холос. Кичкина синфдагилар олиб ўқишсин шуни деб, шу ишларни қиляпмиз. Уларни ҳеч ким китобни олиб беришга мажбурлаётгани йўқ, ихтиёрий бу, - деди Термиз туманидаги мактаблардан бирининг раҳбари.

Ўзбекистонни чорак асрдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримов китоблари сони бўйича СССРга 18 йил раҳбарлик қилган, “ҳассос ижодкор” сифатида танилган совет раҳбари Леонид Брежневдан ҳам ўзиб кетган.

Л.Брежневнинг ўша йиллари ҳам, кейин ҳам ўқилмаган “Кичик ер”, “Қўриқ” каби китоблари эса бугун Ўзбекистонда қоғоз чиқиндисига айланган.

XS
SM
MD
LG