Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:50

Тошкентда “Вкусный хлеб” дўкони эшикларига қулф солинди


Ўзининг нон маҳсулотлари билан тошкентликлар меҳрини қозонган “Вкусный хлеб” ширкати дўконлари эшикларига 27 июл куни қулф солинди.

Ўзбекистон ҳукуматида яқин манбааларига эга Uzmetronom.com сайти хабарига кўра, бир кун олдин Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Германия сармоясига ташкил этилган корхонада огоҳлантирувсиз текширув ўтказган, ширкат раҳбариятининг Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги битимлар ҳурмат қилиниши кераклиги борасидаги талабларига қарамай, ташриф буюрувчилар мамлакатда ким хўжайин эканини кўрсатишга уриниб, ҳеч қандай асос ва ҳужжатларсиз корхона эшикларини муҳрлашган.

“Вкусный хлеб” ширкати тижорий директори Верноника Пак “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ширкат дўконлари эрталабдан ёпиқ экани ва заводдан маҳсулот чиқмаётганини тасдиқлади, лекин бунинг сабаблари ҳақида ҳозирча ширкат раҳбарияти маълумот бера олмаслигини айтди.

“Маҳсулот чиқмаяпти, дўконлар ёпиқ. Буни сабаблари тўлиқ ўрганилмагунича раҳбариятимиз бу борада расмий изоҳ беролмайди”, - деди Вероника Пак.

Ҳозир новвойлик корхонасига газ ҳам берилмаяпти. Газ бериш тўхтитилгани сабабдан “Вкусный хлеб” аввал ҳам бир муддат тўсқинликка учраган.

“Иккинчи марта газ бериш тўхтатиляпти.Ўтган сафар биз Вазирлар Маҳкамасига бу ҳақда ёзган эдик. Ҳозир биз президентни ўзига ва Германиянинг мамлакатимиздаги элчисига бу ҳақда ёзяпмиз”, - дейди Пак.

2007 йилда Янгийўл туманининг Ҳалқаобод шаҳарчасида Германиянинг “Steinert Industries GmbH&Co.KG” ширкати юз фоизлик сармоясига ташкил этилган “Вкусный хлеб” корхонаси юздан зиёд одамни иш билан таъминлаб келмоқда. Ширкат Тошкент шаҳрида 17та дўконига эга. Корхона кунига 5-6 мингта нон махсулоти ишлаб чиқаради.

“Бизни ўзимиз магазинлар ёпиқлиги ва нон ёпиш тўхтагани ҳақда бугун эрталаб билдик. Сабаби новвойхонамиз Янгийўлда, дўконларимиз эса Тошкентда. Лекин бу дўконлар бизга тегишли эмас, уларни эгалари бошқалар. Биз уларга махсулотларимизни етказамиз ва савдо маркамиздан фойдаланиш ҳамда уларни сотиш ҳуқуқини берамиз”, - дейди Вероника Пак.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг турли жойларидаги савдо шаҳобчаларига “қора ниқобли” шахсларнинг рейдлари кўп кузтилмоқда. Яқинда Урганч шаҳрининг марказий универмагида, удан олдин Тошкентдаги "Туркуаз" ширкатига қарашли дўконларни “қора ниқобли”лар босган эди.

“Шаҳарда вазиятни кўриб турибсизку, кўп ширкатларни ёпишяпти. Кимнидир ёпишса ҳамма энди очишмаса керак, деб ўйлайдиган бўлиб қолган. Танишим телефон қиляпти, нима бўлди, ширкатларингда “Маски шоу” қилишибди-ку, деяпти. Кўряпсизку шаҳарда нима бўляпти”, - дейди Вероника Пак.

“Steinert Industries GmbH&Co.KG” ширкатидагилар эса “Вкусный хлеб” дўконлари ёпилгани ҳақда хабари йўқ эканликларини айтишди.

“Steinert Industries GmbH&Co.KG” Ўзбекистонда новвойлик корхонасидан ташқари шишани қайта ишлаш ва ғишт заводларини ҳам очган, уларнинг фаолияти ҳозирча давом этяпти.
XS
SM
MD
LG