Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:15

Carlsberg ҳам Ўзбекистонни тарк этиши мумкин


Даниянинг пиво ишлаб чиқарувчи Carlsberg ширкати Ўзбекистондаги шўъба корхонасига харидор қидирмоқда. Тўлалигича Дания ширкатига қарашли бўлган UzCarlsberg корхонасининг ҳам муаммоларга дуч келгани ҳақидаги хабарлар бир неча ой олдин пайдо бўлган эди.


7 сентябр куни РИА Новости агентлиги Дания ширкатига яқин манбага таяниб, текшир-текширлар боис Carlsberg Groupнинг Ўзбекистондан чиқиб кетаётгани ва ўз бизнесига харидор қидираётганини хабар қилди.

Carlsberg Uzbekistan ширкатнинг вилоятлардаги идораларидан бири ходими бу хабарни қисман тасдиқлади.

- Ҳа, фирма Ўзбекистондан кетаётгани ҳақида бизга ҳам айтишди. Лекин, кечирасиз, бундан ортиқ ҳеч нарса дея олмайман, деди Carlsberg Uzbekistan ходими.

Бироқ Carlsberg Group матбуот хизмати раҳбари Бен Мортон Озодлик билан суҳбатда бу хабарни инкор қилди.

- Биз Ўзбекистондаги бизнесдан воз кечиш ниятидамасмиз. Биласиз, биз вақтинча ишлаб чиқаришни тўхтатганмиз, бу мутлақо хом-ашё етишмаётгани билан боғлиқдир. Биз муаммони иложи борича ҳал этишга ҳаракат қилаяпмиз, деди Carlsberg Group вакили.

Даниядаги Carlsberg Group ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси март ойида вақтинча ишлаб чиқаришни тўхтатган эди. Ундан аввал эса Carlsberg Uzbekistan ширкати ваколатхонасини "қора ниқобли" текширувчилар босгани ва заводнинг Россия фуқароси бўлган раҳбари Евгений Шевченко мамлакатдан қочгани ҳақида хабар пайдо бўлган эди.

Озодлик суриштирувлари давомида Carlsberg Group расмийлари бу хабарларни инкор қилган, корхонанинг вақтинча ишни тўхтатгани ва шўъба раҳбарининг ширкатнинг бошқа мамлакатдаги бўлимга ўтказилганини айтган эди.

"Хом-ашë муаммоси нега ярим йилдан бери ҳал бўлмаяпти?", деган саволимизни жаноб Мортон жавобсиз қолдирди.

Аммо суҳбатдошимиз UzCarlsberg идорасида текширув ўтказилгани ва ўтган йили корхонанинг масъул ходимларидан бири ҳибсга олингани тўғрисидаги хабарни изоҳлашга рози бўлди.

- Ўтган йили ходимларимиздан бири¸ ҳақиқатан¸ ҳибсга олинган эди. Лекин бу тушунмовчилик ҳал этиб бўлинган, у одам озод қилинган ва ширкатимизда бошқа лавозимда ишламоқда, деди Carlsberg вакили, лекин ҳибсга олиниб, кейинчалик озод қилинган ходимнинг исми-шарифини очиқламади.

Carlsberg Uzbekistan корхонаснинг муаммолари пиво ишлаб чиқарувчи Интер-Роҳат корхонаси ўз маҳсулотини Carlsberg брэнди остидаги шишаларга қуйиб сотгани билан ҳам боғлиқ эди.

Carlsberg Group вакили бу ҳолат Ўзбекистондек мамлакат учун ғайриоддий эмаслиги ва ширкатнинг мамлакатни тарк этишига сабаб бўла олмаслигини таъкидлади.

- Рақобатчи ширкат бизнинг шиша ва ёрлиқларимизни ишлатгани билан боғлиқ масалага келсак, айниқса¸ мазкур минтақада қайта ишлатиладиган шишалар бошқа ширкатлар қўлига тушиб қолиши¸ менимча¸ оддий ҳолатдир. Баъзан рақобатчилар сизнинг ёрлиғингиз туширилган шишани ишлатиб қўйиши мумкин. Менимча, бу ғайриоддий ҳолат эмас, деди Carlsberg Group матбуот хизмати раҳбари Бен Мортон.

Дунёдаги етакчи пиво ширкатларидан бири бўлган Carlsberg Group дунёнинг ўнлаб мамлакатида 300 дан ортиқ турдаги пиво маҳсулотини ишлаб чиқаради.

Ўзбекистонда 2007 йилдан бери фаолият юритган Carlsberg Uzbekistan “Сарбаст” брэнди остида бир неча турдаги пиво ва бошқа салқин ичимликлар ишлаб чиқарган. Ўзбекистондаги корхонага данияликлар 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя ётқизган.

Carlsberg Uzbekistan ёпилаётгани рост бўлиб чиқса, Дания ширкати Ўзбекистонни тарк этаётган йирик хорижий сармоядорнинг навбатдагиси бўлади.

Июл ойида Тошкент ҳукумати Россиянинг МТС ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбаси “Ўздунробита” мобил алоқа операторини лицензиядан маҳрум қилди ва МТС 1 миллиард доллардан ошиқ зарар билан¸ Ўзбекистон бозоридан чиқарилди.

Ундан аввал Британиянинг Oxus Gold, Исроилнинг Metal-Tech, АҚШнинг Newmont Mining, Россиянинг Wimm-Bill-Dann ва кўплаб бошқа ширкатлар ҳам Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:04 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG