Линклар

Россия пойтахтининг Якиманка туманидаги Ўзбекистон консуллиги яқинида жойлашган кичик хиёбонга Ислом Каримов номи берилди. Бу ҳақдаги қарор, президент Владимир Путин топшириғи асосида Москва шаҳар ҳукумати мажлисида қабул қилинди.

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов хиëбони Москванинг Якиманка туманидаги Большая Полянка кўчасининг 39-уй ва Казачье 1-тор кўчасидаги 13-уй оралиғида жойлашган.

Монументал санъат бўйича Москва шаҳар коммиссияси раиси Игорь Воскресенский Москвада Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш бўйича талабнома тушганини маълум қилди.

Игорь Воскресенскийнинг айтишича, ушбу талабнома мавзуси жорий йил декабр ойида кўриб чиқилади.

Ўз навбатда Ўзбекистон ҳукуматига яқин "Узметроном" веб-сайти ўз манбасига таяниб, Москвада Ислом Каримовга қўйиладиган ҳайкалнинг тантанали очилиш маросими 30 январ, Каримовнинг туғилган кунига мўлжалланаётганини хабар қилди.

Лекин Москва ҳукумати бу хабарни ҳозирча тасдиқламади.

Москва шаҳар ҳокимлиги расмий сайтига кўра, Ислом Каримов номини абадийлаштиришга оид таклиф “ Россия ва Ўзбекистон фан, сиёсат ва санъат арбоблари” томонидан илгари сурилган.

Таклиф муаллифларига оид маълумот ҳозирча очиқланмади.

Айтиш жоиз, Россияда Ўзбекистонга боғлиқ ягона ҳайкал - улуғ шоир Ҳазрат Навоийга 2002 йилда Москванинг Серпухов метроси яқинида ўрнатилган.

Озодлик Ислом Каримов номи берилган хиёбон яқинида оддий россияликлар фикрлари билан қизиқди ва улар муносабати ҳақида сўради.

Катта ёшдаги россияликлар, Москва марказидаги хиёбонга Ислом Каримов номи берилишини қўллаб-қувватлашларини айтишди.

Бироқ аксар ёшлар Ислом Каримовнинг Ўзбекистон учун хизмати юқори бўлган бўлиши мумкинлиги, аммо Россия учун унчалик аҳамиятли эмасдеган фикр билдиришди.

Бундан бир ойча олдинРоссиянинг Петербург шаҳрида “Миллий қўмита +60” ҳаракати фаоллари Шуҳрат ҳиёбонидан ўтувчи номсиз кўприкка Ислом Каримов номи берилишини таклиф қилди.

Петербург фаоллари фикрича, Иккинчи Жаҳон уришида 872 кун фашистлар қамалида бўлган Ленинград мудофаасида кўплаб ўзбеклар иштирок этган, кўпчилик ленинградликлар эса уруш пайтида Ўзбекистонга эвакуация қилинган.

Олдинроқ президент Ислом Каримов жанозасида қатнашган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ўз мамлакатида қатор майдонлар ва ҳиёбонларга Ислом Каримов номи берилишини айтганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG