Линклар

Шошилинч хабар
19 март 2024, Тошкент вақти: 13:32

Наманганда мусодара қилинган моллар арзон-гаровга сотиб юборилди


Наманган шаҳри ва туманларида конфискация қилинган моллар ярмаркаси ўтказилди. Вилоят Суд департаменти ташаббуси билан ўтказилган ярмаркада давлат ҳисобига мусодара қилинган автотранспорт воситаларидан тортиб қурилиш моллари, барча ёшдаги аёллар ва эркаклар кийимлари ҳамда рўзғор буюмлари арзон нархларда сотувга қўйилди.

Наманган вилояти Суд департаменти мулозимининг Озодликка айтишича, 21-22 январь кунлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилган ярмаркада мусодара этилган моллар ўз нархидан 50-70 фоиз арзон нархда сотилган ва икки кунлик савдодан тушум 1 миллиард сўмдан кўпроқни ташкил этган:

- Ярмаркада суднинг қарори асосида давлат ҳисобига мусодара этилган моллар сотувга қўйилди. Машина, уяли телефонлар, кийим-бош, уй-рўзғор моллари ўз нархидан 70 фоизгача арзон қилиб сотилди. Булар¸ асосан¸ Ўзбекистонга ноқонуний йўллар орқали олиб кирилаётганда ёки текширувлар пайти конфискация қилинган ва суд қарори билан давлат ҳисобига мусодара этилган моллар. Шунинг учун сотувдан тушган пулнинг ҳаммаси давлат бюджети ҳисобига ўтказилади, - деди Наманган вилояти Суд департаменти мулозими.

Мулозимнинг айтишича, ярмаркага қўйилган моллар нархини Суд департаментидаги махсус комиссия белгилаган.

Айрим моллар шу комиссия ташкил этган кимошди савдоларида ҳам сотилмоқда:

-Суд департаментида махсус комиссия бор. Конфискация қилинган моллар савдосини шу комиссия ташкил этади ва савдодан келадиган тушумнинг ҳаммасини давлат бюджетига тушишини шу комиссия назорат қилади, - деди Наманган Суд департаменти мулозими.

Наманганлик Зоҳидхоннинг Озодликка айтишича, ярмаркада 10 минг долларлик “Нексия” машинаси 5200 долларга сотилган:

-“Ласетти”, “Нексия”, “Дамас” машиналарини ярим нарxида сотишди. Уяли телефонлар жуда кўп сотилди. Кўз олдимда 2012 йилда чиққан 10 минг долларлик “Нексия” машинасини 5200 долларга сотиб олишди, - дейди Зоҳидхон.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Суд қарорларини ижро этиш департаменти эндиликда мусодара этилган моллар ярмаркасини бошқа вилоятларда ҳам ташкиллаштиришни режаламоқда:

- Вазирлар Махкамасининг 200-сонли қарори бор. Шу қарор асосида бу ярмаркалар ўтказилаяпти. Навбатдагиси 28-29 январь кунлари бўлиб ўтади, - деди суд қарорларини ижро этувчи департамент мулозими.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси маълумотига кўра, мамлакатда ўтган йили 4000 та режадан ташқари текширув ўтказилган, улар натижасида тадбиркорлар 1,5 млрд сўм миқдорида жаримага тортилиб, уларнинг 4,4 млрд сўмлик товарлари мусодара қилинган, 1500 дан зиёд материал судларга тақдим этилган.

XS
SM
MD
LG