Линклар

logo-print

Ўзбек ҳокимияти (калейдоскопи) да эски мулозимларнинг янги юзлари кўрина бошлади

  • Сарвар Усмон

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ҳукумат раҳбарларининг навбатдаги мажлисига Ўзбекистон делегациясини Бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимов бошқариб боради.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, 2-3 ноябрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтадиган бош вазирлар кенгашида 10 га яқин ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев Қирғизистон пойтахтида бўлиб ўтадиган учрашувга ўзи бормай, ўринбосарини жўнатаётгани Ислом Каримовдан кейин кузатилаётган ва тобора тенденция кўринишини касб этаётган янгиликдир.

Янгиликки, мамлакат раҳбарияти тамсил қилинадиган иккитомонлама ва халқаро учрашувларда илгари доим сояда юрадиган мулозимлар делегация раҳбари даражасида иштирок этмоқда.

Ислом Каримов даврида давлат амалдори, у хоҳ вазир бўлсин, хоҳ ҳоким бўлсин, табиий газга ўхшар эди: у қаердадир бору лекин овози эшитилмасди, сурати кўринмасди, яъни “ҳидсиз ва рангсиз” эди.

Баъзи-баъзида у ёки бу давлат амалдорининг сурати кўриниб (вақтинча “экспорт” бўлганида) , овози эшитилиб (“сассиғи” тасодифан ижтимоий тармоқларга чиқиб кетиб қолганда) қолиши ҳам яна ўша табиий газни - хавфсизликни таъминлаш учун одарант қўшилган газни эслатар эди.

Ҳиссиз-ҳавассизликда эса, “ҳидсиз ва рангсиз” ўзбек мулозими собиқ совет бонзаларини-да чангда қолдириб кетган. Ислом Каримов иштирокида ўтган мажлислар ёки парламент залидан олинган суратларда бирон-бир мулозимнинг юзида табассум изи мавжудлиги сезилган эмас.

- Каримов даврида бирорта газетада ёки телевидениеда бирон-бир раҳбарнинг исмига кўзингиз тушмас эди.

Айнан мана шу ҳолат ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон парламенти экс-аъзоси, АҚШда яшайдиган сиёсий муҳожир, журналист Жаҳонгир Муҳаммад, жумладан, бундай деди:

- Каримов даврида бирорта газетада ёки телевидениеда бирон-бир раҳбарнинг исмига кўзингиз тушмас эди.

Ўзбек мулозими тўғрисида сўнгги 25 йил ичида шаклланган мана шу тасаввурни Қирғизистонга Ўзбекистон делегациясини бошлаб борган бош вазир ўринбосари Адҳам Икромовнинг ресторанда рақсга тушгани чил-парчин қилди.

Омма кўз ўнги ва телекамералар объективлари олдида рақсга тушиш ҳуқуқини марҳум Президент фақат ўзиники қилиб олган ва шу сабабли вазир ёки ҳокимнинг хиромига ожиз банданинг кўзи тушган эмас.

Ушбу сатрлар муаллифининг бундан 10 йил муқаддам – 2006 нинг Наврўзида Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида ўша пайтдаги элчи Абдулазиз Комиловнинг рақсга тушганига гувоҳ бўлгани ҳисоб эмас. Ҳар ҳолда у рақс хос даврадаги хос рақс эдики, жамоатчилик, боз устига, Ўзбекистон жамоатчилиги ундан бехабар қолган.

Эндиликда Адҳам Икромовга ҳам, Абдулазиз Комиловга ҳам нафақат кўпчилик олдида рақсга тушиш, балки Ўзбекистон Республикаси номидан баёнотлар қилиш ваколати берилгани кўриниб қолди.

Бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов 26 октябрь куни Ўшда қилган чиқиши чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги “чегараларнинг очилиши масаласи ҳам яқин ойларда ҳал бўлиб қолади”, деб баёнот бердики, бундай гапни айтиш ҳуқуқи илгари мутлақ Каримовники эди.

30 сентябрда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашуви чоғида икки давлат ўртасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва дўстона алоқаларни тобора кенгайтириш йўлларини муҳокама қилди. Агар Тошкент-Душанбе алоқаларидаги ҳароратнинг кейинги йилларда кескин тушиб кетгани ҳисобга олинса, бундай муҳокама ҳам мутлақ Ўзбекистоннинг шу кундаги биринчи раҳбари – Шавкат Мирзиёвнинг ваколатлари доирасидаги ишдир.

2 ноябрда эса, ШҲТнинг Бишкекда бўладиган ва форматига кўра, Шавкат Мирзиёев иштирок этиши керак бўлган учрашувга унинг ўринбосари Рустам Азимов борди.

Абдулазиз Комилов, Адҳам Икромов ва Рустам Азимовларга мамлакатдан ташқарида Ўзбекистон номидан гапиришга Шавкат Мирзиёевнинг ваколат бериши кўпчилик кўз ўнгида кечмоқда.

-Ҳокимият учун қаттиқ кураш кетмоқда. Каримовнинг одамлари орасида таҳлика борлиги айтилмоқда.

Масаланинг эҳтимолий яширин қисми ҳақида эса, Ўзбекистон парламенти экс-аъзоси Жаҳонгир Муҳаммад мамлакат ҳокомиятидаги ўз манбаларига таяниб,Тошкентдаги шу кунлардаги вазият тўғрисида Озодликка бундай деди:

- ҳокимият учун қаттиқ кураш кетмоқда. Каримовнинг одамлари орасида таҳлика борлиги айтилмоқда. Уларнинг баъзилари Каримовнинг номини улуғлаш орқали ҳокимиятдаги умрини узайтиришни ўйламоқда, баъзилари эса, қўшни Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатлар илиқлашаётганига қарши чиқмоқда.

Бу гапни айтар экан, Жаҳонгир Муҳаммад фикрига далил сифатида sharh.uz сайтида 31 октябрь куни эълон қилинган мана бу мақолани тилга олди.

Мана шундай шароитда Жаҳонгир Муҳаммаднинг фикрича:

- Мирзиёев сайлов олдида мамлакатни ўз қўлида ушлаб туриш мақсадида ташқарига чиқишни истамаяпти.

- Мирзиёев сайлов олдида мамлакатни ўз қўлида ушлаб туриш мақсадида ташқарига чиқишни истамаяпти.

Шу ўринда бошқа бир фикрни ҳам келтирмоқчимиз. Яқинда Рейтер ахборот агентлиги мухбири Ўзбекистон ҳокимиятидаги ўз манбаларига таяниб, мамлакатда ҳокимият триумвирати шаклланаётгани ва бу уч бутоқли ҳокимиятнинг бир бутоғида Шавкат Мирзиёев, иккинчисида МХХ раиси Рустам Иноятов, учинчи бутоқда эса, Рустам Азимов бўлажаги ҳақида ёзди. ​

Айни пайтда, Жаҳонгир Муҳаммаднинг кузатишича, мамлакатни Шавкат Мирзиёев бошқараётган шу кунларда давлат мулозимларининг юз-кўзи жамоатчиликка кўрина бошлаганини тан олмаслик мумкин эмас:

- Кейинги кунларда мен бир нарсага эътибор бераяпман: газеталарда, ҳукуматнинг веб-саҳифаларида сарлавҳаларга катта-кичик раҳбарларнинг исмлари ва уларнинг айтганлари чиқарилмоқда.

Бир ойдан сўнг ўтказиладиган Ўзбекистон президенти сайловида Шавкат Мирзиёевнинг ғалаба қилиш эҳтимоли жуда катта эканлигини айтиш учун сиёсатшунос бўлиш шарт эмас.

Бас, агар, Мирзиёев президент бўлиб қолса, давлат мулозимининг "омма кўзидаги шахс" бўлиши учун бугун қилаётган ҳаракатларини давом эттирадими? Ёки бугунги ҳаракатлар, шунчаки, сайловолди “ҳаракатларими”?

- Давом эттириши мумкин, лекин муайян бир нуқтагача. Бошланиш даврида бугунгига ўхшаш эркинликлар беради. Лекин ҳокимияти мустаҳкамланиб борган сари, ўзбекча айтар бўлсак, “кўзини ёғ босади”. Шунинг учун ҳам чинакам демократияларда президентлик муддати 4 ёки 5 йил билан чеклаб қўйилган. Шунга амал қилмас экан, шу пайтгача қаттиқ қўл раҳбар сифатида танилган Мирзиёев ҳам золимга айланиши муқаррар, деди Жаҳонгир Муҳаммад.

P.S.

Сарлавҳага “калейдоскоп” сўзини қўшмаслик, менимча, анойилик бўлур эди. Чунки ўзбек ҳокимиятида эски раҳбарларнинг янги юзлари кўрина бошлагани, ҳозирча, бор-йўғи, ўша калейдоскопни эслатаяпти, холос: қувурчани айлантираркансиз, унинг ичига ўрнатилган учбурчак кўзгуда бир неча доимий рангли тош турли шаклларга кириб кўзингизни қувнатади. Калейдоскоп ичида аслида нима бўлаётганини эса, кўролмайсиз: унинг бошқа томонига ялтироқ қоғоз ёпиштирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG