Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:35

Андижонда яна бозор ёнди


Андижонда шу йил 6 январда ёниб кетган Наврўз савдо мажмуи. Суратни Озодликнинг мобил мухбири йўллаган.
Андижонда шу йил 6 январда ёниб кетган Наврўз савдо мажмуи. Суратни Озодликнинг мобил мухбири йўллаган.

Бу гал Жаҳон бозори, деб аталадиган савдо мажмуининг оёқ кийимлари сотиладиган қисмидаги қирққа яқин дўкон ёниб кетган.


Ёнғин Андижоннинг халқ орасида "ДСК" (Домостроительный комбинат), расман "Жаҳон бозори", деб юритиладиган каттагина буюм бозорида 29 феврал куни кечга яқин бошланган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган андижонлик манбалардан йиғилган маълумотларга кўра, ёнғин бир неча соат давом этган.

Ҳозирча ёнғиндан бирор кишига жароҳат етгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Исми сир қолиши билан сўзлаган манбалардан бирига кўра, ёнғин натижасида 8 сотих атрофидаги майдонда жойлашган пойафзал бозори тўлиқ ёниб кетган.

- Бу бозор ўртасидаги бўлим эди. Бир вақтнинг ўзида 100-150 одамга хизмат кўрсатадиган, 8 сотих атрофидаги усти ёпиқ бир майдонда эди. Алоҳида-алоҳида Акфа эшик-ромлардан қилинган дўконлар эди. Кечга яқин ўчиришган, деб айтишди, - дейди Андижоннинг Жаҳон бозорига яқин қисмида истиқомат қиладиган манба.

Унинг сўзларига кўра, ёнғин содир бўлган кезда бозорда деярли ҳеч ким бўлмаган.

Бу бозорда савдо, асосан, ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари бўлади ва норасмий маълумотларга кўра, эртанги савдога тайёргарлик ўлароқ айрим дўкон эгалари бозор ҳудудига борган бўлиши мумкин.

- Шунинг учун Худога шукр ҳеч кимга зарар етмабди. Лекин ҳозир бозорга ҳеч кимни қўйишмаяпти, шунга аниқ маълумотни ҳеч ким билмаяпти, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган андижонлик манба.

Жаҳон бозорининг ёнғин кетган оёқ-кийим сотиладиган қисми сўнгги 10 йилдан буён ишлаётган эди. Унинг усти айвон қилиб ёпилган ва унинг остида енгилгина шаклда қурилган 40 қа яқин дўкон ишлаб турган эди.

Андижонлик манбалар ёнғин сабаблари ҳануз номаълум эканини айтмоқда.

- Биз бордик бозорга, лекин атрофи ўраб олинган. Ҳеч кимни қўйишмаяпти. Шунинг учун сабаблариниям биров аниқ билмайди. Лекин, ўзингиз кўриб турибсизку, яқинда Наврўз ёнди. Атай қилишяпти, деб ўйлаяпти ҳамма. Яна бировнинг қўлига ўтказиш учун, - дейди Озодликка сўзлаган андижонлик манба.

Андижонда оёқ-кийимлар ва уларни тайëрлашда ишлатиладиган маҳсулотлар савдоси билан шуғулланадиган яна бир суҳбатдошимиз ҳам исми сир қолиши шарти билан бу бозорнинг кўчирилиши ҳақида анчадан буён овозалар юрганини айтди.

- Анча бўлувди бу бозор кўчади, дейишаётганига. Кейин битта учар тадбиркор чиқдида, бозорком билан келишиб, бозор ичига дўконлар қурдириб, ижарага тарқатди савдогарларга. Қанча жанжалларни кўрмади бу туфли бозор. Менимча, атай уюштиришган, - дейди овози эфирга берилмаслик шарти билан сўзлаган андижонлик тадбиркор.

Мустақил уч манбадан олинган бу хабар ортидан Озодлик мухбири Андижон шаҳрининг Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг шаҳар бўлими ҳамда шаҳар ҳокимлиги билан ҳам боғланди.

Хусусан, вазирликнинг шаҳар бўлимидаги манба ёнғин содир бўлгани ҳақидаги хабарни инкор қилмади ва қўшимча тафсилотлар ҳақида сўралганида, Озодлик радиосига маълумот беришдан бош тортди.

Шаҳар ҳокимиятидан эса бирор муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Шу йилнинг 6 январига ўтар кечаси Андижон шаҳрининг Эски шаҳар мавзесидаги “Наврўз” савдо мажмуасида ҳам ёнғин чиққан эди.

Озодликнинг Андижондаги мобил мухбири ëнғин пайтида олинган фотосурат ва видеотасвирни тақдим этган эди.

Наврўз савдо мажмуасида ëнғин
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:35 0:00
Бевосита линк


Озодлик ўз манбаларидан олган хабарларга кўра, ўшанда ҳам ёнғин кечаси бошланиб, эрталабгача давом этган эди.

Тўрт қаватдан иборат бўлган бу савдо мажмуасидаги барча кийим-кечак, пойабзал, электротехника ва бошқа халқ истеъмоли молларининг ҳаммаси куйиб кул бўлган.

Ҳозирга қадар бу савдо мажмуидаги ёнғин сабаблари ҳам ошкор қилингани йўқ.

Андижонлик мобил мухбиримизнинг айтишича, шаҳарда ҳар икки ёнғин борасида турли миш-мишлар урчиган.

Хусусан, "Наврўз" савдо мажмуида ёнғин бошланган пайтда тадбиркорлар ўз дўконларидаги буюмларни олиб чиқиш учун ичкарига кирганларида уларнинг айримлари қимматбаҳо буюмларнинг талон-тарож қилиб бўлинганига гувоҳ бўлишган.

"Жаҳон бозори"даги ёнғиннинг ҳам бозор бўлишидан бир кун аввал, янги дўконларга янги моллар киритилиб, эртанги савдога тахт қилинган кезда ўт кетгани ҳамда бозорнинг тўлиқ ёниб кетгани турли шубҳаларга сабаб бўлмоқда.

Ҳар икки ёнғин оқибатида мажмуада фаолият юритган дўкондорлар бир неча миллион долларлик зарар кўргани тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG