Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:11

Олмалиқдаги кимё заводида 500 тонна сульфат кислотаси тўкилиб кетди


Ўзбекистоннинг энг йирик кимё заводларидан бирида фавқулодда ҳодиса рўй берди. Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган “Аммофос-Максам” корхонасида 21 февраль куни рўй берган ҳодисада 500 тонна сульфат кислотаси тўкилди. Қарийб икки ҳафта аввал рўй берган ҳодиса тафсилотларини корхонадаги Озодлик манбаси гапириб берди.



Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган “Аммофос-Максам” корхонасида 21 февраль куни рўй берган ҳодисада кимё заводи омборларидан биридаги катта идишнинг шикастланиши натижасида 500 тонна сульфат кислотаси сизиб чиқиб, қарийб 1 гетар майдонга тўкилганини корхонанинг масъул ходимларидан бири Озодликка гапириб берди.

“Воқеа 21 февраль куни эрталаб рўй берди. Тўкилган кислота миқдори тахминан 500 тонна деб хулоса қилинди. Сульфат кислотаси ва бошқа кимёвий моддалар сақланадиган жой атрофидаги 0,88 гетар майдонга тўкилди. Кислота омбор атрофидаги ерга тушиб, бир нечта канализация қудуқлари орқали сувоқова сувига тушди. Бу ердан тахминан икки километр радиусда аҳоли пунктлари бўлмагани туфайли маҳаллий аҳолига зарар етмаган”, деди шахсини очиқламаётганимиз манба.

Унинг яна айтишича, кислота фақатгина канализация сувларига тушган ва ичимлик суви ҳавзаларига зарар етмаган.

Бу каби ҳодисалар Ўзбекистон матбуоти тарафидан ёритилмаслиги боис, Ўзбекистоннинг энг йирик кимё заводларидан бири ҳисобланган “Аммофос-Максам” корхонасидаги авария тўғрисида орадан қарийб икки ҳафта ўтиб маълум бўлди.

Корхона масъул ходимининг Озодликка айтишича, аварияда корхона ходимлари ёки бошқаларга ҳеч қандай зарар етмаган.

“Тўкилган сульфат кислотаси оҳак билан нейтраллаштирилиб, деярли ҳаммаси йиғиштириб олинди. Ҳозирда авария рўй берган омбор ҳудуди тўла тозаланди ва шикастланган идиш тўлалигича демонтаж қилинди”, дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, бу ҳодисага сульфат кислотаси сақланадиган идиш авария ҳолатига келгани сабаб бўлган.

“Саноатгеотехназорат томонидан тузилган комиссия хулосасига кўра, сульфат кислотаси сақланган идиш тагидаги бетон фундаментлардан бирининг чўкиши оқибатида, катта цистерна чайқалиб, деворида ёриқ пайдо бўлган”, деди “Аммофос-Максам” корхонасининг масъул ходими Озодлик билан суҳбатда.

Авариядан қанча иқтисодий зарар кўрилгани тўғрисида суҳбатдошимиз аниқ маълумотларни бера олмади.

“Ўзкимёсаноат” давлат ҳиссадорлик ширкати таркибига кирувчи “Аммофос-Максам” корхонаси Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади. 1969 йилда ишга туширилган кимё заводида 3 мингга яқин одам ишлайди. Корхона йилига 500 минг тонна сульфат кислотаси, 220 минг тонна фосфор кислотаси ва бошқа кимёвий моддалар ишлаб чиқаради.

2009 йилда мазкур корхона акцияларининг 49 фоизи Испаниянинг “Maxam Corp, S.A.U” ширкати томонидан сотиб олинган. Заводнинг 51 фоиз улуши Ўзбекистонга қарашли.
XS
SM
MD
LG